Жаҳон | 07:25 / 18.10.2022
10674
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Эроннинг ўнлаб дронлари йўқ қилинганини маълум қилди

12 соат ичида, 16 октябр куни соат 21:00 дан бошлаб 37 та Эроннинг «Шаҳед» учувчисиз учиш аппаратлари ва бир нечта қанотли ракеталар йўқ қилинди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский кечки видеомурожаатида маълум қилди. 

Фото: skynews

Аммо «осмонни ҳимоя қилишни кафолатлаш учун» анча замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари керак ва улар бундай тизимлар учун ракеталар билан тўлиқ таъминланиши лозим, деди Украина раҳбари. 

Шу билан бирга, давлат раҳбари 17 октябр куни Россиянинг ракета ва учувчисиз учоқлар билан ўққа тутгани электр таъминотида янги узилишларга олиб келгани, улар оқибатлари бартараф этилаётганини маълум қилди.

Киевда 17 октябр оқшомида тўртинчи бор ҳаво ҳужуми ҳақида тревога эълон қилинди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари (ҲҲМ) Россия қуролли кучларининг учувчисиз учиш аппаратларини (УУА) тутиш учун ишлатилди. 

Киев областининг Бровари шаҳрида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлади. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум қилувчи УУА уриб туширилган. 

17 октябр куни эрталаб Киевга учувчисиз учоқларнинг ҳужуми натижасида тўрт киши ҳалок бўлди. Кечқурун Одесса ва Николаев областларида ҳам ҳаво тревогаси эълон қилинди. Одесса яқинида портлаш овози эшитилди.

Бундан олдин Киевга дрон-камикадзелар ёрдамида ҳужум амалга оширилгани хабар қилинганди. 

Россия кучлари Киевга дрон-камикадзелар билан ҳужум қилди, деб хабар берди Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак. 

«Руслар бу уларга ёрдам беради деб ўйлаяпти, аммо бундай ҳаракатлар ўлим талвасасига ўхшайди. Бизга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари кўпроқ ва имкон қадар тезроқ керак. Секин ҳаракатларга вақтимиз йўқ», - деб ёзди у Telegram’да. 

Шаҳар мэри Виталий Кличко ҳам Киевга дрон-камикадзелар томонидан ҳужум қилингани тўғрисида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, натижада Киевнинг Шевченко туманида нотурар жой ёниб кетган ва бир нечта турар жой бинолари зарар кўрган.

Мавзуга оид