Ўзбекистон | 11:08 / 17.10.2022
2379
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Қирғизистонга ташриф буюради

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Қирғизистон элчиси билан ўзбек-қирғиз ҳамкорлиги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини кўриб чиқди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Қирғизистон элчиси Мусо Жаманбаев билан учрашди.

Суҳбат давомида саноат кооперацияси янги қўшма лойиҳаларини ишлаб чиқиш, савдо шартномаларини тузиш, Бишкек шаҳрида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия 10-йиғилиши ҳамда икки мамлакат ҳудудлари раҳбарларини жалб қилган ҳолда бизнес-форум ўтказишга тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати делегацияси ташрифини ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Инвестиция ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. 2022-2025 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастурини, Қишлоқ хўжалиги техникаси ва енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисидаги битим ҳамда дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласи соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битимни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Томонлар шаҳар транспорти соҳасида 1,85 миллион долларлик лойиҳани молиялаштиришни бошлаган. Ўзбек-қирғиз тараққиёт жамғармаси фаолиятини муҳокама қилди. Жамғарма маблағларини жалб қилган ҳолда Қирғизистонда йигирув корхонасини ташкил этиш лойиҳасини молиялаштириш ва травертинни бирламчи қайта ишлаш лойиҳасини биргаликда амалга оширишга келишилди.

Гидроэнергетика ҳамда транспорт ва логистика соҳаларида йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Суҳбат якунида муҳокама қилинган йўналишлар доирасида муваффақиятли ҳамкорлик қилиш мақсадида биргаликда иш олиб боришни давом эттиришга содиқлик билдирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид