10:18 / 20.09.2022
6675

Блинкен Арманистон ва Озарбойжон ташқи ишлар вазирлари билан учрашди

АҚШ давлат котибининг Арманистон ва Озарбойжон ташқи ишлар вазирлари билан учрашуви Тоғли Қорабоғдаги можаронинг сўнгги кескинлашувидан кейинги биринчи учрашув бўлди.

Фото: Reuters

19 сентябр, душанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Нью-Йоркда Арманистон ва Озарбойжон ташқи ишлар вазирлари Арарат Мирзоян ва Жайхун Байрамов билан уч томонлама учрашув ўтказди. Бу Тоғли Қорабоғ бўйича можаронинг сўнгги кескинлашуви бошланганидан бери томонлар ўртасидаги биринчи тўғридан тўғри музокаралар бўлди, дея таъкидлади Давлат департаменти. 

Мирзоян ва Байрамов билан учрашувда Блинкен можаро чоғида инсонларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди ва бундан кейин ҳам ҳарбий ҳаракатларга йўл қўймаслик зарурлигини таъкидлади, деди АҚШ ташқи сиёсат идораси матбуот котиби Нед Прайс. 

«Улар можаро кескинлашувига йўл қўймаслик борасидаги кейинги қадамларни муҳокама қилди ва давлат котиби томонларни ой охиригача яна учрашишга чақирди», — деди Прайс. 

Блинкен Арманистон ва Озарбойжон ташқи ишлар вазирлари билан учрашув олдидан берган изоҳида, Вашингтон «жанглар тўхтагани ва сўнгги бир неча кун ичида янги ҳарбий ҳаракатлар бўлмаганидан илҳомланганини» таъкидлади. 

Бир кун аввал, 18 сентябр куни Энтони Блинкен Озарбойжон президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, уни Арманистон билан чегарада сулҳга риоя қилишга, қўшинларни олиб чиқиб кетишга ва барча келишмовчиликларни тинч музокаралар йўли билан ҳал қилишга ундади. 

16 сентябр куни Блинкен Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан ҳам телефон орқали мулоқот қилган. АҚШ давлат котиби 19 сентябр куни айтишича, Пашинян ҳам, Алиев ҳам уни тинчликка тайёр эканликларига ишонтиришган. «Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги келишмовчиликларга ҳарбий ечим йўқ. Лекин, менимча, узоқ муддатли тинчликка эришиш йўли бор, у келишмовчиликларни дипломатия йўли билан ҳал қилади. Қўшма Штатлар бу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун қўлидан келган барча ишни қилишга тайёр», - деди Блинкен. 

Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги можаро 13 сентябрга ўтар кечаси яна авж олди. Арманистон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Озарбойжон чегарадаги Варденис, Сотк, Артаниш, Ишханасар, Горис ва Капан аҳоли пунктлари йўналишини ўққа тутган. Бокуда Ереван Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларидаги чегарада «кенг кўламли диверсия»да айбланди. 

Жанглар натижасида 230 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. 15 сентябрга ўтар кечаси сулҳ бўйича келишувга эришилди. 

18 сентябр куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси президенти Нэнси Пелоси Арманистонга ташрифи чоғида Озарбойжоннинг Арманистон билан чегарадош ҳудудига «ноқонуний ва ҳалокатли ҳужумларини» қоралашини маълум қилди. Ўз навбатида, Боку бу баёнотни Озарбойжонга нисбатан «асоссиз ва ноҳақ айбловлар» учун танқид қилиб, уларни «қабул қилиб бўлмайдиган» деб атади. 

Шу куни Ереванда бир неча юзлаб намойишчилар Арманистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)дан чиқишини талаб қилиб норозилик намойиши ўтказди. Намойишчиларга кўра, ташкилот Озарбойжоннинг Арманистонга қарши ҳужумларини олдини олиш учун ҳеч қандай чора кўрмаган. 

Top