21:05 / 15.06.2024
12927

Етарлича овқатланмаётган болалар, Notcoin сабаб қамалганлар ва энергетикага яна 14 трлн — ҳафта дайжести

Ўзбекистонда 5 ёшгача болаларнинг деярли ярми оиладаги етишмовчилик сабаб сифатли овқатланмайди. Криптоактивларни ноқонуний сотганлар қамалмоқда. Энергетика тизимини қишга тайёрлаш учун яна миллиард доллардан кўпроқ маблағ ажратилди. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Ўзбекистон – болалари етарли даражада сифатли овқатланмайдиган давлатлар рўйхатида

Ўзбекистонда талаб даражасида овқатланиб улғаяётган ёш болаларнинг улуши бор-йўғи 66 фоизга тенг. Бошқача айтганда, 5 ёшга тўлмаган ҳар 100 нафар боладан салкам ярми, яъни 44 нафари оиласидаги камбағаллик сабаб етарли даражада сифатли овқатланмайди. Ачинарлиси, болаларимизнинг 11 фоизи овқатланиш билан боғлиқ ўта қашшоқ аҳволда яшаяпти.

Бу маълумотлар ЮНИСЕФнинг дунё мамлакатларидаги тадқиқотлар умумлаштирилган янги ҳисоботида келтириб ўтилган. Ҳисоботда ёзилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда ишлаб чиқилган мезонларга асосан, 5 ёшга тўлмаган болалар соғлом ўсиши ва ривожланиши учун 8 та гуруҳга кирувчи маҳсулотларнинг камида 5 тасини доимий истеъмол қилиши керак. Агар бола 3 ёки 4 та турдаги маҳсулотларни истеъмол қилиб улғаяётган бўлса, етарлича овқатланмасликнинг ўрта даражаси, кундалик рациони бор-йўғи 2 та гуруҳдаги маҳсулотлардан иборат бўлса, етарлича овқатланмасликнинг ўта оғир даражасида яшаётган бўлади.

2016-2022 йилларда ўтказилган ўрганишларга кўра, болалар рационининг сифати билан боғлиқ муаммо дунё бўйича 63 та давлатда кузатилган. Улардан бири – Ўзбекистон. Мамлакатимизда 5 ёшгача бўлган болаларнинг 33 фоизи ўрта даражада, 11 фоизи эса ўта оғир даражадаги рацион танқислиги шароитида яшаяпти.

Ёш болаларнинг бу 11 фоизлик қатлами қашшоқ оилада ўсаётгани сабаб кундалик рационида узоғи икки хил турдаги озиқ-овқатлар маҳсулотларини истеъмол қилади. Тахмин қилиш мумкинки, уларнинг рациони кўкрак сути, қолипли нон ва гўштсиз қозоновқатдан иборат. Маҳсулотларнинг бошқа гуруҳлари, яъни гўшт, балиқ ва сут маҳсулотлари, тухум, витаминга бой мева-сабзавотлар, айниқса тропик мевалар ва ёнғоқларни улар камдан кам ҳолатлардагина истеъмол қилишади.

Болалар иштирокидаги ЙТҲлар

Рацион танқислиги болаларимизнинг соғлом ўсиб-улғайиши учун асосий тўсиқлардан бири, лекин юртимизда уларнинг тўғридан тўғри ҳаётига ҳам хавф соладиган бошқа бир катта таҳдид ҳам бор: бу – йўллардаги авариялар. Аниқроқ айтганда, миллионлаб қоидабузар ҳайдовчилар ва уларга чора кўришни йилларга чўзиб юришдан уялмайдиган соҳа раҳбарлари – Ўзбекистон болалари учун энг катта хавфлар қаторида қолмоқда.

9 июн куни Навоий вилоятида, Навбаҳор–Нурота йўлида рўй берган даҳшатли авария оқибатида жами 6 киши, хусусан 2 нафар ёш бола ҳалок бўлди. Kun.uz манбасига кўра, Gentra ҳайдовчиси ўзидан олдинда кетаётган Damas'ни қувиб ўтмоқчи бўлганида, қарама-қарши томондан келаётган Onix билан тўқнашган. Натижада жами 6 киши – Gentra ҳайдовчиси ва энг ачинарлиси, Onix'да кетаётган бир оиланинг нақ 5 аъзоси: 36 ёшли эркак, унинг онаси, аёли, 2 яшар ўғли ва 2 ойлик қизи ҳалок бўлган.

Эртасига, Самарқанднинг Тойлоқ туманида бошқарувни йўқотган Damas йўл четидаги икки пиёдани уриб кетди. Воқеа видеосидан кўринишича, улардан бири ёш бола бўлган. Ҳодиса оқибатида икки пиёда ва Damas'даги бир йўловчи тан жароҳатлари олган. Бахтли тасодиф туфайли омон қолган жабрланувчиларга шифохонада тиббий ёрдам кўрсатилган.

Тойлоқдаги авариядан бир кун ўтиб энди Тошкентда ҳам бир бола машина тагида қолди. Сешанба куни Учтепа тумани Кўкча дарвоза кўчасида “Зил” русумли юк машинаси 3 яшар болани уриб кетди. Фожиа бола борадиган боғча олдида рўй берган, 3 яшар қурбон воқеа жойидаёқ ҳаётдан кўз юмган.

Болалар иштирокида ҳар куни рўй бераётган, бунчалик кўп авариялар бошқа бирор бир демократик давлатда кузатилганида, ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбарлари албатта парламентга чақириб сўроқ қилинган, шошилинч чоралар ва Бмасъул шахсларнинг истеъфоси масаласи кўтарилган бўларди. Бизда эса, соҳа раҳбарлари ва уларга шерик депутатларнинг ўзи қоидабузар ҳайдовчиларни тиядиган жарима баллари тизимини йўлга қўйишга мутлақо ва мутлақо шошилмаяпти.

Такрор ва такрор эслатиш керакки, жарима баллари тизими аслида 2022 йил 1 декабрдаёқ ишга тушиши керак эди. Президент қарори билан бундай топшириқ Ички ишлар вазирлигига 2022 йил апрел ойининг бошида берилган, яъни вазирликда қарор ижросини таъминлаш учун етарлича вақт – роппа-роса 8 ой муддат бор эди. Амалда эса вазирлик бу вақт ичида ҳатто қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни ҳам тугатгани йўқ. Лойиҳа 2023 йилнинг охирига келибгина парламентга киритилди, лекин шунда ҳам вазирлик орган ходимларининг фото ва видеоларини тарқатмаслик ҳақидаги шов-шувли моддани лойиҳага қўшиб юбориш орқали, ҳужжатни боши берк кўчага киритиб қўйди. Шу тариқа, Қонунчилик палатаси ярим йил олдин қабул қилиб Сенатга жўнатган қонун, жамоатчилик эътирозлари фонида, ҳамон икки палата ўртасида осилиб ётибди.

Ички ишлар вазирлиги пайсалга солаётган масала фақат бу эмас. 2024 йилги давлат дастурига биноан, 1 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида тиғиз вақтларда юк машиналарининг ҳаракати тақиқланиши керак эди. Баҳор ўтиб, ёз келди, лекин бу йўналишдаги ҳаракатлардан ҳам ҳеч бир нишона йўқ. Масъуллар бу ҳаракатсизлигининг оқибатларини англаяптими-йўқми, бизга қоронғи, лекин айтиш керакки, агар топшириқ вақтида бажарилганида, Учтепадаги боғча қаршисида ҳалок бўлган 3 яшар бола ҳозир ота-онасининг бағрида бўлган бўларди, эҳтимол.

Ғалла ўрими бошланди, ИИБ ходимларининг фермерларга қаршиликлари ҳам

Йўл-патрул хизмати асосий вазифаси бўлмиш йўллардаги хавфсизликни таъминлашни эплай олмаслиги мумкин, лекин, мисол учун, далада фермерлар ишига ноқонуний аралашишни қойиллатади. Куни кеча Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида ЙПХ ходими ва туман йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи ғалла ўримини бошлаган фермернинг даласига бориб, ўримни тўхтатиб қўйган ва комбайнни ноқонуний тарзда даладан олиб кетган.

Ўзаро суҳбатда ЙПХ масъуллари фермерни ҳеч кимдан рухсат сўрамай ўримни бошлаганликда айблаган. Фермер эса шартномани 120 фоиз қилиб бажариш ниятида экани, ўримни бошлаш учун кластердан ҳам, ҳокимиятдан ҳам рухсат сўраши керак эмаслиги, ўзи етиштирган ҳосилни ўзи ўриб олаётганини айтган. Лекин ҳимоясиз фермернинг бундай вазиятлардаги қонуний ва ҳақ гаплари ички ишлар ходимларига кор қилиши ҳали Ўзбекистон тарихида кузатилмаган бўлса керак.

Кўп ўтмай шунга ўхшаш ҳолат Урганч туманида ҳам кузатилгани маълум бўлди. Маълумот учун, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасига биноан, фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлар, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмайди. Лекин афсуски, Ўзбекистон қонун устуворлиги рейтингида энг қашшоқ ўнта давлатдан бири бўлмиш Малавидан ҳам пастроқ ўринда туради.

Ҳуқуқ органларидаги ҳуқуқбузарликлар

Ички ишлар ходимларининг номига доғ туширадиган бошқа бир салбий ҳолат Самарқанд шаҳрида рўй берди. Даҳбет кўчасида рўй берган воқеада профилактика инспектори қонунга хилоф равишда икки фуқарога нисбатан куч ишлатган. Инспектор Эшонқулов кечаси жанжаллашаётган икки фуқарони идорага олиб бормоқчи бўлган вақтида, уларга нисбатан қонунга хилоф равишда жисмоний куч ишлатган, ҳомиладор аёлга қўл кўтарган. У бунинг учун ишлар органлари сафидан бўшатилгани хабар қилинди. Ҳуқуқбузарлик учун инспекторга суд тартибида бирон жазо тайинлангани ёки йўқлиги маълум эмас.

Ҳафта давомида орган ходимларининг ноқонуний ҳаракатларига доир яна бошқа ҳолатлар ҳам кузатилди. Хусусан, Қорақалпоғистонда Қўнғирот тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари қўлга олинди. Исми очиқланмаётган, майор унвонидаги мансабдор товламачилик йўли билан фуқародан iPhone 15 Pro Max телефонини олган вақтида ушланган. Тошкентда эса Яккасарой тумани ички ишлар бўлими терговчиси ва икки нафар суриштирувчиси 7 минг доллар пора билан қўлга олинди. Расмий хабарга кўра, улар тил бириктириб, айбланувчига енгилроқ жазо қилиб бериш эвазига шунча пул олган.

Бундан ташқари, Давлат хавфсизлик хизмати Жиззахда прокурорлардан бирини қўлга олди. Вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори фуқародан судланганлик ҳолатини олиб ташлаш эвазига минг доллар ва Samsung S 24 Ultra телефонини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Эътиборлиси, ўтган йили ҳам айнан шундай лавозимдаги шахс, яъни Жиззах вилояти прокуратурасининг бўлим прокурори 1300 доллар билан қўлга олинган эди.

Ноқонуний тарзда криптоактив сотганлар қамалмоқда

Термиз давлат университетининг 24 ёшли талабаси Чилонзор туман судининг қарори билан қамоққа олинди. У Telegram'да ўзига тегишли криптоактив – Notcoin'ни 800 минг сўмга сотгани учун шундай жазоланди. Йигит судда айбига иқрор бўлиб, қилмиши ноқонуний эканини билмагани, оилада ёлғиз боқувчи эканини айтган. Талабага 10 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган суд, унинг Galaxy A30 телефони ва банк картасини йўқ қилишни ҳам буюрди.

Воқеа интернетда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди, ҳатто чет элликларнинг ҳам эътиборини тортди. Twitter'да бу ҳақда инглиз тилида ёзилган постлардан бирига жавобан Notcoin жамоаси унга янги iPhone совға қилишга тайёрлигини билдирди.

