Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Молдова «Газпром»ни шартномани бузганликда айблади
Молдова бош вазири ўринбосари Андрей Спинунинг айтишича, «Газпром» қиш арафасида молдоваликларга газ бермаслик учун баҳона қидирмоқда. Аввалроқ Россия концерни Молдовага газ етказиб беришни тўлов йўқлиги сабабли тўхтатиш имкониятига ишора қилган эди.
«Газпром» Молдовага ўзи бериши шарт бўлган газ миқдорининг атиги 70 фоизини етказиб бериб, «Молдовагаз» билан шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бузмоқда. Бу ҳақда 4 октябр, сешанба куни Молдова ҳудудий ривожланиш ва инфратузилма вазири Андрей Спину маълум қилди. «Газпром» ўз мажбуриятларини бузмоқда ва қиш арафасида молдоваликларга газ бермаслик учун баҳона қидирмоқда», — деб ёзди у Telegram-каналида.
Вазирнинг сўзларига кўра, «Молдова Республикаси ҳар доим газ учун, шу жумладан, олдиндан тўлаган». «Тўловларнинг бироз кечикиши табиий газ нархининг катта ўсиши билан боғлиқ», деб тушунтирди Андрей Спину.
Ўз навбатида, «Молдовагаз» АЖ бошқаруви раҳбари Вадим Чебан компания октябрь ойида Россия энергетика концерни олдидаги шартнома мажбуриятларини бажариш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишига ишонтирди.
Аввалроқ, ўша куни «Газпром» 2022 йил давомида «Молдовагаз» етказиб берилган газ учун тўлов муддати тўғрисидаги келишув шартларини мунтазам равишда бузганлигини, шунингдек, етказиб бериш ҳажми бўйича шартнома мажбуриятларини ўзгартириш учун бир неча бор мурожаат қилганини билдирган эди.
Шу муносабат билан, россиялик монополист «барча ҳуқуқларини, жумладан, 2022 йил 20 октябргача газ учун тўлов мажбурияти бузилган тақдирда, «Молдовагаз» АЖнинг тарихий қарзини тўлаш бўйича шартнома тузиш муддатларини қўпол равишда бузганлиги сабабли етказиб беришни тўлиқ тўхтатишни, шартномани исталган муддатда ва ҳар қандай вақтда бекор қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади», дея маълум қилди.
«Газпром» Молдованинг газ бўйича тарихий қарзини тўлашни талаб қилмоқда, Россия компанияси ҳисоб-китобларига кўра (пенялар билан бирга), у - 709 миллион доллар. Ўз навбатида, Кишинёв қарз миқдорига эътироз билдиряпти ва мустақил текширишни талаб қиляпти.
«Молдова Республикасининг манфаати тўғри ва реал миқдорларни тўлашдан иборат. Молдова унга тегишли бўлмаган қарзларни тўламайди», - деди Андрей Спину бу борада.
Мавзуга оид
09:45 / 16.06.2026
Украина ва Молдова ЕИ аъзолиги сари яна бир қадам ташлади
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
22:09 / 08.06.2026
«Газпром» Ўзбекистонга экспортни 15 фоизга оширганини маълум қилди
13:41 / 18.03.2026