Жаҳон | 08:34 / 11.10.2022
22150
2 дақиқада ўқилади

Миллиардер Юрий Милнер Россия фуқаролигидан воз кечди

Тадбиркор Юрий Милнер Россияни 2014 йилда, Қрим аннексия қилинганидан кейин тарк этган. 1999 йилдан бери DST Global асосчиси Исроил фуқароси ҳисобланади.

Фото: Getty Images

DST Global венчур фонди асосчиси Юрий Милнер ҳамда унинг оила аъзолари Россия фуқаролигидан воз кечди. Бу ҳақда миллиардернинг ўзи 10 октябр, душанба куни Twitter микроблогида маълум қилди.

Милнернинг сўзларига кўра, у 2014 йилда, Россия Украинанинг Қрим яриморолини аннексия қилганидан кейин «Россияни абадий тарк этган». У 2022 йилнинг ёзида Россия фуқаролигидан чиқиш жараёнини якунлашга муваффақ бўлди.

Илм-фан ва технология соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланувчи Милнер, Forbes журналига кўра, 7,3 миллиард доллар (7,5 миллиард евро) бойликка эга. 1999 йилда тадбиркор Исроил фуқаролигини олди ва бир неча йил шу мамлакатда яшади, шундан сўнг у АҚШга кўчиб ўтди, деб эслатади нашр.

Июнь ойида яна бир миллиардер, Freedom Finance инвестиция компанияси асосчиси Тимур Турлов (2,4 млрд доллар) Россия фуқаролигидан чиқишини эълон қилди. У Қозоғистон фуқаролигини олди, ўша пайтда у Қозоғистонда 10 йилдан ортиқ яшаб келаётганди.

1 сентябр куни «Тройка Диалог» сармоя компаниясининг собиқ эгаси ва Сколково мактаби ҳаммуассиси, миллиардер Рубен Варданян (1 млрд доллар) ҳам Россия фуқаролигидан воз кечиш ва Арманистон фуқароси мақомида тан олинмаган Тоғли Қорабоғга кўчиб ўтиш ҳақида гапирди.

Мавзуга оид