Жаҳон | 19:36 / 07.10.2022
11373
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда байроқ ва мадҳияни ўзгартириш таклиф этилди

Қирғизистон парламенти (Жогорку Кенеш) йиғилишида депутат Арсланбек Малиев мамлакат давлат рамзларига тузатишлар киритишни таклиф қилди.

Фото: Akipress

Жумладан, депутат байроқ ранги ва мадҳиядаги сўзларни ўзгартиришни истамоқда. Унинг фикрига кўра, байроқ ранги СССР даврида танланган.

«Қирғизларнинг байроғи кўк рангда бўлгани тарихдан маълум. Шу туфайли байроқ рангини ўзгартиришимиз керак. Бу ҳақда қонун лойиҳаси тайёрланмоқда. Мадҳиядаги баъзи сўзлар ҳам ўзгартирилиши лозим. Тарихий рамзларимизга қайтиш вақти келди», деди у.

Аввалроқ Арсланбек Малиев мамлакат номини ўзгартиришни таклиф қилган эди. У таклиф қилган вариантлар орасида «Қирғиз эли», «Қирғиз хоқонлиги», «Қирғиз ери» бор эди.

Қирғизистон Республикасининг давлат байроғи 1992 йил 3 март куни қабул қилинган. У қизил тўртбурчак шаклида бўлиб, ўртасида олтин рангда товланувчи қуёш нурлари ва қирғизларнинг анъанавий уйи — ўтовнинг юқори қисми тасвирланган. 

Қирғизистонда байроқ ранги ва мадҳиясидаги сўзларни ўзгартириш масаласи биринчи марта муҳокама қилинмаяпти.

2011 йилда парламент фракциялари депутатлари, шунингдек, жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия мадҳия матнидаги 5-6 та сўз ноаниқ эшитилишини қайд қилиб, уларни янада жўшқин ва мазмунли сўзлар билан алмаштириш зарур деган хулосага келган эди. Шунингдек, бир гуруҳ депутатлар давлат байроғидаги қизил ранг тажовуз ва урушни англатишини таъкидлаган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид