Жаҳон | 17:01 / 05.10.2022
35230
12 дақиқада ўқилади

Украинанинг янги «кузир»лари. НАТО Украинага қандай қуроллар етказиб бермоқчи?

Харкив областидаги муваффақиятли қарши ҳужумдан сўнг Украина армияси Россия қўшинларига аниқ зарбалар беришда давом этмоқда. Мамлакат шимоли ва жанубида кескин жанглар кетяпти. Москва маълумотларига кўра, Киев навбатдаги ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда.

IRIS-T SL ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими

Бироқ об-ҳаво ўзгаряпти. Кузда жанглар давом этаётган ҳудудларда лойгарчилик кузатилса ҳужум қилиш деярли имконсиз ишга айланади. Чунки уларсиз олдинга силжиш ва душманга қарши самарали ҳужум қилиш қийин бўлган оғир ҳарбий техникалар бундай шароитларда шунчаки лойга ботиб қолади. Асфальт йўллар эса доимо артиллерия қуроллари нишонида туради. Шу сабабли, Украина қуролли кучлари (шунингдек, Россия армияси ҳам) келгуси йилдаги урушнинг янги босқичига тайёргарлик кўришни бошлаб юборган.

Москва шошилинч сафарбар қилинаётган россияликлар орқали фронтдаги йўқотишлар ўрнини тўлдиришига умид қилаётган бўлса, Киев Ғарбнинг энг сўнгги технологиясига муҳтожлигини таъкидлаб келади.

Украина аллақачон қарши ҳужумда муваффақиятга эришди, аммо энди бу устунликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш керак. Украинага Ғарбдаги иттифоқчиларнинг қайси энг сўнгги технологиялари ёрдам беради — қуйида шу масала кўриб чиқилади.

IRIS-T SL зенит ракеталари (Германия)

Бундесвернинг (Германий армияси) замонавий ҳаво ҳужумидан ҳимоя ракеталари. Ушбу ракета тизими шунчалик янгики, немислар у билан ҳали ўз армиясини таъминлашга ҳам улгурмади, лекин янги қуролни дарҳол Украина қуролли кучларига юборишга ваъда берди.

Замонавий ракеталар 1990-йиллар охирларида НАТО самолётлари учун ишлаб чиқилган ва 2000-йиллар ўрталарида ер типига асосланган ракеталарнинг биринчи синовлари ўтказилган. Улар асосида нафақат Россия самолётларини, балки дронларни ҳам нишонга ола билувчи ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими йиғилган. Ушбу зенит ракеталар тўплами Москва Эрондан сотиб олган «Shahed-136» камикадзе дронларини ҳам муваффақиятли йўқ қила олади.

Ракеталар инфрақизил йўналтирувчи каллаклардан фойдаланади, бироқ дастлабки ўқ узиш радарлардан олинган GPS маълумотлари ёрдамида амалга оширилади, бу эса нишонни аниқроқ мўлжалга олиш имконини беради. Ракетанинг учиш тезлиги 3,5 минг км/соатдан ошади, бу Россиянинг энг замонавий Су-57 самолётлари тезлигидан (2,6 минг км/соатгача) юқорироқ.

Россия аэрокосмик кучларининг ҳаводаги устунлиги ҳисобга олинса, нафақат осмонни назорат қила оладиган, балки муҳим объектларни дронлар зарбасидан ҳимоя қиладиган энг янги ҳаво мудофаа тизимларини Киевга етказиб бериш Украина қуролли кучларининг олдинга ҳаракатланган бўлинмаларини ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилиш имконини ҳам беради.

Назарий жиҳатдан, янги ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари ҳатто тактик ядро қуроллари зарбасини ҳам қайтариши мумкин. Бироқ амалиётда бундай синовлар ҳеч қачон ўтказилмаган, шу сабаб янги зенит ракета тизимлари украиналикларни ядровий ҳужумлардан қанчалик ҳимоя қила олиши номаълум.

NASAMS ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими (АҚШ ва Норвегия)

Норвегия ва АҚШ томонидан биргаликда ишлаб чиқарилган яна бир ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими. Унинг горизонтал ўқ узиш баландлиги IRIS TL’никидан бироз юқорироқ — 21 километрга 20 километр. NASAMS 1 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари AIM-120 AMRAAM ракеталари билан жиҳозланган.

NASAMS’нинг уч туридан қайси бири Украинага юборилишига қараб, Киев Россиянинг ҳаво нишонларини уриб тушириш ва 120-180 километргача бўлган масофадаги муҳим объектларни ҳаво ҳужумидан қўриқлаш имкониятига эга бўлади. Мантиқан Украина қуролли кучларига NASAMS’нинг сўнгги учинчи версияси берилади, чунки у Германиянинг IRIS ракеталари билан мос келади, бу эса иккала қурилмада ҳам бир хил ўқ-дорилардан фойдаланишга имкон беради.

