Жаҳон | 11:24 / 05.10.2022
32178
2 дақиқада ўқилади

РФ мудофаа вазирлиги ҳарбий ҳаракатлар харитасини намойиш этди

Херсон областида Россия армияси бир кунда 30 километрга чекингани маълум бўлди.

Vladyslav Musiienko / Reuters / Scanpix / LETA

Россия мудофаа вазирлиги ҳар кунги брифингда Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар харитасини намойиш этиб боради — ундан 4 октябр куни ҳолатига Россия қўшинлари амалда Харкив областини тўлиқ тарк этгани ва Херсон области шимолида чекинганини кўриш мумкин.

Тақдим этилган харитага кўра, Харкив областида Россия назоратида Двуречное посёлкасидан шимоли-шарқдаги кичик ҳудудгина қолган. Бир кун аввал вазирлик областда Оскол дарёсидан шарқдаги ҳудудлар Россия назоратида қолаётганини маълум қилганди. Бундан келиб чиқадики, 3-4 октябр кунлари Украина қуролли кучлари областда Россия назоратида бўлиб турган ҳудуднинг тахминан учдан икки қисмини озод этган.

«Агентство» Россия қўшинлари Херсон области шимолида ҳам чекинганига эътибор қаратган. Бир кун муқаддам намойиш этилган харитада фронт чизиғи Давидов Брод, Добрянка ва Золотая Балкани ўз ичига олгани акс этган. 4 октябр куни эса вазирлик намойиш этган харитада бу ҳудудлар Россия армияси назоратида эмаслигини кўриш мумкин. Шу тариқа, ҳудуддаги фронт чизиғи тахминан 30 километр жанубга сурилган.

Украина мудофаа вазирлиги мамлакат армияси Херсон областидаги Давидов Брод қишлоғини озод этгани ҳақида маълум қилган.

  • Август ойи охири — сентябр ойи бошида Украина кенг кўламли қарши ҳужум бошлади, натижада кўплаб шаҳар ва қишлоқлар қайтариб олинди, хусусан, Харкив области деярли тўлиқ озод этилди.
  • 11 сентябр куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний украин армияси сентябр ойи бошидан буён уч минг квадрат километрдан ортиқ ҳудудни Украина назоратига қайтарганини маълум қилганди.
  • Украинларнинг қарши ҳужумлари ортидан Россияда 21 сентябр куни сафарбарлик эълон қилинди.

Мавзуга оид