Жаҳон | 22:04 / 19.10.2022
36588
9 дақиқада ўқилади

Херсон учун жанг. Аҳолидан кетиш сўралмоқда

Херсоннинг Россия томонидан тайинланган маъмурияти Украинанинг янги юриши бошланаётганини маълум қилди. Маҳаллий расмийлар Днепрнинг чап соҳилига эвакуация қилинмоқда.

Херсон яқинида Днепрдан понтон кечув орқали ўтиш. Фото: ТАСС

Херсон аҳолини Днепрнинг ўнг соҳилидан чап соҳилига эвакуация қилиш бошланди. Бу жараён украинлар армиясининг қарши ҳужуми фонида ва Россиянинг Украинадаги қўшинлари қўмондони Сергей Суровикиннинг Херсон бўйича «нооддий қарорлар» қабул қилиниши истисно этилмаслиги фонида йўлга қўйилди.

Херсон областининг босқинчилар томонидан тайинланган ҳукумати ҳам чап соҳилга кўчиб ўтмоқда, ҳукумат эвакуацияни «тартибли кўчириш» деб атади. Бу бир неча ўн минг аҳолини қамраб олади.

«Биз тахминан 50-60 минг кишини чап соҳилга олиб ўтишни режалаштирганмиз, ундан кейин эса ким истаса Россия Федерациясининг бошқа регионларига кетиши мумкин», деди Херсон областининг Россия томонидан тайинланган раҳбари Владимир Сальдо. Унинг сўзларига кўра, сўнгги икки кунда беш мингдан ортиқ киши Херсонни тарк этган.

«Чап соҳилда одамлар маълум муддат қолиши мумкин бўлган жойлар ҳозирланган. Чунки улар ҳали ҳам бу вақтинчалик деб ҳисоблайдилар. Биз барчамиз бу вақтинчалик эканига ишонамиз - ҳарбийларимиз олдида турган ҳарбий вазифаларни бажариш даври», дея қўшимча қилган у «Соловьев.Live» шоуси эфирида.

Бундан олдинроқ Херсон области «маъмурияти раҳбари ўринбосари» Кирилл Стремоусов Украинанинг янги ҳужуми бошланганини эълон қилганди. «Украина қуролли кучлари Херсон областининг Новая Каменка – Берислав йўналиши бўйича ҳужумга ўтди. <…> 128-тоғ-штурмчи бригадасининг икки батальони ва 17-бригаданинг танк батальони», деди у.

«Тез орада Херсон учун жанг бошланади. Тинч аҳолига кераксиз хавф-хатарга дучор бўлмаслик учун, иложи бўлса, яқинлашиб келаётган шафқатсиз жанговар ҳаракатлар ҳудудидан кетиш тавсия этилади», дея қўшимча қилди у ва аҳолидан унинг сўзларини жиддий қабул қилишни сўради.

Сальдонинг талқинига кўра, одамлар сув тошқини хавфи туфайли олиб кетилмоқда, бу Кахова ГЭСга зарба берилган тақдирда рўй бериши мумкин, шунингдек, мудофаа истеҳкомлари тиклаш зарурати ҳам тинч аҳоли вакиллари кетишини талаб этади. 

Октябр ойи бошида украин қисмлари россияликларнинг Днепрнинг ўнг соҳилидаги мудофаасини ёриб ўтган ҳамда Берислав йўналишида ва Кахова ГЭС томон ҳаракатлана бошлаганди. Натижада Херсонда жойлаштирилган Россия қўшинлари қуршовга тушиши хавфи реаллашган.

Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк эвакуация ҳақидаги хабарларни файласуфларча изоҳлади: «Херсон аннексия қилингани ҳақида дабдаба билан эълон қилинганига, Қизил майдондаги тантанали концертга ва «гойда» қичқириқларига бир ой ҳам бўлмасдан ўзини ўзи «шаҳар маъмурияти» деб эълон қилганлар… Украина судидан қочиб, тантанали равишда эвакуация қилмоқда. Агар сиз хаёлот дунёсида яшасангиз, реаллик оғриқли бўлиши мумкин».

Украинанинг Херсон, Запорожжя, Донецк ва Луҳанск областларининг эгаллаб олинган қисмлари октябр ойи бошида Россия таркибига қўшиб олинганди. РФ президенти Владимир Путин 30 сентябр куни ушбу ҳудудларни қўшиб олиш тўғрисида келишувларни имзолаган, кейин Россия парламенти уларни мамлакат таркибига қўшиш ҳақидаги конституциявий қонунларни қабул қилганди.

50 кг юк ва смс-огоҳлантиришлар

Россия телеканаллари Днепрни кечиб ўтиш жойига одамлар йиғилаётганини намойиш этган. Фото: ROSSIYA 24

Херсон области аҳолисига ҳудудни тарк этиш тавсия этилиши тўғрисида Владимир Сальдо 13 октябр куниёқ эълон қилганди. Шундан кейин Россия вице-премьери Марат Хуснуллин Херсон области аҳолисининг бир қисмини олиб чиқиш дастури ишга туширилгани ҳақида хабар қилди ва «барча текин турар жой билан таъминланиши»ни ваъда қилди, янги жойда қолишга қарор қилганларга турар жойлар берилиши маълум қилинди.

Бир ҳафта ичида маҳаллий расмийлар тавсиялардан амалий ҳаракатларга ўтишга улгурди.

Чоршанба куни регион аҳолиси «аҳоли яшаш кварталлари Украина қуролли кучлари томонидан ўққа тутилиши мумкинлиги туфайли» зудлик билан кетиш кераклиги ҳақида смс-хабарлар ола бошлади. Херсонда уйма-уй юриб, аҳолидан кетишни илтимос қила бошлашди.

Истило остидаги  маъмуриятнинг телеграм-каналида эвакуация бўлишни истовчилар учун кўрсатмалар эълон қилинган. Одамларга кўпи билан 50 кг юк (2-3 кунлик озиқ-овқат ва шахсий буюмлар), шунингдек шахсий ҳужжатлар, пул, гаджетлар ва дори-дармон олишга рухсат этилади, шу билан бирга барча сумкаларга эгасининг шахсий маълумотлари ёзилган ёрлиқлар ёпиштирилиши керак. Бундай «эвакуация»дан бош тортиш имкони бор-йўқлиги номаълум. Сальдонинг айтишича, Херсон ва шаҳар атрофини аҳолининг 40 фоизи тарк этиб улгурган.

Ижтимоий тармоқларда «оилани сақлаб қолиш» учун Днепрнинг чап соҳилига ўтишга чақирилган варақалар суратлари тарқалди.

Чекинишсиз «нооддий қарорлар»?

Россия армияси Херсон Украинага босқиннинг илк кунларидаёқ деярли жангсиз эгаллаганди.
Фото: VLADIMIR BELINSKY/TASS

Оммавий эвакуация бошланишидан олдинроқ Херсон областидаги мураккаб вазият ҳақида кутилмаганда Россиянинг Украинадаги бирлашган қўшинларининг янги тайинланган қўмондони Сергей Суровикин айтиб ўтганди.

«Херсон аҳолиси учун мураккаб вазият юзага келган - Антонов кўприги ва Кахова ГЭС тўғони HIMARS реактив снарядларидан шикастланган, улар бўйлаб ҳаракатланиш тўхтатилган, озиқ-овқат етказиб бериш қийинлашган, сув ва электр бўйича муаммолар бор», деганди Суровикин.

«Херсон шаҳри бўйича бундан кейинги режаларимиз ва ҳаракатларимиз ҳарбий-тактик вазиятга боғлиқ бўлади. Такрор айтаман, вазият бугунги кунда жуда қийин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчиларимиз ҳаётини максимал даражада сақлаб қолиш заруратидан келиб чиқамиз. Биз онгли равишда, ўз вақтида, оддий бўлмаган қарорлар қабул қилинишини истисно этмаган ҳолда ҳаракат қиламиз», деган генерал.

Аммо Владимир Сальдо «ҳеч ким Херсонни Украина қуролли кучларига топширишни режалаштирмаётгани» ҳақида айтди. «Шаҳар тўлиқ ушлаб турилади. Шунчаки бизга тинч аҳоли хавфсизлиги керак. Херсонни ҳеч ким бериб қўймайди, ҳарбийлар нима қилишни билади», деди у «Россия-24» телеканали эфирида.

«Биз ҳужум бўлишини кутмоқдамиз. Армияда бу ҳужумларни қайтариш учун куч ва имкониятлар етарли, у ёки бу туташув чизиғидаги вазият талаб этса, қарши ҳужумга ўтишга ҳам», деган у.

Шу билан бирга, у барча ҳокимият органларини Днепрнинг чап соҳилига кўчиришга кўрсатма берган. 

Шунингдек, оддий аҳоли учун Днепрнинг ўнг соҳилига ўтиш етти кунга ёпилган.

ANADOLU AGENCY/GETTY

Украина янги юриш ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермаган. Украина қуролли кучлари Бош штабининг ҳар куни тонгда ва кечқурун бериладиган ҳисоботларида сўнгги кунларда Херсон области деярли тилга олинмади (фақат 19 октябр тонгида россияликлар региондаги айрим аҳоли яшаш манзилларига қўшимча кучлар ташлаётгани келтирилган). Украина президенти маъмурияти вакиллари ҳам юришнинг бориши ҳақида ҳеч нарса айтмаган. Ўз навбатида, Миколайив области раҳбари Виталий Ким Россия қўшинлари провокация тайёрлаётганини тахмин қилган. «Руслар тактикасини ва улар Херсон атрофидаги Чаплинка районида стволли артиллерия учун истеҳком тайёрлаётганини билган ҳолда, мен руслар Херсонга зарба беришга тайёрланаётганини ҳис қилмоқдаман», — деган у.

Херсон — Россия уруш бошидан буён эгаллай олган ягона област маркази ҳисобланади. Шунингдек, бу Россия ҳарбийлари Днепрнинг ўнг соҳилида тутиб турган энг йирик аҳоли яшаш манзилидир. Агар Россия қўшинлари Херсонни бой беришса, бу Миколайив ва Одессани эгаллашни имконсиз ишга айлантиради, чунки бу ҳудудларга юриш қилиш учун яна Днепрни кечиб ўтиш талаб этилади, дарёнинг бу ҳудуддаги кенглиги камида 500 метрни ташкил этади. Урушнинг илк даврида Россия дарёдан осонлик билан ўтган, чунки Украина қуролли кучлари мудофаани тайёрлай олмаган, дарё устидаги кўприклар йўқ қилинмаганди (Украина ҳукумати армия ва махсус хизматлар сафида сотқинлик бўлгани версиясини текширмоқда). Баҳорда россиялик ҳарбийлар Днепр орқали ўтган учта асосий кўприкни ҳам назорат остига олган, аммо ёз давомида бу йўллар мунтазам равишда ўққа тутилди ва жиддий шикастланди. Ҳозирда Россия армияси ўнг соҳилдаги ўз гуруҳини паромлар орқали озиқ-овқат ва ўқ-дори билан таъминлаб турибди.

Мавзуга оид