Ўзбекистон | 13:45 / 11.10.2022
2645
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Савдо вазирлиги делегацияси Ўзбекистонга келади

16 октябрь куни АҚШ Савдо вазирлиги делегацияси Тошкентга келади, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов билан бўлиб ўтган учрашув чоғида Америка делегациясига бошчилик қиладиган АҚШ савдо вазирининг ўринбосари Мариса Лаго шу ҳақда маълум қилди.

Музокаралар чоғида бўлажак ташриф кун тартиби ва ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. АҚШ Савдо вазирлиги вакили ўзаро савдо ва сармоявий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган қўшма дастур ҳамда ташаббусларни илгари суришда ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.

Америка делегациясининг Ўзбекистонда бўлиши давомида бир қатор вазирлик ва идораларда учрашув ва музокаралар, Америка ва маҳаллий компанияларнинг ишлаб чиқариш қувватлари билан танишувлар, Америка Савдо палатаси - AmCham Uzbekistan аъзолари билан алоҳида брифинг ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, АҚШ Савдо вазирлигининг қисқа муддатли бизнес амалиёти махсус дастури (SABIT) битирувчилари ва Ўзбекистон Ишбилармон аёллар ассоциацияси вакиллари билан учрашувлар ўтказилиши назарда тутилмоқда.

Вазир ўринбосари бошчилигидаги Савдо департаменти делегацияси пандемия тугаганидан бери Ўзбекистонга биринчи марта ташриф буюрмоқда. M.Лаго АҚШ савдо идорасининг Президент Жо Байден маъмуриятидаги бундай юқори даражадаги биринчи вакили сифатида мамлакатга келади.

2018 йил октябрь ойида АҚШ савдо вазири Уилбур Росс Тошкентга ташриф буюрган эди. Уилбур Росс билан эришилган келишувларга мувофиқ, 2019 йил июнь ойида АҚШ Савдо вазирлигининг сертификатланган Савдо миссияси Ўзбекистондаги бизнес ва сармоявий муҳит билан яқиндан танишиш мақсадида Американинг 13 та йирик компаниялари билан Тошкентга келган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид