Жаҳон | 16:40 / 21.10.2022
32511
15 дақиқада ўқилади

Ҳокимиятдаги 45 кун. Трасснинг истеъфосига нималар сабаб бўлди?

Фото: Reuters

20 октябр куни Буюк Британия тарихидаги учинчи аёл бош вазир (Маргарет Тетчер ва Тереза Мейдан кейинги) Лиз Трасс 45 кунлик бош бошқарувдан сўнг истеъфога чиқишини эълон қилди. Трасс собиқ бош вазир, Борис Жонсон атрофида юз берган сиёсий можародан сўнг ҳокимиятга келган эди. Қисқа муддатли бошқарувига қарамай, кўпчилик мутахассислар уни Британия тарихидаги энг омадсиз бош вазирларидан бири деб атамоқда. Унинг тезкор истеъфосига нималар сабаб бўлди?

Ҳокимиятга йўл

Бош вазир лавозимини эгаллагунга қадар нафақат Буюк Британияда, балки хорижда ҳам таниқли сиёсатчилардан бири ҳисобланган Борис Жонсондан фарқли ўлароқ, Трасс 2012 йилдан бери юқори давлат лавозимларида ишлаганига қарамай, ҳатто Британияда ҳам унчалик машҳур эмасди.

2022 йилгача сиёсатдан узоқ одамлар Трасснинг фақат 2014 йилдаги партия конференциясида сўзлаган маърузасини эслаши мумкин. Ўшанда у партиядошларига Британия мамлакатда истеъмол қилинадиган пишлоқнинг учдан икки қисмини импорт қилиши кераклиги ҳақида хабар бериб, қайғули ифода билан шундай деганди: «This. Is. A. Disgrace (Бу. Нақадар. Шармандалик)». Қисқа вақт ичида бу ибора мемга айланиб кетганди.

Бўлажак бош вазир хонимнинг сиёсий карьераси ҳақиқатан ҳам бош айланадиган даражада омадли бўлиб чиқади.

Мери Элизабет Трасс талабалик чоғида сиёсатга қизиқиб, ўзи таҳсил олган Оксфорд университетининг Либерал-демократлар клубига қўшилади. Аммо ўқиш тугаши биланоқ у бугунги кунда ўзи раҳбарлик қилаётган Консерватив партияга ўтади.

2001 йилда Оксфорд битирувчиси Shell and Cable & Wireless компаниясига ҳисобчи бўлиб ишга киради ва парламент сайловларида ўз омадини синаб кўради. Дастлаб Ҳэмсворт, кейин эса Калдер-Валли округидан ўз номзодини қўяди, бироқ иккала уриниш ҳам муваффақиятсиз тугайди. Шундай бўлса-да Трасс сиёсий амбицияларини йўқотмайди.

У сиёсатга бошқача йўл билан киришга қарор қилди: бир поғона пастга тушади ва 2006 йилда Лондоннинг Гринвич тумани кенгашига муваффақиятли сайланди. Трасс 2010 йилда консерваторлар етакчиси ва бош вазир Дэвид Кэмерон жамоасига қўшилади ҳамда парламентга киришга муваффақ бўлади.

Лиз Трасс адлия вазири сифатида Лондон лорд-мэри пасха зиёфатига ташриф буюрмоқда. 2016 йил 14 ноябр.
Carl Court / Getty Images

Трасс ҳукуматда 2012 йилдан бери ишлаб келади. Ушбу ўн йилликда у кўплаб муҳим давлат лавозимларида ишлади ва ҳеч қайсисида кўп вақт қолмади. 2016-2017 йилларда собиқ бош вазир Тереза Мэй даврида у адлия вазирига айланди ва Буюк Британия тарихида бу лавозимни эгаллаган биринчи аёл бўлди.

Трасснинг бу даврдаги машҳурлиги Англия Олий суди атрофидаги жанжаллар билан боғлиқ. 2016 йил охирида, мамлакатда Brexit (Буюк Британиянинг Европа иттифоқидан чиқиши) кенг муҳокама қилинаётган пайтда, Англия ва Уэлс Олий суди Буюк Британия ҳукумати фақатгина июн ойи референдуми натижаларига асосланиб, Европа Иттифоқидан чиқиш жараёнини бошлай олмайди, деган қарорга келди (бу референдумда британияликлар кичик устунлик билан Европа Иттифоқидан чиқиш учун овоз беради). Олий суд парламент ҳам Brexit’га ўз розилигини бериши керак дея хулоса қилади.

Шундан сўнг The Daily Mail газетаси Олий суд судьяларини «халқ душмани» деб атади. Профессионал юристлар ҳамжамияти бундан ғазабланди ва Адлия вазиридан бу баёнотни қоралашни талаб қилди, аммо Трасс «брекзитчилар» билан муносабатлари бузилишидан қўрқиб ёки бошқа сабаб билан жавоб беришни пайсалга солади.

Охир-оқибат у жуда эҳтиёткорлик билан баёнот беради, аммо унинг бу нутқи ҳуқуқшунослар ва Brexit мухолифатчилари ундан янада кўпроқ ғазабланишига сабаб бўлади.

2019 йилги умумий сайловларда консерваторлар ғалаба қозонганидан сўнг, ўша пайтдаги янги бош вазир Борис Жонсон Трассни Халқаро савдо котиби этиб тайинлади. 2021 йил сентябридан 2022 йил сентябригача эса у Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигини бошқарди ва Украинадаги уруш бошланишидан бир неча ҳафта олдин Россияга борди.

Трасснинг Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Лавров билан учрашувда Донецк ва Луҳанскни Ростов ва Воронеж билан адаштириб юбориши кенг танқидларга сабаб бўлди.

Аксарият бош вазирлардан фарқли ўлароқ, Трасс мамлакатдаги энг юқори сиёсий лавозимни умумий парламент сайловлари натижаларига кўра эмас, балки партия ичидаги овоз бериш натижалари орқали қўлга киритди. Унда бор-йўғи 140 мингга яқин партия аъзоси қатнашди – бу британиялик сайловчилар умумий сонининг 1 фоиздан камроғини ташкил этади.

Бу сайлов бош вазир ва Консерватив партия етакчиси Борис Жонсон 2022 йил июл ойида бир қатор сиёсий можаролардан кейин жамоатчилик босимига дош бера олмай, истеъфога чиққани сабаб ташкил этилди. Парламентдаги кўпчиликни ташкил қилган Консерватив партия зудлик билан янги етакчини сайлаши керак эди.

Трасснинг асосий рақиби собиқ молия вазири Риши Сунак эди. Улар асосан иқтисод борасида баҳслашувлар ўтказди. Сунак «энага давлат», Трасс «рейганомика» ғояси тарафдори эди ва охир-оқибат консерваторлар социалистик ғояларга ишонмади. Натижада Лиз Трасс хоним Буюк Британиянинг учинчи аёл бош вазири бўлди.

Трасс қандай муваффақиятсизликларга дуч келди?

Трасс ўз сиёсатида қаттиқ Brexit, иқтисодиётни тўлиқ тартибга солиш, солиқларни камайтириш ва ижтимоий харажатларни кўпайтиришни қўллаб-қувватлади.

Торилар қурултойидаги протест: «Бунга ким овоз берганди?». 

Трасс ўз иқтисодий режасини қуйидагича тақдим этди — бойлар учун солиқларни қисқартириш, бизнесга солиқларнинг режалаштирилган оширилишини бекор қилиш ва Владимир Путиннинг Европага қарши энергия уруши муносабати билан электр ва иссиқлик нархи ошишига жавобан аҳолини пул билан таъминлаш.

Унинг молия вазири Квази Квартенгнинг режаси қуйидагиларни ўз ичига олар эди:

— даромад солиғининг асосий ставкасини 20 фоиздан 19 фоизга тушириш;

— корпоратив солиқни камайтириш;

— банк бонуслари бўйича ҳар қандай чекловларни олиб ташлаш;

— йилига 150 минг фунт стерлингдан ортиқ маош оладиганлар учун оширилган даромад солиғи ставкасини (45 фоиз) бекор қилиш;

— Stamp Duty чегара божини икки баравар ошириш;

— аҳолининг электр энергияси учун тўловларни икки йилга музлатиш;

— 2023 йилда жорий этилиши керак бўлган мунтазам миллий суғурта бадалларига қўшимча равишда соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлаш учун ҳар бир киши даромадининг 1,25 фоизи миқдорида тўланадиган соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдам тўловини бекор қилиш;

Бу режалар табиийки аҳоли норозилигига сабаб бўлди, чунки бу ислоҳотлар кўпроқ бойлар учун фойдали эди.

Британияда инфляция сўнгги 40 йилликдаги энг юқори даражага етди - 10 фоиздан юқори. Фото: EPA

Қолаверса, Трасс-Квартенг радикал ислоҳотлар режаси тахминан 250 миллиард фунт стерлингга баҳоланди, лекин у ҳам, унинг молия вазири ҳам бу пул қаердан олинишини айтмади.

Солиқлар сўнгги ўн йилликда энг катта туширилган бир пайтда Лондон бу пулларни қарз сифатида олиши аниқ эди, бу эса давлат қарзи ошишига олиб келарди.

