Ўзбекистон | 09:34 / 20.10.2022
1598
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон - Венгрия қўшма инвестиция жамғармаси тузилади

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Наджи билан видео-конференц-алоқа воситасида музокаралар ўтказди.

Фото: Dunyo

Томонлар ўзаро келишувларни ҳаётга татбиқ этишнинг амалий жиҳатларини атрофлича муҳокама қилди. Қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, фармацевтика, банк-молия, транспорт ва логистика соҳаларида, сув хўжалиги жараёнларини рақамлаштириш соҳасида қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари кўриб чиқилди.

Венгриянинг Bona Farm, Master Good ва Kite компаниялари вакиллари паррандачилик кластерларини ташкил этиш, интенсив боғдорчилик ва мева-сабзавотларни қайта ишлаш, RABA ва Joison Safety Systems компаниялари ходимларининг автомобилсозлик саноати учун бутловчи қисмларни етказиб беришини ташкил этиш, Meditop, Femfelgozzo, Gideon Richter компаниялари инновацион дори воситалари, тиббий мебеллар ва тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш учун юқори технологияли фармацевтика корхоналарини яратиш каби лойиҳаларини батафсил ўрганиш мақсадида амалий сафарларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Банк-молия соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишар экан, томонлар Ўзбекистон-Венгрия қўшма инвестиция жамғармасини яратиш имкониятларини кўриб чиқди, шунингдек, OTP Group билан лойиҳани амалга оширишни фаоллаштиришга келишиб олди.

Транспорт-логистика соҳасида икки томонлама ҳамкорлик жиҳатлари алоҳида кўриб чиқилди. Томонлар ўзбекистонлик инвесторлар иштирокида қўшма авиаташувчи компанияни яратиш масаласини муҳокама қилди. Ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолашни тезлаштиришга келишиб олинди.

Сув хўжалиги жараёнларини рақамлаштириш соҳасида комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тегишли илмий муассасалар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид