Путин Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларида ҳарбий ҳолат эълон қилди
Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилишида мамлакат президенти Владимир Путин Украинанинг октябр ойи бошида РФ таркибига қўшиб олинган тўрт ҳудудида ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонини имзолагани ҳақида маълум қилди.
Россия президенти Владимир Путин мамлакат Хавфсизлик кенгашининг ялпи мажлисини ўтказди. Йиғилишда Путин Россия эгаллаб олган Запорижжя, Херсон, «ДХР» ва «ЛХР»да ҳарбий ҳолат жорий этилишини маълум қилди.
Путин бу ҳудудларда ҳарбий ҳолат Россия қонунчилиги асосида жорий этилишини айтди. Чунки бу ҳудудлар Украина назоратида бўлганида ҳам ҳарбий ҳолат эълон қилинган ва унда жараён Украина қонунлари асосида амалга оширилган. Шунингдек, «махсус ҳарбий амалиёт» (Россияда урушни шундай аташади) давомида юзага келадиган эҳтиёжларни қондириш бўйича кўрсатмалар рўйхати ҳам тасдиқланди.
Путин ҳарбий ҳолат қанча муддатга жорий қилинганига аниқлик киритмади. Россия Запорижжя, Херсон, «ДХР» ва «ЛХР»ни 30 сентябр куни ўз сафига қўшиб олганини эълон қилган, аммо кўп ўтмай ушбу ҳудудлардаги бир неча шаҳарларни бой берганди. Охирги вақтларда Украина армияси яна қарши ҳужумларни кучайтиргани айтилмоқда.
Путин объяснил решение ввести военное положение pic.twitter.com/KNtjgyioBR
— Кремлевский пул РИА (@Kremlinpool_RIA) October 19, 2022
«Жавоб беришнинг ўртача даражаси» ва «юқори тайёргарлик даражаси»
Йиғилишда Россия ҳудудларида минтақавий мудофаа штаблари ташкил қилиниши айтилди. Россиядаги ҳудуд раҳбарлари эса қўшимча ваколатларга эга бўлади. Ҳудуд раҳбарларининг ваколатларини ошириш борасида қарори ҳақида гапирар экан, Путин буни «жамоат тартибини сақлаш ва ҳаётий зарур объектларни муҳофаза қилиш учун зарурлиги» билан изоҳлади.
Путиннинг яна бир фармони билан Краснодар ўлкаси, Белгород, Брянск, Воронеж, Курск, Ростов ва 2014 йилда босиб олинган Қримда «жавоб беришнинг ўртача даражаси» эълон қилинди. Бу ҳудудлар Украина билан чегарада жойлашган. Бу тартиб ҳудудларга иқтисодий соҳада сафарбарлик амалга ошириш ва минтақавий мудофаа штабларини ташкил қилиш имконини беради.
Россия жанубий ва марказий қисмларида «юқори даражадаги тайёргарлик» режими эълон қилинди. Бу режимда ҳам минтақавий мудофаа штаблари ташкил этиш имконини беради. Шунингдек, бу режимда транспорт, алоқа ва энергия объектларида алоҳида тартиб амалда бўлади. Бундай ҳудудларда давлат ташкилотлари, ҳарбий объектлар ва махсус бинолар жиддийроқ қўриқланади.
«Ҳудудий мудофаа» штаблари ташкил қилишни Собянин бошқаради
Минтақавий мудофаа штаблари тузиш федерал марказини Москва мэри Сергей Собянин бошқаради. Кенгаш мажлисида сафарбар этилган ҳар бир фуқаро ойига 195 минг рублдан олиши ҳам таъкидланди. «Махсус ҳарбий амалиёт» давомида таъминоти бўйича юзага келадиган масалаларни ҳал қилувчи кенгашни Россия бош вазири Мишустин бошқарадиган бўлди.
Украинанинг Россия эгаллаб олган 4 ҳудудида ҳарбий ҳолат 20 октябрдан жорий қилинади. Россия Вазирлар маҳкамаси бу даврда қандай чора-тадбирлар амал қилиши бўйича қўшимча маълумотлар эълон қилади.
Путин ҳарбий ҳолат тўғрисида тегишли фармонни имзолаб бўлди. Энди у Федерация кенгаши томонидан тасдиқланади.
Мажлисдан кейинги мажлис
Аввалроқ «Верстка» нашри Россия парламенти юқори палатаси бугунги йиғилиш танаффусидан кейин ҳам кечаси ялпи мажлисни давом эттириши ҳақида ёзганди. Мажлиснинг кечқурунги қисми бўлиши ҳақида маълумотни Федерация кенгаши спикери Валентина Маткиенко ҳам тасдиқлади.
Хавфсизлик кенгашининг бугунги йиғилиши миграция мавзусида ўтказилиши айтилганди. Кенгаш раиси ўринбосари Дмитрий Медведев бу ҳақда маъруза ҳам қилган, лекин уни ОАВда ҳам эълон қилишмади, ТВда ҳам кўрсатишмади.
Россия давлат каналлари Путиннинг нутқидан кейин йиғилишни узиб қўйишди.
Путин Россия эгаллаб олган ҳудудларда ҳарбий ҳолат эълон қилиш сабабини изоҳлар экан, буни «Украина ҳар қандай музокаралардан бош тортаётгани» ва отишмани давом эттираётгани билан изоҳлади. «Бизнинг ҳудудларимизга диверсион гуруҳларни ташлашмоқда», деди Путин. У ўз нутқида Қримдаги портлашни ҳам тилга олиб ўтди.
Путин имзолаган фармонда «Ҳарбий ҳолат вақтида ўзгача чоралар қўлланиши» ҳақида сўз боради. Аммо бу қандай чоралар экани аниқ эмас.
Чегара ёпилмайди
Россияда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши билан боғлиқ асосий хавотир чегаралар ёпилиши ва мамлакатни тарк этиш имконияти йўққа чиқиши ҳақида эди.
Тўрт ҳудудда ҳарбий ҳолат эълон қилинишига қарамай, Россиянинг барча чегараларини босиб олиш ҳақида сўз бормаган. Путиннинг чиқишидан кейин, унинг матбуот котиби Дмитрий Песков чегараларни ёпиш «режалаштирилмаётгани»ни айтди.
Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Евгений Иванов ҳам мамлакатдан чиқишга тақиқ ўрнатилиши ҳақидаги хабарларни рад этди. «Агар ТИВ йўналишида гапирадиган бўлсам, биз бу масала ишлаб чиқилаётгани ҳақида ҳам эшитмадик», дея унинг сўзларини келтиради «Коммерсант».
Шу билан бирга, фармондан келиб чиқиб айтиш мумкинки, губернаторлар мамлакат ичкарисида транспортлар ҳаракатини чеклашини ва уларни текширишни жорий этиши мумкин.
Мавзуга оид
23:44 / 22.11.2024
Путин «Орешник» ракеталари қуролланишга қабул қилиниши ва серияли ишлаб чиқарилишини эълон қилди
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024