11:41 / 05.10.2022
7086

Кутубхона ресурсларини ҳисобга олиш ва сақлаш тартиби белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Ахборот-кутубхона муассасаларида ахборот-кутубхона ресурсларини ҳисобга олиш, фондларни сақлаш ва ҳисобдан чиқариш соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: Kun.uz

Ҳужжат билан ахборот-кутубхона муассасаларида ахборот-кутубхона ресурсларини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, у билан қуйидагилар белгиланган:

  • ахборот-кутубхона ресурслари ҳисобини юритишга қўйиладиган талаблар (ҳисобга олиш ахбороти тўлиқлиги ва ишончлилиги, ахборот-кутубхона фондига ҳар бир кирим ва чиқимни ҳужжатлаштирилган кўринишда расмийлаштириш, қабул қилиш ва ҳисобга олиш шакллари);
  • ахборот-кутубхона ресурсларини ҳисобга олиш тизими (ахборот-кутубхона фондининг барча бўлинмаларини ҳисобга олиш, ахборот-кутубхона фонди бўйича давлат статистика ҳисоботини топшириш, айрим ахборот-кутубхона ресурслари ҳисобга олиниши);
  • ахборот-кутубхона ресурсларини жамланма ва якка тартибда ҳисобга олиш, ахборот-кутубхона фондини ахборот-кутубхона муассасаси томонидан тузиладиган комиссия томонидан текшириш тартиби.

Ахборот-кутубхона муассасалари ахборот-кутубхона фондларини сақлаш тартиби тўғрисидаги низомда қуйидагилар назарда тутилган:

  • доимий, узоқ муддатли, вақтинчалик сақлаш талаблари;
  • ахборот-кутубхона муассасалари томонидан ноёб, алоҳида қимматга эга ва нодир нашрлар фондларини асраш ва сақлашга қўйиладиган асосий талабларни белгилаш;
  • ахборот-кутубхона фондларини ташкил этиш ва улар бутлигини таъминлаш, улардан тўғри фойдаланиш қоидаларини белгилаш (ахборот-кутубхона ресурсларини расмийлаштириш, ҳисобга олиш каталоглари ва картотекаларга ажратиш, фондлардан фойдаланишда улардан нусхалар олиш, уларни шикастланишдан сақлаш).

Ахборот-кутубхона ресурсларини ахборот-кутубхона муассасалари фондлари ҳисобидан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, бу ахборот-кутубхона муассасаси директори ёки таркибий бўлинма раҳбари буйруғи билан амалга оширилади.

Ахборот-кутубхона ресурсларини ҳисобдан чиқариш бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ушбу комиссия асосий вазифалари назарда тутилган.

Ахборот-кутубхона фондидан бир йилда камида бир марта ахборот-кутубхона ресурслари ҳисобдан чиқарилади. Бунда ахборот-кутубхона фондидан чиқариш тақиқланган ахборот-кутубхона ресурслари рўйхати тузилади.  

Top