Бунда ташқари, NASAMS’нинг иккинчи версиясидан бошлаб тизим махсус Link-16 алоқа технологиясидан фойдаланади. Link-16 янада яхши уюштирилган ҳужум ёки мудофаани амалга ошириш учун ҳар хил турдаги қўшинларнинг куч ва воситаларини мувофиқлаштириш имконини яратади. Бундай тизимидан НАТО давлатлари фойдаланиб келади.

Назарий жиҳатдан, ушбу технология Киевнинг иттифоқчиларига Украина қуролли кучларига нишонга олиш ва разведка қилишда ёрдам кўрсатиш имконини беради, чунки Украинада бу учун зарур бўлган самолёт ва кемалар йўқ.

FV1O3 Spartan зирҳли машинаси (Буюк Британия)

Рўйхатдаги энг эски ҳарбий техника, бироқ ҳозирги шароитда Украина учун жуда муҳим. Spartan жуда енгил зирҳли транспорт воситаси бўлиб, у соатига 90 километрдан юқори тезликда юра олади, лойда тиқилиб қолмайди, шунингдек, 7,62 мм калибрли пулемётга ҳам эга.

1970-йиллар охирида ишлаб чиқилган FV1O3 техникаси Фолкленд урушида (Британия бу урушда фақат шу машиналар билан жанг қилган) худди шундай шароитларда (лойгарчилик ва ботқоқлик) ўзини кўрсатган.

Ҳозирда Киевда ўттиздан ортиқ шундай машиналар бор. Бу зирҳли транспортёрлар нафақат тирик кучларни миналардан тезда олиб ўтиш, балки вазиятни ўрганиш, зарур жиҳозларни етказиб бериш (машинага пиёдалар ўрнига ўқ-дорилар ёки ёнилғи юкланиши ҳам мумкин), шунингдек, агар керак бўлса, бўлинмани эвакуация қилиш ёки пиёдаларни пулемёт билан қўллаб-қувватлаш имконига ҳам эга.

Ушбу техниканинг муаммоли томони – паст ўқ узиш кучига эгалигидир (гарчи танкка қарши ракетали ва катта калибрли турелли турлари мавжуд бўлса-да Киевга Spartan’нинг пулемётли версияси берилди). Шу билан бирга FV1O3 Spartan русларнинг ПТКМ-1Р «сакровчи» миналаридан заиф ҳимояланган.

Зирҳнинг юқори қисмига зарба берувчи бундай мина тури Spartan’нинг бутун экипажи, ундаги пиёдалар ва машинанинг ўзини ҳам йўқ қилади. Мина янги ишлаб чиқарилган, бироқ россияликлар бундай турдаги миналарни жангларда аллақачон қўлламоқда.

MQ-1C Grey Eegle (АҚШ)

Киев Россия қўшинларига қарши курашда ҳарбий дронлардан жуда самарали фойдаланмоқда. Айниқса, Туркиянинг Bayraktar TB2 дронлари Украина қўшинлари учун катта хизмат кўрсатяпти. Бироқ, Пентагон бу етарли эмас деган қарорга келди. Шу сабабли, сўнгги бир неча ҳафтадан бери Киевга янада универсалроқ ва кучлироқ MQ-1C Grey Eagle дронларини етказиб бериш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Умуман олганда, MQ-1C энг кучли зарба берувчи ва разведка қилувчи дронлардан биридир. «Кулранг бургут» дронлар орасида энг кўп фойдали юкни (ярим тоннагача) кўтаради ва 9 минг метр баландликкача учиш қобилиятига эга (ундан баландроқ Исроилнинг Hermes ва Heron дронларигина уча олади). Дроннинг учиши давомийлиги 30 соатгача бўлиб, 250 км/соат тезликда ҳаракат қилиши мумкин.

MQ-1C Grey Eagle қаноти остида тўртта Hellfire танкка қарши ракеталарини ёки саккизта Stinger ёхуд тўртта GBU-44/B Viper Strike бомбасини олиб юради.

Teledyne Flir Black Hornet (Норвегия) мини-дрони ва Titan C-UAS (АҚШ) дронга қарши тизими

Норвегия ва Тайван Украинага камроқ кучли, аммо янги технологияли ушбу дронларни етказиб беришни ваъда қилган. Норвегия ёз охиридаёқ Киевга бир неча юзлаб кичик Black Hornet разведкачи дронларини жўнатди.

Уларнинг асосий вазифаси — тактик разведка ва жанговар кузатув бўлиб, дронлар икки километр радиусда ишлайди. Уларни битта оператор бошқариши мумкин, 33 граммлик ушбу дронларни ишга тушириш уй дронлариникидан қийинроқ эмас.

