Жаҳон | 07:44 / 24.10.2022
14201
2 дақиқада ўқилади

Киев Шойгунинг «бомба» ҳақидаги сўзларини «хавфли ёлғон» деб атади

Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Киевга нисбатан Украинада «бомба»ни портлатиш режаларида айблаганини «хавфли ёлғон» деб атади. 

Дмитро Кулеба / Фото: Reuters

«Россиянинг Украина гўёки бомбадан фойдаланишни режалаштираётгани ҳақидаги ёлғонлари бемаънилик билан бир қаторда, хавфли ҳамдир. Биринчидан, Украина ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома иштирокчиси ҳисобланади ва унга содиқдир: бизда «бомбалар» йўқ. Иккинчидан, руслар кўпинча ўзлари режалаштирган нарсада бошқаларни айблайдилар», деб ёзади Кулеба.

Бундан олдин Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба Исроилдан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришни сўраш ниятида эканлигини маълум қилган эди. 

«Эрон Исроил учун қизил чизиқдир ва Эрон Украинага қарши тажовуз жиноятига бевосита шерик бўлганидан сўнг, менимча, Исроилда Украинага ёрдам бериш ёки ёрдам бермаслик борасида шубҳаси бўлган ҳеч ким қолмайди. Бу шубҳаларни йўққа чиқариш керак», деди у брифингда. 

Украина расмийлари Россияни сўнгги ҳафталарда Эронда ишлаб чиқарилган Shahed-136 дронларидан фойдаланган ҳолда Украина энергетика инфратузилмасини ўққа тутишда айбламоқда. 

Киевга кўра, сўнгги бир неча кун ичида Россия ҳужумлари оқибатида 70 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Эрон Россияга ўзининг дронлари етказиб берилаётганини рад этди, Россия эса бу маълумотга изоҳ бермаяпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид