Жаҳон | 19:00 / 29.09.2022
42275
14 дақиқада ўқилади

Одесса узра «Герань». Эрон дронлари Украина ҳаво мудофаасига қарши

Ўтган ҳафта давомида Эрон томонидан Россияга етказиб берилган камикадзе дронлар орқали Украина жанубига ҳужумлар фаоллашди.

Украинлар бундай дронларга қарши зенит ракета ва артиллерия тизимларини қўлламоқда. Бундай дронларни Германия Украинага берган Gepard зенит қурилмаси билан ҳам уриб тушириш мумкин. Фото: Getty Images

«Аввалига жуда ёқимсиз ғўнғиллаган товуш эшитилди, кейин нимадир қулаб тушди – жуда кучли портлаш юз берди. Гўё қудуққа ёки ёпиқ ҳовлига нимадир тушгандек бўлди», дейди одессалик журналист Алёна Балаба BBC билан суҳбатда. 25 сентябр куни у яшайдиган жойдан икки кўча узоқликдаги бинога Россиянинг Эронда ишлаб чиқарилган дрон-камикадзелари зарба берди.

Жума куни дронларнинг биринчи зарбаси оқибатида портда тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди. Шундан сўнг, ҳарбийлар бунга тайёр туришди. Битта дрон денгиз устида уриб туширилди, иккитасига қарата ўқ узилган бўлса-да, уриб туширишнинг иложи бўлмаган.

Якшанба куни, дейди Балаба, портлашлардан йигирма дақиқа олдин ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар янгради. Лекин ҳужумни тўлиқ бартараф этишнинг имкони бўлмади.

Дронлар бинога жиддий зарар етказди, бироқ, у ҳарбийлар томонидан фойдаланилмаётган эди. Шунга қарамай, бу ва аввалги ҳаво ҳужумлари Украина армияси учун янги, жиддий муаммо пайдо бўлганини кўрсатмоқда.

Душанба куни эрталаб учта дрон Одессадаги иккита объектга – ўқ-дорилар омбори ва ҳарбий штабга ҳужум қилди. Бир дрон уриб туширилди, бироқ қолган иккитаси нишонга тегди. Қурбонлар бўлмади, чунки, ҳарбий объектларда одамлар йўқ эди.

Душанба оқшомида Одесса яқинида яна бир нечта дрон уриб туширилди.

Сешанба куни эрталаб учта дрон Миколайивга ҳужум қилди, бироқ улар Украина ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган.

Кутилмаган «Герань»

Украинада бу дронлар ҳақида биринчи марта 13 сентябр куни гапира бошлашди. Купянск яқинида Украина қуролли кучлари (УҚК) томонидан «Герань-2» ёзуви бўлган ғайриоддий дрон уриб туширилди. Унинг парчалари Эроннинг «Shahed-136» дронига ўхшаш эди.

Эрон Россияга учувчисиз дрон етказиб бергани ҳақида аввалроқ маълум бўлганди. Икки ҳафта олдин Америка матбуоти разведкадаги манбаларга таяниб, 19 август куни Эрон томонидан «Mohajer-6», «Shahed-129» ва «Shahed-191» дронлари Россияга топширилгани ҳақида хабар берди.

Улар уриб туширилган «Shahed-136» дронидан фарқ қилади ва разведка, нишонни белгилаш, кузатиб бориш, ердаги нишонларга махсус ўқ-дорилар билан зарба бериш учун мўлжалланган. Аммо, Купянск яқинида уриб туширилган дрон эса «ҳаво тўсиғи» деб номланган махсус қурол турига киради.

Дронлар фронтда пайдо бўлиши билан УҚК учун бош оғриғига айланди. Интернетда ушбу дронлар ёрдамида яксон қилинган техникаларнинг суратлари кўпаймоқда. Уларнинг миқдори ҳақида аниқ маълумот йўқ, аммо украиналик ҳарбий эксперт Тарас Чмутнинг сўзларига кўра, атиги бир кун ичида уч хил йўналишда «ўнлаб техникалар» йўқ қилинган. У қандай техника яксон қилинганига аниқлик киритмади, аммо ҳар қандай ҳолатда бундай йўқотишларни эътиборга олмаслик қийин.

Уруш пайтида ижтимоий тармоқлар ва матбуотда тарқалаётган хабарлар ҳар доим ҳам вазиятнинг ҳақиқий ҳолатини акс эттиравермайди. Очиқ манбалардан олинган хабарларга кўра, дастлаб дронлар ҳарбий техникага зарба берган бўлса, кейинги босқичда Одессадаги бинолар каби стационар объектларга ҳужум қила бошлади.

Дрон ҳам эмас, ракета ҳам эмас

Камикадзе-дрон – махсус турдаги учиш аппарати, унинг расмий номи –«ҳаво тўсиғини қўювчи қурол». Бу дрон нишонни аниқлаш учун узоқ вақт ҳавода уча олади, сўнгра қанотли ракета каби ҳужум қилади.

Бир томондан, у ҳақиқатан ҳам қанотли ракетага ўхшайди, аслида ракета ҳам моҳиятан учувчисиз учиш аппарати. Уларнинг фарқи шундаки, ракета одатда олдиндан аниқ белгиланган траектория бўйлаб нишонга учади, ернинг пасти-баландига қараб манёвр қилади. Дрон эса самолёт каби учади, йўналишини, тезлигини ва фазодаги ҳолатини фаол ва олдиндан айтиб бўлмайдиган даражада ўзгартира олади.

Бундан ташқари, қанотли ракеталар одатда кучли турбореактив двигател билан жиҳозланган, юқори тезликда учади ва қудратли жанговар каллакка эга.

Камикадзе дронлари одатда кичикроқ, парракли двигател билан таъминланган ва ташқи манба томонидан бошқарилади.

Бундай дронлар 1980-йиллар охирида пайдо бўлди, аммо фақат сўнгги йилларда ривожлана бошлади. Сунъий йўлдошли навигация ва алоқа тизимлари ривожланиши бунга туртки бўлди, чунки улар дронларни нишонга йўналтириш аниқлигини оширди.

Камикадзе-дронни технологик жиҳатдан унчалик ривожланмаган давлат ҳам ишлаб чиқариши мумкин. Бундай дронлар жуда арзон бўлиши ҳам мумкин, аммо бу уларнинг жанговар хусусиятларига таъсир қилади.

Масалан, дронга арзон моторни қўйиш мумкин, аммо бу ҳолатда тезлик пасаяди ёки масофа қисқаради. Ёки мураккаб навигация тизимидан воз кечиш мумкин, у ҳолда аниқлик пасаяди. Кучли портловчи моддага эга махсус жанговар каллаклардан фойдаланиш ҳам шарт эмас, бу зарар етказиш хусусиятини камайтиради.

Ниҳоят, мураккаб хавфсиз электроника ўрнига онлайн-дўконлардан ёки бошқа мамлакатлардан яширинча сотиб олинган чиплардан фойдаланиш мумкин. Бундай дрон радиоэлектрон кураш тизимларидан камроқ ҳимояланган бўлади, лекин барибир учади, нисбатан арзон, ишлаб чиқариш осонроқ бўлади.

Эрон «камикадзе»лари

Эрон саноати турли хил дронларни ишлаб чиқаради ва улар ҳақида иложи борича камроқ гапиришга ҳаракат қилади.

Эрон 1980-йиллардан бошлаб дронларни ишлаб чиқараётган бўлса-да, улардан фақат 2000-йилларда фаол фойдалана бошлади. Сўнгги йилларда Эрон дронлари Ливан ва Яманга етказиб берилмоқда.

Қуддус стратегия ва хавфсизлик институти (Jerusalem Institute for Strategy and Security) маълумотига кўра, «Эрон дронлари Яқин Шарқдаги кучлар мувозанатини бузмоқда», эронлик дрон ишлаб чиқарувчилари ва операторлари 2014 йилда Яманда уруш бошланиши билан Саудия Арабистони, Ироқ ва Сурия осмонида уларни синовдан ўтказишган ва маҳоратини оширишган.  

Натижада Эрон турли тоифадаги дронларни – йирик разведка ва зарба бериш тизимларидан тортиб, кичик разведка дронларини ишлаб чиқариш бўйича катта тажриба тўплади.

