Жаҳон | 07:58 / 24.09.2022
9729
2 дақиқада ўқилади

23 давлат Украинанинг Россияга қарши даъвосига қўшилади

Россияга қарши даъвони қўллаб-қувватламоқчи бўлганлар орасида Болгария, Греция, Малта, Венгрия ва Кипрдан ташқари барча ЕИ давлатлари бор. Европа иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар Норвегия томонидан тақдим этилади.

Фото: Reuters

23 давлат Украинанинг Россияга қарши даъвосини кўриб чиқишда учинчи шахс сифатида иштирок этиш учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига ариза топширди. Бу ҳақда 23 сентябр, жума куни Страсбург суди маълум қилди. Украина ҳукумати Россияни ҳарбий тажовуз муносабати билан инсон ҳуқуқларини оммавий ва қўпол равишда бузганликда айблаяпти.

Суд жараёнида иштирок этишга тайёр 23 ҳукумат орасида Болгария, Греция, Малта, Венгрия ва Кипрдан ташқари Европа иттифоқи барча давлатлари бор. Европа иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар Норвегия томонидан тақдим этилади. Бундан ташқари, Женева Халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари академияси ноҳукумат ташкилот сифатида аккредитациядан ўтишга интилмоқда. Суд маълумотларига кўра, Исландия ва Буюк Британия ариза беришни кўриб чиқмоқда. Иштирокчи давлатлар ёки ариза берувчи бўлмаган ва процессда учинчи шахс сифатида иштирок этишга рухсат берилган шахслар ёзма мулоҳазалар тақдим этишлари мумкин.

Гарчи 16 сентябрдан бошлаб Россия Европа кенгашидан чиқарилганлиги сабабли Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг аъзоси бўлмаса ҳам, ИҲЕС Россия томонидан ушбу санагача содир этилган жиноятларни кўриб чиқиши мумкин. Украина 23 июнь куни Страсбургда судга мурожаат қилди. Даъво Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатлар жараёнида Россия томонидан содир этилган инсон ҳуқуқларининг оммавий ва жиддий бузилишига тегишли. Киев ҳукумати минглаб тинч аҳолини ўлдириш, жароҳат етказиш, ҳибсга олиш ёки бедарак йўқотиш, юз минглаб мулкни вайрон қилиш ва миллионлаб одамларни уйларини ташлаб кетишга мажбур қилишда рус қўшинлари ва Россия назоратидаги бошқа қуролли кучларни айблаяпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид