Жаҳон | 14:48 / 19.10.2022
11454
3 дақиқада ўқилади

Исроил Украинага қурол етказиб беришдан яна бош тортди

Исроил мудофаа вазири Бени Ганц Украинага ҳарбий ёрдам беришни яна бир бор рад этди. Унинг сўзларига кўра, Исроил тиббий ва гуманитар ёрдам кўрсатмоқда, келажакда ҳам бу йўналишга амал қилиш ниятида.

Фото: Getty Images

Эрон жанговар учувчисиз учоқлари ёрдамида Россиянинг Украина ҳудудига ҳужумлари тўлқинига қарамай, Исроил ҳали ҳам Киевга қурол-яроғ етказиб беришни рад этмоқда. Исроил мудофаа вазири Бени Ганц 18 октябр, сешанба куни кечқурун Исроилнинг Kol Chai радиостанцияси эфирида: «Биз Украинага қурол сотмаслигимизни аниқ айтмоқчиман» деди. Унинг таъкидлашича, мамлакат Украинага фақат тиббий ва гуманитар ёрдам кўрсатади ҳамда бундан кейин ҳам бу билан чекланади. 

Аввалроқ Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Исроилдан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришни сўраш ниятида эканлигини маълум қилган эди. «Эрон Исроил учун қизил чизиқдир ва Эрон Украинага қарши тажовуз жиноятига бевосита шерик бўлганидан сўнг, менимча, Исроилда Украинага ёрдам бериш ёки ёрдам бермаслик борасида шубҳаси бўлган ҳеч ким қолмайди. Бу шубҳаларни йўққа чиқариш керак», деди у брифингда. 

Украина расмийлари Россияни сўнгги ҳафталарда Эронда ишлаб чиқарилган Shahed-136 дронларидан фойдаланган ҳолда Украина энергетика инфратузилмасини ўққа тутишда айбламоқда. Киевга кўра, сўнгги бир неча кун ичида Россия ҳужумлари оқибатида 70 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Эрон Россияга ўзининг дронлари етказиб берилаётганини рад этди, Россия эса бу маълумотга изоҳ бермаяпти.

Шу билан бирга, Украина ҳукумати Эрон учувчисиз учоқларини етказиб бериш кенгайтирилганини эълон қилди: уларнинг биринчи партияси 300 дона, иккинчи партиясига 2400 та дрон киради, деди Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович. Унга кўра, Россия 2-3 ой давомида дронлардан фойдаланган ҳолда Украинага ҳозирги суръатда ҳужум қилиши мумкин. 

Россиянинг Украинага қарши қарийб саккиз ойдан бери давом этаётган кенг кўламли уруши бошланганидан бери Исроил Киевга ҳарбий ёрдам беришдан бош тортмоқда. Айни пайтда, бир неча кун аввал диаспора ишлари бўйича вазир Наҳман Шай Эроннинг Россияга ҳарбий юк етказиб бериши фонида бу позицияни ўзгартиришга чақирди. 

Мавзуга оид