Kun.uz суриштирувидан маълум бўлишича, криптоактивлар савдоси туфайли қамоққа тушиб қолаётганлар сони кундан кунга ошиб боряпти. Бундай ҳуқуқбузарлик учун охирги 1 ойда камида 15 киши жавобгарликка тортилган, улардан 12 нафарига маъмурий қамоқ, 3 нафарига жарима жазоси тайинланган. Ва уларнинг барчаси судда бу ҳаракатлари қонунга зид эканидан бехабарлигини айтган.

Криптоактивларнинг ноқонуний айланмаси ва майнингига оид моддалар маъмурий жавобгарлик ва жиноят кодексларига шу йил бошида киритилган эди. Қонунчиликка кўра, мамлакат ҳудудида криптовалюта олди-сотди фақат лицензияга эга крипто-биржалар орқали амалга оширилиши мумкин, ҳозир уларнинг сони иккита. Binance ва Telegram эса Ўзбекистонда лицензия олмагани сабаб улар орқали амалга оширилган криптовалюта айланмаси ноқонуний ҳисобланади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Электромобилларни уйда қувватлаш учун алоҳида тунги тариф жорий этиладиган бўлди. Бу тарифга уланиш учун фуқаролар электромобил қувватлаш ускунасига ҳисоблагич ўрнатиши керак бўлади. Давлат раҳбарининг маълум қилишича, кўчаларда, кўп қаватли уйлар атрофида 22 киловаттгача, хонадонда эса 7 киловаттгача зарядлаш станцияси ўрнатиш мумкин бўлади. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, май ойида Ўзбекистонда рекорд даражада кўп – 3800 та электромобил сотилган. Умуман, республикада жами электромобиллар сони 35 мингтага етиб қолган.

Энергетика тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун бу йил ҳам 14 трлн сўм ажратилади. “Энди “муддат кам эди, маблағ бўлмади”, деб баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дея масъулларни огоҳлантирди Шавкат Мирзиёев. Президент ҳузуридаги йиғилишда қиш учун 600 минг тонна кўмир ва 350 минг тонна мазут захирасини яратиш, кўмир импорти учун револвер кредитлар бериш, энг кўп электр ва газ ишлатадиган корхоналарга энерготежамкорлик бўйича талабларни кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Ҳиндистонда “Док-1 Макс”ни ишлаб чиқарган компаниянинг бош раҳбарлари ҳамон озодликда қолмоқда. Бу ҳақда ушбу жиноят иши бўйича бораётган апелляция судида маълум қилинди. Ўзбекистон ҳукумати Marion Biotech компаниясининг икки таъсисчиси ва директори – эр-хотин Жаинларни Интерпол қидирувига берган бўлса ҳам, улар Абу-Дабида қўлга олиниб, тушунарсиз равишда қўйиб юборилган. Ҳиндистон элчихонаси бу масалада Деҳлидан Тошкентга делегация келиб, Ҳиндистондаги тергов бўйича барча саволларга жавоб беришини билдирди.

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл 3 кунлик давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Музокараларда томонлар ўзаро ҳамкорликда юқори технологияларга катта урғу қаратишга келишиб олди. Корея Ўзбекистонда яримўтказгичлар соҳасида илмий-ишлаб чиқариш кластерини қуриши кутилмоқда. Hyundai Rotem компанияси “Ўзбекистон темирйўллари”га 195,7 млн долларлик 6 та юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларни етказиб беради. Ташриф давомида жами 17 та ҳужжат, хусусан Алоҳида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнот қабул қилинди.

Ўзбекистонга ҳақида номаъқул гап айтган чет элликларнинг Ўзбекистонга кириши тақиқланади. Депутатлар ишлаб чиққан қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ёки тарихини таҳқирловчи гаплар айтган чет эл фуқаролари Ўзбекистонга киритилмайди, агар улар Ўзбекистонда бўлса, депортация қилинади. Уларга, шунингдек, Ўзбекистон банкларида ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда қатнашиш ҳам тақиқланади. Эслатиб ўтамиз, бундай тақиқлар кераклиги ҳақида жамоатчилик Захар Прилепин ва бошқа россиялик пропагандачиларнинг баёнотларидан кейин гапира бошлаган эди.

Top