00:39 / 19.09.2022
24055

«Ташаббусли бюджет»: ғалабасига ишонган маҳаллалар байрамни бошлаб юборишди

«Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг жорий йилнинг 2-мавсуми якунланди. Жами 1418 та лойиҳа ғолиб деб топилди ва уларни амалга ошириш учун 1 трлн сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилади.

«Ташаббусли бюджет» жараёнининг иккинчи мавсуми натижалари ҳали расман эълон қилингани йўқ, лекин овозлардаги фарқларга кўра ўз ғалабасига ишонган маҳаллалар байрамни бошлаб юборишди. Бу борада турли хил Telegram-канал ва гуруҳларда видеолар тарқалмоқда.

«Ташаббусли бюджет» жараёнининг иккинчи мавсумидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 1 триллион 62 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Бу гал ҳам энг кўп лойиҳа Сурхондарё вилоятидан тақдим этилган (13 691 та). Хоразм вилояти, Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида ҳам бошқа ҳудудларга қараганда кўпроқ ташаббуслар илгари сурилган. Мамлакат бўйлаб жами 60 мингга яқин лойиҳалар саралаб олинган.

Ташаббусларнинг 32 фоизи ички йўлларни (пиёдалар йўлакчаси, йўл ўтказгичлар) таъмирлаш, 13 фоизи умумтаълим мактабларини таъмирлаш ёки жиҳозлаш, 12 фоизи эса кўча чироқларини таъмирлаш ва ўрнатишга доир.

Top