Жамият | 18:46 / 07.10.2022
16491
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳрида Халқаро гастрономик фестивал бошланди — фотогалерея

Икки кун мобайнида ташкил этиладиган фестивал меҳмонлари мазали таомлар ва байрам томошаларидан баҳраманд бўлишади. Шунингдек, фестивал доирасида умумий овқатланиш корхоналари ва ошпазлар ўртасида ўзига хос танлов ҳам ўтказилади.

Фото: Kun.uz

Энг муҳими — тадбирга ташриф буюрган хўрандалар, меҳмонлар ва сайёҳлар учун хорижий давлатлардан келган ошпазлар маҳорат дарсларини намойиш этмоқда.

Улар орасида Саудия Арабистони Ошпазларни ривожлантириш жамияти асосчиси ва бошқарув раиси, Бутунжаҳон бош ошпазлар ҳамжамияти уюшмасининг (WАCС) аккредитациядан ўтган уста ошпази Хони Зайн Муҳаммад, тан олинган барбекю мутахассиси, халқаро ошпазлик ҳаками, Россия Миллий ошпазлар гилдиясининг ва кўплаб хорижий профессионал уюшмаларнинг фахрий аъзоси Николай Баратов,  Қирғизистон ошпазлар уюшмаси раиси, халқаро ошпазлик ҳаками Шуҳрат Шарипов ҳам бор.

Ўзбекистор Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси томонидан ташкиллаштирилган фестивалдан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг гастрономик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, гастрономик туризм йўналишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, миллий пазандалик анъаналарини оммалаштириш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтиришдир.

Бугун очилган фестивал эртага, 8 октябр куни ҳам давом этади ва унда ғолибларни тақдирлаш маросими ҳам ўтказилади.

Kun.uz мухбири Самарқанд шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида ўтказилаётган Гастрономик фестивалдан фотолавҳалар тақдим этади.

Суратларни Жаҳонгир Алибоев олган.

Мавзуга оид