Жаҳон | 19:14 / 04.10.2022
25795
14 дақиқада ўқилади

Советлар яширган ҳодисалар: СССРда содир бўлган футбол фожиалари

Бундан бир неча кун олдин Индонезия чемпионати доирасидаги «Арема» – «Персебая» (2:3) ўйини фожиа билан якунланди. Кўплаб одамлар ҳалок бўлди. Совет иттифоқи даврида ҳам футбол ўйинлари туфайли бир қанча фожиалар содир бўлган. Анча одам ўлган ва жароҳатланган бўлса-да, бундай ҳодисалар оммадан яширилган. Фақат 1980-йиллар охирига келиб, СССР тарқаб кетиши арафасида улар ҳақидаги маълумотлар ошкор қилинган.

Фото: soccer.ru

2022 йил 1 октябр куни Индонезия чемпионати доирасидаги «Арема» – «Персебая» (2:3) ўйинидан сўнг ҳафсаласи пир бўлган «Арема» мухлислари майдонга югуриб чиқиб, ғалаён кўтаришди. Полиция одамларни тарқатиш учун шовқинли гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди. Оқибатда, стадионда тиқилинч юзага келиб, 174 киши ҳалок бўлди ва 180 киши жароҳатланди. Бу сўнгги 58 йил ичида футбол билан боғлиқ энг катта фожиа бўлди.

Фото: masrawy.com

Футбол пайдо бўлиб оммалашгандан буён турли стадионларда бундай тартибсизликлар ёки бахтсиз ҳодисалар кўп содир бўлган. Жумладан собиқ иттифоқ ҳудудида ҳам.

Гарчи СССРда ҳар доим «одамлар бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши» ҳақида тарғибот олиб борилса-да бу мамлакатда ҳам жиноятчилик бўлган. Аҳоли томонидан турли сабаблар билан оммавий тартибсизликлар келтириб чиқарилган.

Бундан ташқари, кўплаб инсонлар ўлимига сабаб бўлган турли бахтсиз ҳодисалар содир бўлган. Жумладан, футбол ўйинлари ўтказилган пайтларда стадионларда тартибсизликлар келиб чиққан ёки тиқилинчлар юзага келиб, одамлар ҳалок бўлган. Аммо уларнинг барчаси оммадан яширилган.

Фақат 1987 йилдан кейин, СССРнинг сўнгги раҳбари Горбачёв бошлаган ислоҳотлар туфайли жуда кўп тафсилотлар ошкор қилинди. Шундан сўнг омма Иккинчи жаҳон урушидан кейин содир бўлган аксарият воқеа ва ҳодисалар тафсилотидан хабардор бўлади.

«Динамо» Тбилиси – «Спартак» Москва

1954 йил 4 апрел.

СССР чемпионати. Олий лига, 1-тур.

«Динамо» Тбилиси стадиони. / Фото: wordpress.com

СССРда футбол билан боғлиқ жиддий фожиалардан бири 1954 йил 4 апрел куни Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида содир бўлган. Ўша куни чемпионатнинг илк турида маҳаллий «Динамо» жамоаси Москванинг «Спартак» жамоаси билан куч синашиши керак эди.

1953 йилда ўтказилган чемпионатда ҳакамларнинг ён босиши туфайли грузиялик футболчилар чемпионликни «Спартак»га бой берган ва иккинчи ўринни олганди. Шу сабабли «Динамо» жамоаси ўйинчилари бу баҳсда «Спартак»ни енгишни мақсад қилишганди.

Шунингдек, бу ўйинга «Динамо» мухлисларида қизиқиш кучли эди. Чипталар савдога чиқарилган заҳоти сотилиб кетади. Ўйин ўтказиладиган куни мухлислар севимли жамоалари асосий рақибни мағлубиятга учратишини томоша қилиш учун стадионга оқиб келади.

Ўйин бошланишига бир соат қолганда стадион тўлади ва милиция ходимлари стадионнинг кириш қисмига ўрнатилган темир дарвозани ёпиб қўйишади. Бу пайтда стадион ташқарисида ҳам жуда кўп мухлис бор эди.

Ўйин бошланишига ярим соат қолганда ташқарида қолган одамлар дарвоза томон сурилади. Милиция ходимлари ҳеч қандай чора кўра олмайди. Ана шу жойда тиқилинч юзага келади. Оқибатда тиқилинчда қолган одамлардан 20 нафари ҳалок бўлади. Яна бир неча ўн нафари турли даражада тан жароҳатлари олади.

Ўйинда «Динамо» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонади. Стадионда ўтирган мухлислар ташқарида содир бўлган тиқилинчда одамлар ҳалок бўлгани ва жароҳатлангани ҳақида билмайди. Ҳодисани фақат ташқарида қолиб кетганлар кўради.

Ўша пайтда стадион олдида одамларнинг ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани ҳақида расмий маълумот берилмайди. Аммо элнинг оғзига элак тутиб бўлмасди.

Одамлар орасида ўша куни тиқилинчда қолиб кетган юзлаб одамлар ҳалок бўлгани, стадион атрофида қон ариқ бўлиб оққани ҳақида ваҳимали гаплар тарқала бошлайди.

Орадан уч куни ўтиб маҳаллий газеталардан бирида «Динамо» - «Спартак»» ўйинига стадион сиғимида кўрсатилгандан бир неча баробар кўп чипта сотилгани, оқибатда мухлисларнинг бир қисми стадионга кира олмай, ташқарида қолиб кетгани ҳақида хабар берилади. Унда одамларнинг ҳалок бўлгани ва жароҳатлангани ҳақида умуман гап йўқ эди.

«Динамо» - «Спартак»» ўйини арафасида содир бўлган фожиа ҳақидаги ҳақиқат 1980-йиллар охирида оммага ошкор қилинади.

«Зенит» Ленинград – «Торпедо» Москва

1957 йил 14 май.

СССР чемпионати. Олий лига, 8-тур

«Киров» стадиони / Фото: pikabu.ru

1957 йил 14 май куни Ленинграддаги (ҳозирги Санкт-Петербург) Киров номли стадионда СССР чемпионатининг навбатдаги тур баҳси ўтказилади. Унда маҳаллий «Зенит» жамоаси Москванинг «Торпедо» жамоасига қарши майдонга тушади.

Ўйиннинг 73-дақиқасига келиб ўйиндаги ҳисоб 1:5 га етган ва «Торпедо» ғалаба қозонаётганди. Ўйин тугашига 5 минут қолганда маст мухлислардан бири «Зенит» дарвозаси ортига келиб ўйинчиларни сўка бошлайди. Милиция ходимлари уни стадиондан олиб чиқиб кетишади.

Шу пайтда йирик ҳисобдаги мағлубиятдан аламзада бўлиб турган мухлислар орасида ИИБ ходимларига нисбатан норозилик пайдо бўлади.

Ўйин тугагандан сўнг ҳакам ва футболчилар кийиниш хонасига кириб кетишади. Мухлисларнинг бир қисми милиция ходимларини ҳақорат қила бошлайди. Бошқалари эса совет тузумига қарши сўзларни айтиб, ИИБ ходимларига қараб турли буюмларни улоқтира бошлайди.

Мухлислар аввалига қўлларидаги шиша идишларни, кейин стадион ўриндиқларини синдириб ирғитади. Бу орада мухлислар стадионга чиқиб кела бошлашади.

Бир неча кун олдин стадион четига асфалт ётқизилган ва иш қуроллари бир четда турганди, мухлислар улар билан қуролланиб ИИБ ходимларига ҳужум қилади.

Бундан ташқари, жазавага тушган мухлисларнинг бир қисми кийиниш хонасига ҳужум қилади ва у ерда бўлган футболчилар, мураббийлар ва ҳакамлар қийинчилик билан эвакуация қилинади.

Шундан сўнг стадионга қўшимча милиция ва ёнғинга қарши кураш бўлинмалари жалб қилинади. Ўт ўчириш ходимлари жазавага тушган мухлислар устига сув пуркай бошлайди. Милиция бўлинмалари эса ўз ҳамкасбларини қутқара бошлашади.

Тартибсизликлар бир неча соатдан кейин, тунда куч билан тўхтатилади. ИИБ ходимлари қўлларига тушган барча мухлисларни бўлимларга олиб бориб тиқишади.

Қўлга олинганларнинг бир қанчасига советларга қарши тарғибот олиб борганлик айби қўйилади. Ўша пайтларда Сталин ўрнига раҳбар бўлган Хрушчёвнинг «Мамлакатда сиёсий маҳбуслар бўлмайди» деган гапи машҳур эди. Шу сабабли маҳбуслардан сиёсий айбловлар олиб ташланиб, улар безорилик қилганликда айбланиб, турли йилларга озодликдан маҳрум этилади.

Ўша пайтда стадионда содир бўлган тартибсизликларни бутун шаҳар эшитган бўлса-да, ҳодиса ҳақида ҳеч қаерда расмий маълумот берилмайди. Шу сабабли бу тўполонда ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганлар ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

«Торпедо» Кутаиси – «Пахтакор» Тошкент

1970 йил 30 октябр.

СССР чемпионати. Олий лига, 33-тур

«Торпедо» Кутаиси стадиони.

1970 йил 30 октябрида Гуржистоннинг Кутаиси шаҳридаги стадионда маҳаллий автозаводга тегишли «Торпедо» жамоаси Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси билан футбол бўйича СССР олий лигасининг навбатдаги турида ўзаро тўқнаш келади.

Бу ўйинда «Торпедо» 1:4 ҳисобида ютқазгач, жамоанинг қўйи лигага тушиб кетиши маълум бўлади. Бундан ғазабланган мухлислар стадионда тартибсизлик бошлашади ва ўриндиқларини синдириб, ғиштларни қўпориб майдонга улоқтиришади.

Тунда тартибсизликлар бутун шаҳарга ёйилади: одамлар кўчаларда турган кўплаб машиналарни ёқиб юборишади, бинолар ойналарини синдиришади.

Вазият милиция назоратидан чиқиб кетгач, Кутаисига ҳарбий бўлинмалар киритилади. Ўртада отишма содир бўлиб, аҳоли вакиллари, милиция ходимлари ва ҳарбийлардан бир неча одам ҳалок бўлади, кўпчилик яраланади.

Машҳур ўзбек футболи жонкуяри, шарҳловчи Ахбор Имомхўжаев ўзининг «Футбол — қувончим, дардим, фахрим» китобида Кутаисидаги воқеаларни «Пахтакор» учун муҳим бўлган ўйинлар қаторида санаб, унинг тафсилотларини келтирган. Унга кўра ўшанда Пахтакор жамоаси аъзолари зўрға жон сақлаб қолишган ва Кутаисидан Тбилисига минг бир азобда етиб олишган.

Ўша ҳодисаларга гувоҳ бўлганлар кейинчалик «Кутаиси шаҳридаги вазият худди фронтдаги ҳолатга ўхшаб қолганди» дейишган бўлса-да, ҳодиса ҳақида ҳеч қаерда расмий маълумот берилмайди. Унинг тафсилотлари ҳам 1980-йилларнинг охирига келиб очиқланади.

«Динамо»  Минск – «Динамо» Москва

1979 йил 10 октябр

СССР чемпионати. Олий лига, 28 тур.

Минскдаги «Трактор» стадиони / Фото: soccer.ru

1979 йилда Минскдаги «Динамо» стадиони 1980 йилда Москва олимпиадаси ўтказилиши муносабати билан таъмирлаш учун ёпилади. Маҳаллий «Динамо» жамоаси ўз ўйинларини Минскдаги сиғими анча кичик бўлган «Трактор» стадионида ўтказа бошлайди.

1978 йил 10 октябр куни «Динамо» «Трактор» стадионида «Динамо» Москва билан навбатдаги 28-турда баҳсда майдонга тушади.

27-тур натижаларига кўра, «Динамо» Минск турнир жадвалида 6-ўринда, рақиб «Динамо» Москва эса уч очко кўпроқ жамғариб 5-ўринда жойлашганди. Минсклик футболчилар учун бу баҳс муҳим бўлиб, улар ғалаба қозонса УЭФА кубогига йўлланма берувчи 5-ўрин учун курашиш имконияти ошарди.

Ўша йили «Динамо» Минск УЭФА кубогида баҳс олиб борарди. «Динамо» кейинги йил ҳам еврокубокка йўлланма олиши учун мухлислар зўр бериб жамоани қўллаб-қувватлаётган эди. Ўша куни ҳам стадионга сиғимида белгилангандан кўп мухлис келади.

Ўйин бошида «Динамо» Москва футболчиси ўз дарвозасига тўп киритади. Аммо минскликларнинг қувончи узоққа чўзилмайди. Танаффусгача москваликлар ҳужумчиси Валерий Газзаев «Динамо» Минск дарвозасига учта тўп киритади ва ҳисоб 1:3 бўлади. Иккинчи бўлимда минскликлар битта тўп киритишади ва ўйин 2:3 ҳисобида якунланади.

Ўйин тугагач, натижадан қониқмаган мухлисларнинг аксарияти стадионнинг автобус бекатига яқин бўлган 3-сонли чиқиш зинасига қараб юради.

Кўп минг сонли мухлислар зич ҳолда зинадан, эшикдан секин чиқа бошлайди. Шу орада ёш болалардан бири йиқилиб тушади. Отаси уни кўтариб олмоқчи бўлганда ортдан келаётган одамлар суриб юборади ва у ҳам йиқилиб тушади.

Шундан сўнг ортдан келганлар тўхтаб турганларни суриб бораверади ва одамлар бирин-кетин зинадан қулаб туша бошлайди. Расмий маълумотларга кўра «Трактор» стадионида ўша куни 4 киши ҳалок бўлган, 30 киши жароҳатланган.

Аммо ҳодиса гувоҳлари ҳодисада ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар сони кўпроқ бўлганини айтишган. Минскда содир бўлган бу ҳодиса ҳам яширилади ва у ҳақда ҳеч қаерда маълумот берилмайди.

«Спартак» Москва – «Ҳарлем» Нидерландия

1982 йил 20 октябр

УЭФА кубоги, 1/16 финал

«Лужники» стадиони, 1980-йиллар

1982 йил 20 октябр куни Москванинг «Спартак» жамоаси УЭФА кубогининг 1/16 финали доирасида Москвадаги «Лужники» стадионида Нидерландиянинг «Ҳарлем» жамоасига қарши ўйнайди.

Ўйин бўлиб ўтадиган кун ҳаво кескин совиб кетади. Ўйиндан олдин ёғган қор стадион майдони ва трибуналарини ҳам босган эди. Ўша куни фақат майдон ва иккита трибуна қордан тозаланади.

Ҳаво совуқ бўлгани учун 80 минг ўринли стадионга бор-йўғи 16 мингтадан сал кўпроқ чипта сотилади. Мухлисларнинг 4 мингга яқини А трибунада, қолгани метрога яқин бўлган С трибунага жойлашади.

Ўйиннинг 16-минутида «Спартак» ҳужумчиси Эдгар Гесс «Ҳарлем» дарвозасига тўп киритади. Ўйин охирида С трибунада ўтирган мухлислар стадионни тарк эта бошлайди. Улар ўйин шу ҳисоб билан тугайди деб ўйлашади.

Минглаб одамлар чиқиш эшигига қараб юрар экан, мухлислардан бири йиқилиб тушади. Одамлар унга ёрдам бериш учун тўхташади. Аммо ортдан келаётган вазиятдан бехабар бўлганлар ҳаракатда давом этади ва шу тариқа олдинда бўлганлар тиқилинчда қолиб кетади.

Оқибатда «Спартак»нинг 66 нафар ишқибози ҳалок бўлади, уларнинг аксарияти 14–19 ёшдаги ўсмирлар эди. Ўшанда одамлар орасида стадиондаги тиқилинчда юзлаб одамлар ҳалок бўлгани ҳақида миш-мишлар тарқалади.

Ўйиндан кейин совет газеталари унинг натижаси ҳақида маълумот беришади, аммо стадионда содир бўлган фожиа ҳақида ёзишмайди. Фақат, «Вечерняя Москва» газетасида «Лужники» стадионида «бахтсиз ҳодиса» содир бўлгани, оқибатда бир неча нафар одам ҳалок бўлгани ҳақида кичик хабар берилади.

Мазкур ҳодиса тафсилотлари ҳам 1980-йиллар охирида очиқланади ва жамоатчилик ўшанда «Лужники» стадионида қанча одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар топади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид