Ўзбекистон | 13:37 / 11.10.2022
8226
1 дақиқада ўқилади

Қамчиқ довонида 3 та юк машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлди

Бугун, 11 октябрь куни соат 05:45 да А-373 Тошкент-Ўш халқаро автомобиль йўлининг 222,5-километри, Қамчиқ довони қисмида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, «Водий-Тошкент» йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Volvo юк машинаси ҳайдовчиси кутилмаганда бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва 5 тонналик ҳамда 8 тонналик Isuzu юк машиналари билан тўқнашган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 8 тонналик Isuzu юк машинасида ёнғин келиб чиққан.

ФВВ «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси қутқарувчилари ва ЙПХ ходимлари воқеа жойига етиб борган. Қутқарувчилар махсус асбоб-анжомлар ва техникалар ёрдамида ёнаётган машинани соат 06:07 да ўчирган. Ҳодиса оқибатларини бартараф этишга фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизимига кирувчи ташкилотлар куч-воситалари ҳам жалб этилган.

Қутқарувчилар томонидан воқеа жойида жабрланган 3 нафар юк машиналари ҳайдовчиларига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ.

Мавзуга оид