Солиқларни камайтиришнинг ўзи Британия ғазнасини 45 миллиард фунтдан қуруқ қолдирарди. Янги харажатлар ва қарзларни тўлаш шубҳасиз давлат иқтисоди ҳамда ғазнаси учун жуда оғир юк бўлар эди.

Бозорнинг жавоби тезкор бўлди. Британия иқтисодиётига шахсий ва бегона одамларнинг пулларини тикканлар орасида ваҳима бошланди. Бюджетида 250 миллиард фунтлик тешиги (қарзи) бўлган мамлакатнинг кредитори бўлиш истиқболи инвесторларни қўрқувга солди.

Фунт стерлинг долларга нисбатан тарихдаги энг паст даражага тушди. Давлат облигациялари нархи кескин тушиб кетди, натижада Англия банки бозорни тинчлантириш, барқарорлаштириш ва зарба остида қолган хусусий пенсия жамғармаларини ҳимоя қилиш учун 28 сентябр куни миллиардлаб фунт стерлингга узоқ муддатли давлат облигацияларини сотиб олиб, тезкор интервенция эълон қилишга мажбур бўлди.

Ипотека бозори ҳам силкинди, Трасснинг «Ўсиш режаси»га қадар бу ердаги энг арзон кредит фоизи 4,7 фоиз бўлган бўлса, бир неча кун ичида бу 6 фоизга кўтарилди. Бироқ ипотека бозорига бироз олдин (22 сентябр) Англия банкининг асосий ставка фоизини оширгани ҳам таъсир қилди, шунинг учун бу ерда фақат Квартангни айблаш ноўрин.

Трасс-Квартенг режаси, фаровонлик ўрнига, мамлакат иқтисоди қулашига олиб келди ва энди нимадир қилиш керак эди.

Бирмингҳемда Трассга қарши норозилик акцияси. Британияликлар Консерватив партия қурултойи ўтаётган бино атрофида. 2022 йил 2 октябр
Tolga Akmen / EPA / Scanpix / LETA

Экспертлар, ОАВ, мухолифат ва ҳатто консерваторларнинг катта қисми ҳам Трасс-Квартенг режасини танқид қилди. Консерваторлар сўнгги сўровномаларда партияга ишонч камайиб бораётгани туфайли Жонсон билан бўлгани каби, Трассни ҳам истеъфога чиқишга чақира бошлади.

Орага ҳатто Халқаро Валюта Жамғармаси ҳам қўшилди. Жамғарма режани танқид қилиб, бу Англия банкининг инфляцияга қарши курашини қийинлаштиришини, кутилган натижаларни бермаслигини таъкидлади.

Трасс дастлаб барча норозиликларни рад этди ва уч сўзли шиорлар билан жавоб қайтарди: «Ўсиш, ўсиш ва ўсиш» ёки «Қиламиз, қиламиз, қиламиз».

Бироқ бу ёрдам бермади. 14 октябр куни ниҳоят «Ўсиш режаси» бекор қилинди ва қўшимча қурбонлик сифатида Квартенг ҳам ишдан бўшатилди. Трасс хато қилганини тан олди. Бироқ бу ҳам барибир ёрдам бермади.

Барчаси яхши бошланганди. Трасс ва Квартенг молия вазирининг истеъфосидан уч ҳафта олдин. Фото: PA MEDIA

Трасс сиёсий тажрибасизлигини кўрсатишда давом этди. У Квартенг ишдан бўшатилган куни матбуот анжумани ўтказди ва атиги тўртта саволга жавоб берди. У ўзининг янги режалари ва позициясини халққа етказмади. Бу эса унга нисбатан ишончсизлик янада ошишига олиб келди.

Кейинги қўпол хатони эса у 17 октябрдаги парламент йиғилишида қилди. Трасс консерваторларнинг обрўси пасайиши фонида машҳурликка эришган Лейбористлар партиясининг кейинги иқтисодий режалар ҳақидаги сўровига жавоб бермади. Протокол бўйича у жавоб беришга мажбур эмасди, бироқ бу унда янги иқтисодий режа йўқлиги ҳақида тасаввурни кучайтирди.

Парламентдаги дебатларда ҳам у умумий нутқлар ўрнига, мухолиф шахсларни танқид қилди.

Трасс парламентдаги дебатларни тугатмасданоқ унинг ҳукуматидаги иккинчи энг муҳим вазир — ички ишлар вазири Суэлла Браверман истеъфога чиқди ва Трассни ҳам хатони тан олиб, истеъфога чиқишга чақирди.

Суэлла Браверманнинг иқлим ўзгаришларига қарши фаолларнинг ҳаракатларини бостиришда полициянинг ваколатларини кенгайтириш режаси танқидларга учради. Фото: ADRIAN DENNIS

Буюк Британия тарихида олтин қоида бу сафар ҳам бузилмади. Яъни янги сайланган бош вазир ўз режасини эълон қилиб, танқидлардан сўнг уни бекор қилиши ва барибир ҳокимиятда қолиши мумкин эмас эди.

Ва ниҳоят 20 октябр куни Британиянинг учинчи бош вазир хоними истеъфога чиқишини эълон қилди.

Барчаси Трасснинг тажрибасизлиги сабаб юз бердими? Нега у иккинчи Тэтчерга айлана олмади?

Буюк Британия иқтисоди қулашига фақатгина Трасс айбдор эмас, у ўзи хоҳламаган тарзда бу жараённи янада тезлаштириб юборди.

Буюк Британия Европа Иттифоқига қўшилар экан, мамлакат «Европанинг касал одами» эди. Қирқ йиллик ягона иқтисодий макон сабаб Британия ривожланган иқтисодиёт ва ЕИ га сармоя киритиш дарвозасига айланди. Европа Иттифоқи Британияга кўп нарса берди.

Бироқ 2016 йилда Британия ҳукумати Европа Иттифоқидан ажралиб чиқиш бўйича референдум ўтказди. Бу референдум Дэвид Кэмероннинг карьерасига нуқта қўйди, ундан кейинги Тереза Мэй ҳам муаммони ҳал қила олмади. Борис Жонсон эса бироз муваффақиятга эришгандек кўринди, аммо амалда муаммо ҳеч қаерга йўқолмади. 

Орадан бироз вақт ўтиб Жонсоннинг режалари ҳам пуч экани маълум бўлди. Лондон Брюссел билан келиша олмади, Brexit’дан ваъда қилинган пуллар келмади, Британия иқтисодиёти қашшоқлашди. У ўзига энг яқин ва бой бозорни йўқотди.

Британия иқтисодиёти Трассиз ҳам оғир даврни бошдан кечираётганди. COVID-19 аҳволни янада оғирлаштирган, инфляция анча тезлашганди.

Сайловчилар иқтисодий муаммоларни ўз таналарида ҳис қилмоқда. Англия банки прогнозларига кўра, келгуси йилда британияликлар бутун 60 йиллик тарихидаги турмуш даражасининг энг катта пасайишини бошдан кечиради.

Айтиш мумкинки, 1979 йил ҳокимиятга келган Тэтчер даврида ҳам Британия шундай деярли худди шундай қийин аҳволда эди. Тэтчер буни жиддий қадамлар: солиқларни ошириш, ижтимоий харажатларни максимал қисқартириш, фойдасиз давлат корхоналарига субсидия беришни тўхтатиш каби радикал йўллар билан бартараф қилганди. Унинг даврида Британия иқтисоди ривожланиб, инфляция пасайган, ишсизлик камайганди. Қироллик ўзининг қадимги фаровонлигини тиклаган эди.

Британияликлар Трасс сиймосида ҳам Тэтчерни кўриб, яна шундай бўлишига умид қилган эди.

Трасс эса аксинча йўл тутди, солиқларни кескин камайтирди, ижтимоий харажатларни оширди. Бу эса унинг «янги Тэтчер хоним»га айлана олмаслигига сабаб бўлди. Ўн йил давомида Британияни бошқарган Тэтчерга қиёсланган Трасс 45 кун ҳукумат бошлиғи бўла олди. Тўғри, Тетчер давридаги ва ҳозирги Британияда аҳвол турлича, лекин Трассда барибир Тэтчердаги каби ирода, қаттиққўллик ва тажриба йўқ эди.

Трасс қулаётган Британия иқтисодини янада қийин кўчага олиб кирди. Эндиликда консерваторларнинг янги етакчиси инфляцияни камайтириш, бозорни барқарорлаштириш, инвесторларни қайтариш, ижтимоий фаровонликни таъминлаш каби жуда оғир вазифаларни бажариши керак.

Трасснинг сўзларига кўра, кейинги бош вазир сайловлари келгуси ҳафтада бўлиб ўтади.

Бироқ консерваторлар кейинги умумий сайловларгача (2025 йил бўлиб ўтади) ўз ўрнини сақлаб қолиши қийин бўлади. Катта қўллаб-қувватловга эришаётган Лейбористлар навбатдан ташқари умумий сайловларни ўтказишга чақирмоқда ва уларнинг ғалабаси катта эҳтимол билан аниқ. Бу ҳолда Лиз Трасс консерваторларнинг ўн икки йиллик ҳукмронлиги тугашига сабабчи бўлиши мумкин.

Мавзуга оид