Бундай ҳажмдаги учувчисиз қурилмалар ҳар қандай ҳужум гуруҳини улар билан таъминлаш имконини беради, улар орқали жанг майдонида нима содир бўлаётганини яхшироқ тушуниш, шунингдек, душманнинг қандай ҳаракатланиши ва қайси позицияларни эгаллашини кузатиш мумкин.

Дронларнинг ўзидан ташқари, Украина уларга қарши курашиш учун махсус қурилмалар ҳам олади. Агар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари катта дронларни йўқ қилса, Titan C-UAS станцияси 1,5 км радиусда ушбу турдаги ҳар қандай қурилмани шунчаки ўчириб қўйиши мумкин.

Вашингтон Киевга ўн иккита шундай тизимни юборишга ваъда берди. Украина қуролли кучлари бу орқали нафақат HIMARS батареялари, балки Ғарб томонидан етказиб бериладиган бошқа мураккаб ва қиммат қуролларни ҳам ҳаводан ҳимоя қила олиши мумкин.

Ҳарбий технологиялар

Муайян қурилмалардан ташқари, кўплаб АҚШ ва Ғарб компаниялари Украина қуролли кучларини янги технологиялар билан ҳам таъминламоқда. Баъзи компания ва ғарблик иттифоқчилар учун бу уруш қайсидир маънода барча тадқиқотларни потенциал рақиб — Россияга қарши синаб кўрувчи катта полигон ҳамдир.

НАТОнинг замонавий қуроллари ҳеч қачон Россия ҳарбий-саноат мажмуасининг сўнгги қурилмалари билан тўқнаш келмаган. Альянс мамлакатларининг энг сўнгги қурол-яроғ ва қурилмаларни Киевга беришга тайёр эканликларининг сабабларидан бири ҳам шу. Украинада қўлланган янги технологияларнинг энг машҳур намуналаридан бири бу Илон Маскнинг Starlink интернет тармоғидир. Ер орбитасидаги ўнлаб сунъий йўлдошлар ёрдамида бирлаштирилган глобал тармоқ Украина кучларига нафақат алоқа мавжуд бўлмаган шароитларда ўз ҳаракатларини мувофиқлаштириш, балки жанг майдонида нималар содир бўлаётганини тезда кўриш имкониятини ҳам тақдим этади.

АҚШ ҳукумати Украина қуролли кучларига сунъий интеллект (сунъий йўлдош тасвирлари орқали жанг майдонидаги маълумотларни таҳлил қилади), юзни аниқлаш (ушбу технология уруш жиноятларини тергов қилишда ёрдам бериши керак), овоз анализи (суҳбатларни транскрипция қилиш ва таҳлил қилиш) ва бошқа соҳаларда ёрдам бераётган бир қатор компаниялар билан шартнома тузмоқда.

Қайси янги жўнатмалар фронтдаги вазиятни ўзгартириши мумкин?

Украина қўшинларига янги қуроллар етказиб берилиши Россия армияси учун жиддий чақириқ бўлади. Ҳозиргача НАТО техникалари жангларда жуда самарадор эканини кўрсатди: Украина қуролли кучлари уларни фронтнинг барча қисмларида қўлламоқда, ҳужум ва мудофаада фаол фойдаланяпти.

Москва учун энг катта муаммолар ҳаво ҳужумидан мудофаа қурилмалари Украинага етказиб берилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин, чунки бу Россиянинг ҳаводаги устунлигини йўққа чиқаради. Бу эса ўз навбатида Россия қўшинларининг Украинага ҳар қандай ҳужумини қийинлаштиради.

Бундан ташқари, Украина қуролли кучларининг разведка соҳасидаги пешқадамлиги ҳам ошиши мумкин — зарбдор ва айғоқчи дронлар аллақачон Украина қўмондонлигига жанг майдонидаги вазиятни душманга қараганда яхшироқ тушунишига ёрдам бермоқда. АҚШнинг дронга қарши тизимлари Москванинг бу борада орқада қолишини янада кучайтиради.

Юқоридагиларга қарамай, Киев янада кўпроқ қурол юборишни сўрашда давом этмоқда. Украина ҳали ҳам оғир қуроллар бўйича Россиядан ортда қолмоқда, улар артиллерия ва узоқ масофага ўқ узувчи қуролларга жуда муҳтож. Бу ҳақда Володимир Зеленский БМТга видеомурожаатида, шунингдек, Харкив областидаги қарши ҳужумдан кейин айтиб ўтди.

Кузги лойгарчилик ва қишки совуқ шароитида тирик кучлардаги устунлик ҳал қилувчи рол ўйнамайди, лекин оғир техника ва артиллерия қуроллари биринчи ўринда қолади. Ғарблик иттифоқчилар аллақачон бу борада Украинага ёрдам беришни ваъда қилди, Киев янги жўнатмаларни кутмоқда. Жанговар амалиёт шуни кўрсатадики, реал жангда рус қуроллари НАТО қуроллари билан ҳали тенглаша олмайди.

Мавзуга оид