Эрон дронларининг заиф томони – эҳтиёт қисмлари сифати бўлиб қолмоқда. Эрон кўп йиллардан бери халқаро санкциялар остида яшаб келмоқда ва «қора бозорлар»да мавжуд бўлган материаллардан шундай мураккаб тизимларни ишлаб чиқаришга мажбур.

«Shahed» дронининг ёрқин дебюти

Эроннинг «Shahed-136» дрони узоқ вақтдан бери оммага нотаниш эди. Гарчи, Қуддус стратегия ва хавфсизлик институти маълумотига кўра, 2019 йил 14 сентябрда Саудия Арабистонида «кичик Пёрл Ҳарбор»ни уюштирган бўлса-да.

Саудия Арабистон мудофаа вазирлиги ҳужумда қатнашган аппаратлар парчаларини намойиш этган. Тасвирларнинг ўнгдаги қисмидаги қолдиқлар «Shahed-136» қисмларига ўхшаш. Фото: AFP

Ўшанда ўнлаб дронлар Саудиянинг иккита йирик нефт объектига ҳужум қилганди, бу эса мамлакатда нефт қазиб олиш ҳажмини кунига 5 миллион баррелдан кўпроққа қисқартирганди.

Тўғри, Саудия Арабистони Мудофаа вазирлигидаги матбуот анжуманида дрон қолдиқлари кўрсатилганида, уларнинг ҳаммаси ҳам «Shahed-136» қисмларига ўхшамаган. Ўшанда саудияликлар зарбада ракеталар ҳам иштирок этганини маълум қилган.

«Shahed-136» дронларининг иккинчи ёрқин чиқиши 2021 йил июл ойида «Mercer Street» танкерига берилган зарба бўлди. Исроил институти маълумотларига кўра, тарихда биринчи марта камикадзе дрони денгизда ҳаракатланаётган тижорат кемасига зарба беришга эришди.

Шунга қарамай, яқин вақтгача мутахассислар ушбу дронларнинг техник тузилиши ҳақида баҳслашиб келишарди. Гап шундаки, йирик нефт заводлари ва денгиздаги танкер бир-биридан жуда фарқ қилувчи нишонлардир.

Биринчи ҳолатда, дронга махсус йўналтириш ва ҳатто мураккаб навигация тизими керак эмас – катта стационар нишонга зарба беришда адашиш жуда қийин. Денгизда ҳаракатланаётган кемага зарба бериш учун аввал дронни нишон жойлашган ҳудудга олиб бориш, сўнгра уни нишонга йўналтириш керак.

Москва областидаги кўргазмага қўйилган «Mohajer» макети. Бундай дронлар «Shahed» дронларини бошқаришда қўлланиши мумкин.

Биринчи ҳолатда, глобал сунъий йўлдош навигация тизими ёки ҳатто йўналишни ушлаб турувчи анъанавий автопилотдан фойдаланиш мумкин. Иккинчи ҳолат дроннинг ўзида ўрнатилган йўналтириш тизими ёки ташқи бошқарувни талаб қилади.

Кемага қарши қанотли ракеталарда нишонга қаратиладиган кичик радардан фойдаланилади. Қиммат дронларда нишонни кўриш имконини берувчи видеокамерадан фойдаланиш ҳам мумкин. Аммо Эрон дрони унчалик қимматга ўхшамаган, бундан ташқари, фотосуратларда камера ҳам кўринмаган.

Бундай дронлар фақат Украина осмонида пайдо бўлганидан кейин кўп нарса ойдинлашди.

Украина осмонидаги дронлар

23 сентябр куни УҚК Бош қўмондони девонининг Стратегик алоқалар бошқармаси «Shahed-136» дронининг техник тавсифини эълон қилди.

Ҳужжатга кўра, эронлик муҳандислар ҳақиқатан ҳам бозорда мавжуд бўлган электрон компонентлардан фойдаланган, аммо уларни радиоэлектрон кураш тизимларига қарши бардош бериши учун, ҳамда сунъий йўлдош навигация сигнали бўлмаганда жанговар шароитларда ишлаши учун ўзгартиришган.

