Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой Фарғонада 14 қаватдан кам бўлмаган беш юлдузли меҳмонхона қурмоқчи
Хитойлик сармоядорлар Фарғонада беш юлдузли меҳмонхона қуриш лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш билдиришмоқда.
Хитойлик инвесторлар Фарғонада 14 қаватдан кам бўлмаган 200 ўринли, беш юлдузли меҳмонхона ҳамда замонавий савдо маркази қуриш таклифини билдирди.
Ушбу таклиф вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров ва Хитойнинг Shuncheng Investment Group компанияси раҳбари Хунг Чи Йим бошчилигидаги бир гуруҳ хитойлик сармоядорлар иштирокида бўлиб ўтган учрашув чоғида муҳокама қилинди.
Вилоят раҳбари Фарғона сайёҳлар оқими бўйича республикада иккинчи ўринда эканини таъкидлаб, меҳмонларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Фарғона шаҳридаги Сайлгоҳ ва Ал-Фарғоний кўчалари туташган ҳудудда, аввалги Амфитеатр ўрнида ўз брендига эга беш юлдузли меҳмонхона қуриш лойиҳаси амалга оширилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.
Хитойлик инвестор Хунг Чи Йим шаҳар марказида ва ҳар томонлама қулай манзилда жойлашган мазкур лойиҳага қизиқиш билдирди. Бу ерда лойиҳа қиймати 10 миллион доллар бўлган 14 қаватдан кам бўлмаган 200 ўринли, беш юлдузли меҳмонхона ҳамда замонавий савдо маркази қуришга тайёр эканини маълум қилди.
Белгиланган тартибда концепция ишлаб чиқилиб, жараёнларни тезроқ амалга ошириш кераклигини қайд этган вилоят ҳокими, инвесторларни Фарғонада 300 гектар ҳудудда барпо этилаётган янги экошаҳар лойиҳасида ҳам иштирок этишга таклиф қилди.