Жаҳон | 07:30 / 22.09.2022
23694
4 дақиқада ўқилади

Асирлар алмашуви: Украина «азовчилар»ни, Россия Медведчукни олди

Бошқа келишувга кўра, беш украиналик қўмондон - «Азовстал» ҳимоячилари 55 нафар россиялик асирга алмаштирилган. Россия ҳозирча изоҳ бермади.

215 нафар украиналик ҳарбий хизматчи, жумладан 124 зобит Россия асирлигидан озод этилди. Алмашиш жараёни Черниҳивска областида бўлиб ўтди. 22 сентябр, пайшанбага ўтар кечаси Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермакнинг хабар беришича, Украина Қуролли кучларининг 200 нафар ҳарбий хизматчиси россияпараст сиёсатчи Виктор Медведчук эвазига қўйиб юборилган. Яна бир келишув доирасида, беш украиналик қўмондон - «Азовстал» ҳимоячилари, Ермакка кўра, Украинадан «ҳеч қандай қизиғи» бўлмаган 55 россиялик асирга алмаштирилди. Баъзи маълумотларга кўра, руслар орасида иккита катта (полковник ва майор) ва олти нафар кичик зобит бўлган. Россия томони ҳозирча асирлар алмашинувига расман изоҳ бермади.

Уйга қайтган украиналиклар орасида Азов полкининг таниқли командирлари Денис Прокопенко ва Святослав Паламар, «Пташка» чақирув белгиси билан азовчи-шифокор Екатерина Полишчук ва сурати бутун дунёга тарқалган тернопиллик Михаил Диановлар бор. Ҳомиладор вақтида қўлга олинган украиналик ҳарбий шифокор Маряна Мамонтова ва Мариупол патрул полицияси бошлиғи Михаил Вершинин ҳам уйларига қайтди, деб хабар бермоқда Правда Герашченко Telegram-канали.

Украинанинг «Мухолифат платформаси – ҳаёт учун» партиясининг россияпараст етакчиси Виктор Медведчук оммавий ахборот воситаларида «Владимир Путиннинг оғайниси» (Путин унинг қизининг чўқинтирган отаси ҳисобланади) сифатида ҳам танилган. Озодликка чиқишидан олдин у Украинада ватанга хиёнатда айбланиб ҳибсда эди. Бундан ташқари, 2021 йилда унга «миллий ресурсларни талон-торож қилишга уриниш» айблови қўйилган.

Май ойининг охирида Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Медведчукни азовчи ҳарбий хизматчиларга алмаштириш деярли мумкин эмаслигини айтди. «Медведчук Украина фуқароси, унинг Россияга ҳеч қандай алоқаси йўқ. У ҳарбий эмас. "Азовстал"да таслим бўлган одамларга келсак, гап ҳарбийлар ва миллатчи тузилмалар аъзолари ҳақида кетяпти. Шунинг учун булар мутлақо бошқа тоифадаги одамлар ва бу ерда қандайдир алмашув ҳақида гапириш қийин», деди Песков.

«Insider UA» Telegram-каналининг хабар беришича, асирликдан озод этилган «Азов» полкининг беш нафар қўмондони Украинадаги жанговар ҳаракатлар тугагунига қадар Туркияда унинг президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳимоясида бўлади.

Ўз навбатида, Эрдўған Нью-Йоркда журналистлар билан суҳбатда Россия ва Украина ўртасидаги асирлар алмашинуви Володимир Зеленский ва Владимир Путиннинг Туркия воситачилигидаги музокаралари натижаси бўлганини ва урушни тугатиш йўлидаги муҳим қадам эканини айтди. Унинг қўшимча қилишича, Анқара Москва ва Киев ўртасида тинчликка эришиш учун саъй-ҳаракатларни давом эттирмоқда, деб хабар берди Анадолу агентлиги.

Аввалроқ «ДХР» деб аталувчи ҳудуддан россияпараст айирмачилар беш нафар Британия фуқароси, икки нафар АҚШ фуқароси, шунингдек, Украина томонида жанг қилган Марокаш, Швеция ва Хорватия фуқароларини озод қилган эди. Улардан уч нафари – британиялик Шон Пиннер, Эйден Аслин ва марокашлик Саадоун Браҳим ўлим жазосига ҳукм қилинган. Асирга олинган хорижликларни озод қилиш Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон воситачилигида амалга оширилди. Пиннер, Аслин ва Браҳимнинг видеоси Саудия Арабистони давлат ахборот агентлиги томонидан Twitter'да жойлаштирилди, у ерда озод этилган одамлар Россиядан олиб кетилгани кўринади.

Шу билан бирга, АҚШ Украина президенти ва ҳукуматига Америка фуқаролари Александр Дрюке ва Энди Хюнни асирлар алмашинуви рўйхатига киритгани учун, валиаҳд шаҳзода ва Саудия Арабистони ҳукуматига эса бу алмашинувга ёрдам бергани учун миннатдорчилик билдирди. Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан Twitter'да «Фуқароларимиз ўз оилалари бағрига келишини интиқлик билан кутамиз» деб ёзди.

Мавзуга оид