10:45 / 27.09.2022
7443

Ҳокимларнинг ер ажратиш билан боғлиқ 2,5 мингдан ортиқ қарори бекор қилинди

Кейинги икки ярим йилда ҳокимларнинг ер ажратиш билан боғлиқ 2 минг 541 та қарори бекор қилинган. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати раҳбари  Азиз Обидов маълумот берди.

Фото: Kun.uz

"Мулк ҳуқуқи дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулк капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармонига кўра, мулкий ҳуқуқни вужудга келтирган ҳужжатни бекор қилиш орқали ушбу ҳуқуқни тугатиш мумкин эмаслиги белгиланди. Агар ушбу ҳужжат ноқонуний қабул қилинган бўлса, фақат суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин бўлди.

Қайд этилишича, кейинги икки ярим йилда ҳокимларнинг ер ажратиш билан боғлиқ 2 541 та қарори бекор қилинган. Бу эса, 2 526 та ер участкасига, яъни 101 358 гектар ерга бўлган ҳуқуқ суд қарорисиз бекор қилинишига олиб келган.

Масъулияти чекланган жамиятлардан бирига Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йилдаги қарори билан "снос" эвазига 0,63 гектар ер ажратилган. Тадбиркор ушбу ерда қонуний тартибда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш маркази қуриб, ўз фаолиятини бошлаган.

2020 йилга келиб, 2017 йилдаги қарор Тошкент шаҳар прокурорининг протестига асосан Тошкент шаҳар ҳокими томонидан бекор қилинган. Тадбиркор бир йил давомида судлашиб, 2021 йил ноябр ойида Олий суд судлов ҳайъати қарори билан шаҳар ҳокимининг 2020 йилдаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилишига ва ерга бўлган ҳуқуқи тикланишига эришган.

Шу сабабли, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, жумладан, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш тартиби 2022 йил 1 сентябрдан бекор қилинди.

Top