Ўзбекистон | 20:01 / 13.10.2022
25479
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда иккита автобус ҳайдовчисининг ўзаро жанжали ўлим билан якун топди

Йўловчи ташувчи иккита автобус ҳайдовчиси бекатда ўзаро жанжаллашган. Автобуслардан бири ҳаракатланганда, иккинчи автобус ҳайдовчиси унинг эшигига осилган. Сўнг қулаб тушиб, автобус ғилдираги остида қолган.

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, бугун, 2022 йил 13 октябр куни соат 8:10 ларда Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек кўчасида иккита автобус ҳайдовчисининг ўзаро жанжали аянчли якун топган.

Маълум бўлишича, йўловчи ташиш билан шуғулланган иккита автобус ҳайдовчиси бекатда ўзаро гап талашиб, жанжаллашиб қолган. Сўнг олдинда турган ҳайдовчи автобусни ўрнидан жилдираётганда иккинчи автобус ҳайдовчиси келиб унинг эшигига осилган.

Биринчи автобуснинг ҳайдовчиси уни тўхтатмасдан, аксинча тезликни оширган. Шу пайтда автобус эшигига осилиб келаётган ҳайдовчи тушиб кетган. Ҳаракатланаётган автобус уни босиб ўтиб, воқеа жойидан кетиб қолган.

Оқибатда, иккинчи автобус ҳайдовчиси оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.

Қайд этилишича, ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Турли шаҳарларда автобус ҳайдовчиларининг йўловчи ёки йўл талашиб ўзаро жанжаллашиши, бир-бирини қувиб ўтиш учун пойга уюштириши тез-тез содир бўлиб туради.

Жумладан, 2022 йил 11 апрел куни Тошкент вилояти Қибрай туманида пойга уюштирган автобус ҳайдовчиси ЙТҲ келтириб чиқарганди. Шунингдек, 2021 йил 14 октябр куни Самарқанд шаҳридаги йўналишлардан бирида одам ташиган ҳайдовчи ўз бошқарувидаги автобус билан йўловчиларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб ҳаракатланганди.

Мавзуга оид