Жаҳон | 11:15 / 17.10.2022
13751
3 дақиқада ўқилади

ISW: «Вагнер» Россия Мудофаа вазирлигидан устунлигини исботламоқчи

«Вагнер» ХҲК Россия Мудофаа вазирлиги (МВ) ва Россиянинг қуруқликдаги оддий кучларидан устунлигини исботлашга уринишда давом этмоқда, деб ёзади Урушни ўрганиш институти (ISW) ўзининг кундалик шарҳида. 

Фото: ТАСС

«Вагнер» ХҲК 14 октябр куни Telegram'да 80 кишига битта бронетранспортёр (пиёда аскарларни олиб юриш ва разведка учун белгиланган зирҳли автомашина - БТР) борлиги ва бу ҳаракатланиш қобилиятини кескин чеклаб қўяётгани ҳақида шикоят қилинган видео пайдо бўлганидан сўнг, Херсон областида жойлашган Қора денгиз флотининг 126-соҳилни қўриқлаш мудофаа бригадаси ҳарбий хизматчиларига тўртта йўлтанламас автомашинани топширишга қарор қилди. 

Шу билан бирга, соҳилни қўриқлаш мудофаа бригадаси урушнинг дастлабки кунлариданоқ бу ҳудудда жанговар ҳаракатларни узлуксиз ва ўзгартиришларсиз олиб бораётганликлари ҳақида хабар берди.

ISW қайд этишича, асосий жиҳозларни Россия қуруқликдаги кучлари бўлинмаларидан бирига топшириш тўғрисидаги қарор Мудофаа вазирлигининг ўз аскарларини бундай зарурий нарсалар билан таъминлай олмаслигига оид аниқ далил бўлиши мумкин. 

«Бу «Вагнер» ХҲК ҳомийси Евгений Пригожин фаол равишда Россия президенти Владимир Путинга хайрихоҳ бўлишга ва ўз кучларини Россия Мудофаа вазирлигининг оддий қўшинларидан ажратишга ҳаракат қилаётганига оид олдинги тахминлар фонида алоҳида эътиборга лойиқ», — дейилади ISW хабарида.

Бундан олдин Лондонда жойлашган Middle East Eye нашри Украинадаги йўқотишлар туфайли «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) Туркия, Сербия, Чехия, Полша, Венгрия, Германия, Молдова, Канада ва Лотин Америкасида ёлланма аскарларни топиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиргани ҳақида ёзганди. 

Унинг маълумотларига кўра, ҳарбийлаштирилган тузилма «Россия армиясининг тартибсизлиги» туфайли Украинада йўқотишларга дучор бўлмоқда. Ишга ёллаш кампанияси Европада яшовчи россиялик олигархлар ва уларнинг маҳаллий уюшган жиноий гуруҳлар билан алоқада бўлган воситачилари орқали амалга оширилаётгани айтилади. 

Middle East Eye нашрига кўра, чет эллик ёлланма аскарлар юқори маош орқали жалб этиляпти, уларга ойига 10 минг доллар таклиф қилишяпти. Урушдан олдин ойлик тўловлар 3000 доллардан 5000 долларгача бўлган, деб ёзади газета. Бир Middle East Eye манбасининг таъкидлашича, «Вагнер» ХҲКга «одатда катта ҳарбий тажрибага эга бўлган одамлар ёлланади», аммо ҳозирда ҳарбийлаштирилган гуруҳ «ўлдиришга тайёр ва пулга муҳтож бўлганларни» жалб этишга ҳаракат қилмоқда.

Мавзуга оид