Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида қўшма баёнот ва 15 та ҳужжат имзоланди
Имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклигини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Будапешт шаҳрида ўтган олий даражадаги музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот имзолади.
Ҳужжатда музокаралар дўстона, очиқ ва конструктив руҳда ўтгани қайд этилган, ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштириш кўзда тутилган, дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлгани таъкидланган.
Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришга қаратилган 15 та ҳужжат имзоланди. Булар:
- 2023-2024 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастур;
- фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси;
- қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳаракатлар режаси;
- жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- фанни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим.
Божхона, адлия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги, узумчилик, инвестиция соҳаларида, Ўзбекистон Давлат бошқаруви академияси ва Венгрия Давлат хизмати университети, Самарқанд вилояти ва Хайду-Бихар округи, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ва Ташқи ишлар ва савдо институти, Тошкент давлат аграр университети ва Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга икки кунлик расмий ташрифи тадбирларга бой ва сермаҳсул бўлди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари Венгрияда президент Каталин Новак билан учрашув ўтказди. Ушбу мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан Ўзбекистонда аниқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалари кўриб чиқилди.
Бош вазир Виктор Орбан билан музокаралар бўлиб ўтди, улар якунида салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди.
Ташриф дастуридаги тадбирлар якунлангач, Ференц Лист номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмонни Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Надь ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди. Биринчи борт Тошкентга учиб кетди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Венгрияга икки кунлик расмий ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.
Мавзуга оид
20:59 / 26.11.2024
Президентга транспорт соҳасидаги трансформация жараёнлари тақдим этилди
19:05 / 26.11.2024
Наманганда флюорит тошини қайта ишлаш йўлга қўйилиши мумкин
23:08 / 25.11.2024
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси лавозимига сайланди
21:10 / 25.11.2024