Қуддус институти ҳисоботида айтилишича, дрон двигателларига онлайн бозорларда эркин буюртма бериш мумкин. Элеронлар учун мўлжалланган моторларни радиобошқариладиган моделлардан олса бўлади. Дастурий таъминот ҳам радиомоделчилар учун мўлжалланган ва интернет тармоғидан бепул кўчириб олиш мумкин.

Лекин асосийси шундаки, бу камикадзе дронларда нишонга олиш тизими мутлақо йўқ. Улар ташқи учувчи ёки дрон томонидан бошқарилади.

23 сентябр куни Украина ҳарбий ҳаво кучлари «сувга қўндирилган» «Mohajer-6» дрони видеосини эълон қилди. Бу зарба-разведка мажмуаси бўлиб, ундан «Shahed» дронларини нишонга йўналтиришда фойдаланилган бўлиши мумкин.

Бундай дронларга қарши курашиш осон иш эмас. Улар катта бўлмаган баландликда учади, шу туфайли радарлар билан аниқлаш жуда қийин. Шу билан бирга, юзлаб километр ичкарига киради ва муҳим объектларга зарба беради. Уларни зенит қуроллари билан уриб тушириш ҳам қийин, чунки бир неча бирликлардан иборат гуруҳ бўлиб парвоз қилади.

Қурилманинг яна бир афзаллиги шундаки, бир вақтнинг ўзида бир нечтаси контейнердан учирилади. Уни юк машинаси ичига осонгина яшириш мумкин. Қанотли ракетанинг учирилишини радарда аниқлаш осон, аммо дронники қийин.

Ушбу дронларнинг камчилиги – катта ўлчами ва тезлиги паст экани. «Shahed» дронларининг қаноти кенглиги 2,5 метр, узунлиги эса 3,5 метрни ташкил қилади. Қолаверса, қурилма қаттиқ ғўнғиллаган товуш чиқаради, у ерда жуда яхши эшитилади.

Назарий жиҳатдан, бундай дронни қўл пулемёти билан уриб тушириш мумкин. Шунингдек, портатив зенит-ракета тизимлари ёки Германиянинг Gepard қурилмасига ўхшаш артиллерия-зенит тизимлари самарали бўлиши мумкин.

Ҳарбий эксперт Тарас Чмутнинг сўзларига кўра, ҳатто советларнинг эски ЗУ-23 зенит қурилмаси ҳам дронни уриб тушира олади. Аммо, бунинг учун «ўқланган, ҳисоб-китоб қилинган ва экипаж осмонга ўқ узишга тайёр турган бўлиши керак».

Умуман олганда, бу ҳар қандай ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига тааллуқлидир – асосийси нишонни топиш ва зенит тизимини унга қаратиш.

Дронларга қарши яна бир самарали восита – радиоэлектрон кураш тизими ҳисобланади. Айниқса, муҳандислар бундай тизимга қарши кураш воситаларини тежаган шароитда.

Украиналиклар деярли бус-бутун дронни қўлга киритишди. Энди унинг тузилмасини ўрганишлари, келажакда эса унга қарши кураш тизимларини созлаб олишлари мумкин.

Украина, эҳтимол, аллақачон Исроилдан бундай тизимларни олишга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин. Бу мантиқий кўринади – исроилликлардан бошқа ким ҳам Эрон дронлари билан қандай курашишни биларди.

Zman Yisrael (The Times of Israel газетаси томонидан асос солинган онлайн иброний нашр) хабарига кўра, Исроилнинг қандайдир ҳарбий компанияси Польша орқали Украинага дронларга қарши кураш тизимларини сотмоқда. Нашрнинг ёзишича, компания бу ҳақда мамлакат ҳукуматини хабардор қилган, аммо бунга кўз юмилмоқда, чунки Исроил Украинага расман қурол етказиб бермаяпти. Бундай таъминот қачон бошлангани ва қанча тизим етказилгани ҳақида хабар берилмаган.

Аммо дронларга қарши курашда Украина фақат радиоэлектрон кураш воситаларига таянмаяпти. 26 сентябр куни УНИАН Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Одессада Эрон дронларини уриб туширгани акс этган кадрларни тарқатди. Ушбу видеолавҳага қараганда, украин ҳарбийлари зенит-ракета тизимларидан фойдаланган.

Мавзуга оид