Сирдарёдаги портлаш оқибатида 16 киши жароҳатланган — ССВ
Қурбонлар йўқ, жабрланганлар орасида жиддий жароҳат олган ва оғир аҳволдаги беморлар йўқлиги айтилган.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вилоят ҳудудидаги портлаш оқибатлари бўйича маълумот берди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Сирдарё туманидаги Мудофаа вазирлигига қарашли омборда якка тартибда портлаш содир бўлиши оқибатида ҳудудга яқин жойлашган бир нечта аҳоли хонадонлари ва дўконларнинг ойналари синган, биноларнинг айрим енгил конструкцияларига ҳам зарар етган.
Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқлиги, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгани маълум қилинган.
«Айни вақтда вилоят сектор раҳбарлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар мутахассислари жалб қилинган ҳолда ҳарбий қисм атрофида жойлашган маҳаллалар қамраб олиниб, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари, корхона, муассаса ва ташкилотларга етказилган зарарни аниқлаш ҳамда уларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда», дейилади хабарда.
ССВ матбуот хизмати Сирдарёдаги портлаш ҳодисаси оқибатида 16 киши жабрлангани, уларга зудлик билан шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилганини маълум қилган.
«Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани, Малик СИУда юз берган портлаш ҳақида соат 05:01 да туман тез тиббий ёрдам бўлимига хабар келиб тушган.
Шундан сўнг ушбу ҳодиса натижасида шикастланган 16 нафар беморнинг 12 нафари Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Барча жароҳат олганларга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилган.
Хусусан, 5 нафар фуқаро Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида, 7 нафар беморга эса амбулатор ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 4 нафар бемор Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё филиалида стационар кузатувга олинди», дейилади хабарда.
Жабрланганлар орасида жиддий жароҳат олган ва оғир аҳволдаги беморлар йўқлиги, айни пайтда РШТЁИМ ва унинг Сирдарё филиалидан малакали шифокорлар Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасига сафарбар қилингани айтилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу беморлар ҳолатини ўз назоратига олган.
Мудофаа вазирлиги Сирдарё вилояти Малик аҳоли пунктидаги ҳарбий қисм омборида содир бўлган портлаш бўйича ҳарбий мутахассислар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
«Таъкидлаш керакки, ҳарбий қисмдаги ўқ-дори захираси хавфсизлик талабларига жавоб берадиган, Давлат стандартларига мос равишда, замонавий махсус омборларда сақланмоқда. Уларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган», дейилади хабарда.
Бундан олдинроқ Мудофаа вазирлиги ушбу ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар йўқлигини билдирганди.
Мавзуга оид
12:58 / 17.10.2024
Сирдарёда 1-синф ўқувчиси игна санчиш билан жазоланаётгани айтилмоқда
19:05 / 14.10.2024
Собиқ ИИБ ходими умрбодга ҳукм қилинди. У уч кишини ўлдирган
17:54 / 31.08.2024
Марказий ҳарбий округда зирҳли ва махсус ҳарбий техникаларни таъмирлаш йўлга қўйилди
21:42 / 20.08.2024