Жаҳон | 16:40 / 29.09.2022
2835
2 дақиқада ўқилади

Финландия 30 сентябрдан бошлаб россиялик сайёҳлар учун чегарани ёпади

Финляндия ҳукумати 30 сентябр ярим тундан бошлаб россиялик сайёҳлар учун мамлакат чегараларини ёпади. Бу ҳақда мамлакат ҳукумат маълум қилди.

Фото: AFP

Финландия ҳукумати баёнотида айтилишича, бу трансчегаравий транспорт оқимининг сезиларли даражада қисқаришига олиб келиши кутилмоқда.

Ташқи ишлар вазири Пекка Ҳаависто матбуот анжуманида унинг мамлакати расмийлари ҳозирда россияликлар оқимини Финландиянинг халқаро муносабатларига таҳдид деб билишини тушунтирди. 

Шу билан бирга, Россия фуқароларига яқин қариндошлари билан учрашиш, ишлаш ва ўқиш учун мамлакат ҳудудига киришга рухсат берилади.

Бундан олдин Россияда Украинага қарши урушда эълон қилинган «қисман сафарбарлик» фонида Латвия ҳукумати Россия билан чегарадош ҳудудларда фавқулодда ҳолат жорий қилганди

Фавқулодда ҳолат Алуксне, Балви ва Лудза ҳудудида, шунингдек, портлар, аэропортлар, чегара ўтказиш пунктлари ва темирйўлларда жорий этилган. Фақат 19 сентябрдан кучга кирган янги мезонларга жавоб берадиган россияликлар Латвияга киритилади. 

1 сентябр куни Прагада бўлиб ўтган норасмий учрашувда Европа иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Россия ва ЕИ ўртасида визалар беришнинг соддалаштирилган тартиби ҳақидаги келишувни тўхтатиб туришга келишиб олди. Бу - виза олишни узоқроқ, қийинроқ ва қимматроқ қилди. Шунингдек, Россия билан чегарадош давлатлар Россия фуқароларининг киришини миллий даражада чеклаши мумкинлиги ҳақида қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг, Полша, Литва, Латвия ва Эстония Европа иттифоқига ташриф буюришидан мақсад туризм, бизнес, спорт ёки маданият бўлган Россия фуқароларининг киришига мувофиқлаштирилган тарзда чекловлар жорий этишга келишиб олди. Истиснолар фақат юк машиналари ҳайдовчилари, дипломатлар ва гуманитар сабабларга кўра чегарани кесиб ўтганлар, жумладан диссидентлар учун амал қилади. Россиядаги сафарбарлик фонида Латвия сафарбарликдан қочган россияликларга гуманитар ва бошқа визалар бермаслигини эълон қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид