08:20 / 18.09.2022
37162

Самарқандда катта саммит, тожик-қирғиз чегарасида жиддий низо, кинофестивалда ишкал — ҳафта дайжести

​​​​​​​ШҲТнинг шов-шувли саммити: қисқасини айтганда, нималар бўлди? Саммит пайтида аланга олган тожик-қирғиз чегараси: бунга Хитой коридори сабабми? Қурилиш соҳасида катта янгилик: навбатдаги лобби? Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа мавзулари – Kun.uz дайжестида.

ШҲТ саммити: Юзма-юз учрашувлар, блокдан холи мақом ва транспорт йўлаклари

Пайшанба-жума кунлари Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг узоқ ва катта тайёргарлик кўрилган Самарқанд саммити бўлиб ўтди. Саммитда Марказий Осиёнинг бешта мамлакатидан ташқари, Мўғулистон, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Туркия, Озарбойжон, Россия ва Беларус раҳбарлари иштирок этди. Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбойжон билан қуролли низо сабабли бир кун қолганда Самарқандга ташрифини бекор қилди.

Саммит доирасида 44 та ҳужжат имзоланди. Улар орасидан амалий аҳамиятга эга энг муҳимларидан бири – Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилишини бошлаш ҳақида имзоланган уч томонлама битим. Бу лойиҳа салкам 20 йилдан бери муҳокама қилиб келинаётган эди.

Келишувга кўра, темирйўлнинг Қирғизистон ҳудудидан ўтган қисми Тўруғарт – Арпа – Мақмал – Жалолобод йўналишида бўлади ва поездлар Жалолободдан Андижонга кириб келади. Учта давлат лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини 2023 йил 1 июлигача ишлаб чиқишга келишиб олди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашувда Трансафғон темирйўли қурилишини тезлаштириш кераклигини ҳам таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бу маршрутнинг биринчи қисми – Термиздан Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳригача бўлган қисмига темирйўл ётқизиш ишларини 2010 йилдаёқ якунлаб бўлган. Энди Мозори-Шарифдан Кобулга, Кобулдан эса Покистоннинг Пешовар шаҳригача темирйўл қурилиши керак. Бир неча ой олдин Ўзбекистон томони қурилишни 2027 йилгача якунлаш режасини тақдим этганди.

Саммит кунлари Ўзбекистон расмийлари Хитой, Россия ва Эрон билан алоҳида учрашувлар ўтказиб, ўнлаб ҳужжатларни имзолади. Хитой раиси Си Жинпингнинг сафари давлат ташрифи мақомида бўлди ва икки давлат ўртасида 15 млрд долларлик келишувларга эришилди. Шавкат Мирзиёев Си Жинпингни “Олий даражадаги дўстлик” ордени билан мукофотлади. Россия делегацияси билан имзоланган битимлар қиймати эса 4,6 млрд долларга тенг бўлди. Владимир Путин Шавкат Мирзиёевга Александр Невский орденини топширди. Эрон президентининг Ўзбекистонга 20 йил ичидаги илк ташрифида эса Тошкент ва Теҳрон ўртасида 18 та ҳужжатга имзо чекилди, улар орасида туристлар ва бизнес вакиллари учун виза талабларини соддалаштириш, Ҳинд океанидаги Чобаҳор портидан Ўзбекистонга юк ташишга оид келишувлар алоҳида аҳамиятли.

Тожик-қирғиз чегараси: Саммит пайтидаги шубҳали ҳарбий фаоллашув

Самарқанд саммити Украинадаги урушда сезиларли бурилиш бўлаётган, Озарбойжон–Арманистон низоси яна авж олган, буёқда Тайван масаласи сабаб Хитойнинг Ғарб билан муносабатлари кескинлашган бир вақтга тўғри келгани мезбон Ўзбекистонга катта масъулият юклади. Боз устига, айни шу саммитда ШҲТ сафига санкциялар остидаги Эрон ва Беларуснинг ҳам қўшилиши расман аниқ бўлди. Шундай шароитда Ўзбекистон ўз манфаатларидан келиб чиқиб, бу саммитнинг Ғарбга қарши қаратилмаганига кўп бора урғу берди. Шавкат Мирзиёев ҳафта бошидаги мақоласида ҳам, саммитдаги нутқида ҳам ШҲТнинг блокка айланмаслиги кераклигини таъкидлади. Саммитнинг якуний ҳужжати – Самарқанд декларациясида ҳам бу ташкилот ҳеч қайси учинчи томонга қарши қаратилмагани ҳақида алоҳида ёзиб қўйилди.

Мазкур чақириқлар беиз кетмади дейиш мумкин. Саммитнинг Ғарб билан зиддиятли муносабатдаги иштирокчилари томонидан Ғарбга қарши қаратилган очиқ баёнотлар деярли кўзга ташланмади. Шундай бўлса-да, сиёсий анжуман ШҲТ имижини савол остига қўядиган ҳолатларсиз кечмади. Жума куни ташкилот аъзолари бир даврада ўтириб, глобал хавфсизлик ва ҳамкорликни урғулаётган бир вақтда, ташкилотга аъзо икки давлат чегарасида қуролли тўқнашув рўй берди.

Фото: 24.kg

Қирғизистоннинг Боткен вилоятида Тожикистон чегарачилари билан отишмалар саммитдан олдинги кунларда ҳам рўй бериб турган эди, лекин бевосита анжуманнинг асосий йиғилиши давомида аввалгиларидан кўра жиддийроқ ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилди. Қирғизистон томони Тожикистонни чегарадаги бир нечта қишлоқларни эгаллаб олишга уринишда, Тожикистон эса Қирғизистон чегарачиларини провокация уюштиришда айблади. Қирғизистон чегарачиларига кўра, бу сафар қўшни мамлакат ҳарбийлари оғир артиллерия, хусусан бирваракайига ўт очиш тизимларидан ҳам фойдаланган. Натижада Қирғизистон томонидан 24 киши ҳалок бўлиб, 87 киши жабрлангани маълум қилинди. Расмий Бишкек, шунингдек, 136 мингдан ортиқ фуқаросини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилган.

Томонлар кун давомида бир неча марта ўт очишни тўхтатишга келишиб олган, саммитнинг катта йиғилишидан кейин Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон ҳам ана шундай келишувга эришган бўлса-да, бу келишувлардан кейин ҳам чегарадаги вазият буткул барқарорлашгани йўқ. Умуман, Жапаров ва Раҳмоннинг бундай учрашув ўтказишига тўғри келганининг ўзи жуда ғалати. Сўз эркинлиги нисбатан кенгроқ Қирғизистонда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Душанбенинг Москва билан ҳарбий алоқалари Бишкекникидан кўра қалинроқлиги, Тожикистонда рус ҳарбий базаси борлигини ёзмоқда.

Яна айримларнинг тахминича, биз юқорида айтиб ўтган Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилиши бўйича имзоланган битим айрим геосиёсий кучларга ёқмаяпти.

Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилишида Россия фактори борлигини кўплаб экспертлар айтиб келади. Уларнинг фикрича, Қирғизистон савдо ва транспорт масалаларида шимолий йўналишга қарамликдан қутулиб, ўзи учун янги коридор очишига Россия қаршилик қилиб келган. Ҳозирда Хитой товарлари Қирғизистон ва Ўзбекистонга Россия орқали кириб келаётганини инобатга олсак, табиийки, бу транзит даромадини йўқотишдан Москва манфаатдор эмас. Ва яна айтиш керакки, бу темирйўл қурилишининг Ўзбекистондан ҳам кўра Қирғизистон учун аҳамияти каттароқ. Ўзбекистон минтақа марказида жойлашган ва бирмунча кўпроқ транспорт коридорларига эга. Шу сабабли ҳам, Хитой билан тўғридан тўғри савдо алоқасига эга бўлишни айнан қирғизлар кўпроқ хоҳлаяпти дейиш мумкин.

Бу темирйўлнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у ишга тушса, Хитой ва Европа ўртасида Россияни айланиб ўтадиган янги транзит йўналиши пайдо бўлади. Бу эса Хитой ва Европа ўртасидаги савдо алоқаларида транзитдан келадиган даромаднинг катта қисми Россияддан Марказий Осиё давлатларига кўчишини англатади.

Темирйўл қурилишида Россия фактори борлигини Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам тасдиқлаган. У шу йил май ойида Кремлда бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитида Путин билан шу масалада гаплашганди.

“Бу йўл бизга сув ва ҳаводек кераклигини ҳозиргача ҳеч ким Россия томонига тушунтириб беролмаган. КХШТ саммитида мен Владимир Владимирович билан шу мавзуда 1,5 соат гаплашдим. Охирида у тушунди ва: “Қаршилигимиз йўқ, сизларга керак бўлса, қураверинглар”, деган позициясини айтди”, – деганди Садир Жапаров Москвадан қайтиб келганидан кейин берган интервюсида. Ўшанда унинг бу гаплари қирғиз жамоатчилигида: “Биз суверен давлат бўлсак, нега Путиндан сўраб иш қилишимиз керак?” деган саволни уйғотганди.

Албатта, Самарқанддаги саммит пайти тожик-қирғиз чегарасида рўй берган ҳарбий тўқнашувларга Хитойни Марказий Осиё ва Ғарб билан боғловчи янги коридордан манфаатдор бўлмаган кучларнинг алоқадорлиги, улар бу орқали қирғизларни қандайдир оқибатлардан огоҳлантирган бўлиши мумкинлиги – тахмин холос. Лекин таъкидлашни истардикки, тожик-қирғиз чегараси тўлиқ делимитация қилиниб, зиддиятлар барҳам топишини ҳамма ҳам хоҳламаслиги ҳақида бундан аввал ҳам кўп марта гапирилган.

Масаланинг яна бир жиҳати бор, яъни Қирғизистон ва Ўзбекистонга темирйўл қуриш лойиҳасига нисбатан Хитойнинг муносабати. Си Жинпинг 2019 йилда Қирғизистонга давлат ташрифи билан борганида бу темирйўл масаласи очиқ қолиб кетган эди. Ўтган уч йилда эҳтимол АҚШ билан савдо урушининг келиб чиққани Хитойнинг Марказий Осиё бозорига тезроқ ва кўпроқ кириб бориш қарорига туртки берган бўлиши мумкин.

Қўшимча қилиб ўтамиз, Хитой раиси Си Жинпинг шу ҳафта Самарқандга келишидан олдин Қозоғистонга ҳам давлат ташрифини амалга оширди. Ташриф давомида Си Хитой Қозоғистоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъиян қўллаб-қувватлашини айтиб баёнот берди. Расмий Пекин бу позициясини очиқ эълон қилгани Қозоғистон учун қанчалик аҳамиятли эканини шарҳлаб ўтиришга ҳожат йўқ албатта.

Си Жинпинг ўз баёнотида Тўқаевнинг ислоҳотларини ҳам қўллашини айтди. Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда президентлик муддати фақат 1 марта сайланиш шарти билан 7 йил этиб белгиланяпти. Конституциядаги бу қоида ўзгартириб бўлмайдиган қоидалар қаторига киритилади. Бундан ташқари, пойтахт Нур-Султонга Остона номи қайтариладиган бўлди. Тегишли қонун лойиҳаси шу ҳафта Қозоғистон парламентида маъқулланди.

Кинофестивалдаги можаро

Фото: Тошкент халқаро кинофестивали

ШҲТ саммити тинч якунланди. Бироқ саммит кунлари бўлиб ўтган “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивалида жиддий можаро чиқди. Фестивалнинг Турк киноси кунларидаги энг асосий тадбирда келиб чиққан ишкалга машҳур актёр Бурак Ўзчивит ва актриса Нургул Яшилчой сабаб бўлгани айтиляпти.

Тадбир дастурига кўра, Туркиядан таклиф қилинган 11 киноижодкор саҳнага чиқиши, бошловчи ва мухлислар саволларига жавоб бериши керак эди. Томошабинларнинг кўпи, турган гапки, улар орасидан айнан Ўзчивит ва Яшилчойни кўриш учун келган. Лекин бу икки меҳмон икки марта тантанали оҳангда саҳнага чақирилган бўлса ҳам, улар чиқмаган ва алоҳида чиқишларини айтишган.

Бу орада Нургул Яшилчой саҳнага бирровга чиқиб, ҳамкасблари қаторида ўтиришни истамаган, тик турганча унга берилган микрофонни ҳам олмасдан, бошловчининг микрофонида “салом, яхшимисизлар” дейиш билан чекланиб, шу билан саҳна ортига ўтиб кетган. Бошловчи ноилож қолганлар билан суҳбат уюштириб, тадбирни давом эттирган.

Суҳбат якунланиб, 9 ижодкор саҳнани тарк этгач, Нургул Яшилчой суҳбатга тайёрлигини билдирган. Бунга чидолмаган актёр Сардор Гёкхан саҳнага отилиб чиқиб, Бурак ва Нургулнинг ҳақоратига жимгина қараб туролмасликларини айтган ва 9 меҳмон тадбирдан чиқиб кетган. Уларнинг кетидан Туркия элчихонаси вакиллари ҳам зални тарк этган.

Актриса Нургул Яшилчой / Фото: Ижтимоий тармоқлар

Айрим фаоллар Яшилчой ва Ўзчивит гонорар эвазига чақирилганини эслатиб, уларга тўланган гонорар пуллари қайтариб олиниши кераклигини айтди. Бунга жавобан тадбир ташкилотчиларининг маълум қилишича, 9 нафар ижодкор тадбирдан кетиб қолган бўлса ҳам, аввалига Нургул Яшилчой, кейин Бурак Ўзчивит томошабинларнинг саволларига жавоб берган, мухлислари билан суратга тушган.

Воқеанинг эртасига Туркия маданият ва туризм вазири ўринбосари Ахмет Мисбаҳ Демиржан рўй берган ҳолат бўйича расман узр сўради.

1 300 000 000 доллар – Ўзбекистон тарихидаги энг катта ўғриликлардан бири

Фото: Yves Forestier / Getty Images

Бир неча йиллар олдин бу каби кинофестивалларнинг асосий юлдузлари қаторида турган Гулнора Каримова бугун қамоқда. У ўмарган пулларнинг ўндан бири ҳам ҳали Ўзбекистонга қайтгани йўқ.

Шу ҳафта Адлия вазирлиги берган маълумотга кўра, Каримова раҳбарлигидаги жиноий гуруҳ Ўзбекистонни талон-торож қилиб хорижга олиб чиқиб кетган жами 1,3 млрд доллар пулга 1400 та мактаб қурса бўлади.

Вазирликнинг маълум қилишича, биргина Швейцариядан қайтарилиши керак бўлган пуллар тахминан 686 млн долларга тенг. Ҳозирча шунинг ярми, тақрибан 336 млн доллар узил-кесил мусодара қилинган, шундан 131 млн доллари Ўзбекистонга қайтиши ҳал бўлган, 205 млн доллар бўйича эса ишлар якунига етяпти. Қолган 350 млн доллар бўйича судлар давом этяпти.

Бундан ташқари, Париж яқинидаги 2 та қаср сотилишидан тушган 20 млн доллар ўтган 2020-2021 йилларда Ўзбекистонга қайтарилган. Ўтган йили, шунингдек, Москвадаги 6та хонадонни мусодара қилиб, сотиш ҳақида ҳукм чиққан. Москва суди ҳукмига кўра, активларни сотишдан тушган пулларнинг тенг ярми Россияда қолади, фақат ярми Ўзбекистонга қайтарилади.

Буюк Британия ва Белгиядаги активлар бўйича судлар ҳали якунига етмаган. Латвиядан эса 15 млн доллар пул, 24 кило олтин ва Ригадаги маданий-кўнгилочар мажмуа каби активларни қайтариш бироз қийин бўляпти. Умуман, Каримовага алоқадор бойликлар биз ҳозир санаб ўтган 6 та давлатдан ташқари бошқа давлатларда ҳам бор. Уларни қайтариш ишлари билан асосан Ўзбекистон Адлия вазирлиги шуғулланяпти.

Гулнора Каримова содир этган жиноят кўлами ва бойликларнинг қайтарилиши масаласи шу қадар каттаки, бу кейс келгусида халқаро ҳуқуқ ва бошқа кўплаб фанларнинг пул ювиш ва реституцияга оид дарсликларига ҳам киритилса керак.

Қуёш панеллари – қурилиш қилишдаги мажбурий талаб

Фото: iStock

Ўзбекистонда энергия тежамкор ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича янги фармон қабул қилинди.

Ҳужжатга асосан, энергия самарадорлиги паст бўлган кондиционерлар, музлаткичлар, кир ювиш машиналари ва бошқа маиший техникалар ҳамда электр жиҳозларини Ўзбекистонга олиб кириш тақиқланди. Бундан буён Ўзбекистонга фақат энергиясамарадорлик бўйича “A”, “B” ёки “С” тоифаги маиший техникаларнигина олиб кириш мумкин.

Бундан ташқари, 2023 йилдан бошлаб янги қуриладиган ижтимоий объектларга қуёш сув иситкичлари ўрнатилиши мажбурий бўлди.

Бу нима дегани? Ҳужжат талабига кўра, эндиликда янги қурилаётган ва реконструкция қилинаётган мактаблар ва бошқа таълим муассасалари, шифохоналар, умумий овқатланиш шохобчалари, спорт комплекслари ва йирик савдо мажмуаларида қуёш сув иситкичлари бўлмаса, улар фойдаланишга қабул қилинмайди. Маҳаллий иситиш тизимига уланадиган кўп қаватли уйлар ҳам шулар жумласидан. Уларнинг томи ёки ҳовлисига ўрнатиладиган қуёш панеллари иссиқ сув таъминотининг камида 25 фоизини таъминлаб бера олиши керак. Агар лойиҳада қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш кўзда тутилмаган бўлса, бундай қурилишларни бошлаш тақиқланади.

Қисқа қилиб айтганда, иссиқ сув билан таъминоти бўладиган ҳар қанақа бино ва иншоотни қуришда қуёш сув иситкичлари ўрнатилиши шарт. Фақат аҳоли уйларигина бундан мустасно.

Бу ҳужжат қаердан ўсиб чиққан?

Фото: Royal

Юқоридаги фармондан яна бир муҳим янгилик ўрин олган. 1 октябрдан бошлаб фуқаролар қуёш ва шамол электр станциялари ҳамда қуёш сув иситкичларини 3 йил муддатга фоизсиз, бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олишлари мумкин. Пулини юз фоиз тўлаб сотиб оладиган харидорларга эса харажатларининг бир қисми бюджетдан қоплаб берилади. Фақат битта шарти бор – сотиб олинаётган панеллар ва сув иситкичлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бўлиши керак.

Айни шу жиҳат ҳужжатни қайсидир томоннинг лоббиси бўлиши мумкин деган тахмин ўртага чиқаради. Гап шундаки, Ўзбекистонда қуёш сув иситкичлари Royal бренди остида ишлаб чиқарилади ва бренд эгаси кўпчиликка яхши таниш. Бу савдо белгисини 100 фоиз Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли “J-United Group” рўйхатдан ўтказган. Патентнинг расмий эгаси – Artel Electronics.

Ҳозир жойларда “Ҳудудгазтаъминот” ходимлари аҳоли орасида шу брендни тарғиб қилиб юришибди. Лекин давлат хизматчилари қайсидир хусусий компаниянинг маҳсулотини текинга реклама қилишни тўхтатишса ҳам бўлади, чунки янги талаблар кучга кирганидан кейин, бу бренднинг рекламага муҳтожлиги қолмайди: 1 январдан бошлаб компания маҳсулотларига талаб бир неча ўн баробарга ошиб кетиши аниқ. Ахир хусусий бинолардан ташқари, минглаб мактаблар, шифохоналар ва бошқа давлат объектларга хорижда ишлаб чиқарилган эмас, айнан ўзимизда чиққан қуёш панеллари ўрнатилади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларининг кенгроқ тарқалиши жуда ва жуда яхши албатта, лекин бу лобби ортидан бўлаётган бўлса, танловсизликни келтириб чиқарса, кимнидир янаям бойитиш учун қилинаётгандек кўринса, булар телевизорда айтилаётган эзгу ниятларни шубҳа остида қолдираверади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Украинада асир тушган ўзбекистонлик / Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси урушда асир тушган ўзбеклар иши бўйича Украина Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди. Нотада ҳолат бўйича батафсил маълумот бериш сўралган. Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Харковдаги муваффақиятли қарши ҳужумида кўплаб рус аскарлари асир тушган, улар орасида икки ўзбек ҳам борлиги маълум бўлганди. Улардан бири Россияда ҳужжати йўқ муҳожир бўлгани, иккинчиси талаба эканини айтган.

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими, прокурори, халқ таълими бўлими бошлиғи ва бошқа раҳбарлари суд қилинмоқда. Тергов хулосасига кўра, уюшган жиноий гуруҳга шаҳарнинг собиқ прокурори Қурбонали Асқаров бошчилик қилган. У таълим тизимидаги мансабдорлардан “доля” олиб юрганликда айбланяпти. Талон-торож қилинган пуллар миқдори 63 млрд сўмдан ошади.

Фарғонанинг Олтиариқ туманидаги боғчада 41 нафар бола овқатдан заҳарланди. Болалардан 28 нафари шифохонага ётқизилган. Уларнинг аҳволи яхши экани айтиляпти. Ҳолат бўйича прокуратура текширув бошлаган.

“Миллий тикланиш” партиясининг Тошкент шаҳар кенгаши тилла нишон ясаттирди. Соф тилла эмас, тилла аралашмасидан ясалгани айтилган нишон бир йилда бир марта энг фидойи туман кенгаши депутатига топширилади. Партиянинг бу харажати танқидларга сабаб бўлгач, нишон 2 млн сўмга ясалгани, лекин бу бюджетнинг пули эмас, ҳомийлик маблағи ҳисобидан қилингани айтилди.

Сиз ортда қолаётган ҳафтада Ўзбекистонда рўй берган асосий воқеа-ҳодисалар дайжести билан танишдингиз. Тезкор, аниқ ва холис янгиликларни Kun.uz'да кузатишда давом этинг. Дам олиш кунингиз мароқли ўтсин!

Top