Жаҳон | 08:46 / 21.09.2022
2990
2 дақиқада ўқилади

ЕИ кенгаши Украинага яна 5 млрд евро миқдорида ёрдам кўрсатишни маъқуллади

Брюссел Киевга умумий қиймати 9 миллиард евро бўлган макромолиявий ёрдам пакетидан яна 5 миллиард евро тўлашга рухсат берди. Украина ушбу пакетдан биринчи миллиард еврони август ойида олди. 

Фото: Reuters

Европа иттифоқи кенгаши 20 сентябр, сешанба куни Украинага зудлик билан 5 миллиард евро миқдорида қўшимча макромолиявий ёрдам кўрсатишга қарор қилди. 9 сентябр куни Прагада бўлиб ўтган норасмий йиғилишда Европа иттифоқи молия вазирлари ёрдам ажратиш тўғрисида келишиб олишганидан сўнг, бунинг учун зарур расмиятчиликлар атиги 11 кун ичида якунланди, дея таъкидлайди Брюссел. 

Бу миқдор Украинанинг макромолиявий барқарорлашуви, мамлакат барқарорлигини зудлик билан мустаҳкамлаш ва сақлаб қолиш учун мўлжалланган. Шу тариқа, Брюссел Украина давлат қарзининг мақбул даражасини ва унинг молиявий мажбуриятларини тўлаш қобилиятини сақлаб қолишга ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда, дея таъкидлайди ЕИ кенгаши.

Макромолиявий ёрдам имтиёзли шартларда узоқ муддатли кредитлар шаклида тўланади. Бу Украинага умумий суммаси 9 миллиард еврогача бўлган Европа иттифоқининг алоҳида макромолиявий ёрдам пакетини амалга ошириш иккинчи босқичи бўлиб, биринчи босқич доирасида Киев 1 миллиард евро олган.

ЕИ кенгаши тушунтиришича, 20 сентябрда қабул қилинган қарор ЕИ бюджетини йўқотишлар хавфини қоплаш учун маблағ билан таъминлайди - қўшимча кредитлар бўйича ҳам, аллақачон тўланган 1 миллиард евролик кредит бўйича ҳам. Уни 12 июлда бериш тўғрисида қарор қабул қилинди, шундан сўнг кредит 2022 йилнинг 1 ва 2 август кунлари икки траншда тўлиқ Украинага ўтказилди.

Кейинги қадам 3 миллиард еврогача бўлган миқдорда Европа иттифоқи макромолиявий ёрдамининг учинчи босқичи бўйича қарор бўлиши керак. «Европа иттифоқи мамлакатлари молия вазирларининг навбатдаги учрашувларида мен Украинага қолган уч миллиард еврони бериш бўйича эрта келишувга эришишга интиламан. Лекин бунинг учун бу миқдорни кредит ва грантларга бўлиш бўйича келишиб олишимиз керак», деб тушунтирди Чехия молия вазири Збинек Станиура. Унинг мамлакати 2022 йилнинг иккинчи ярмида Европа иттифоқига раислик қиляпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид