Жаҳон | 08:21 / 25.10.2022
10275
2 дақиқада ўқилади

НАТО бош котиби Россиянинг «ифлос бомба» ҳақидаги айбловларини қоралади

НАТО давлатлари Россиянинг Украина ўз ҳудудида «ифлос бомба» қўллашга тайёрланаётгани ҳақидаги даъволарини рад этади, деди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг бу масалани АҚШ ва Британия мудофаа вазирлари Ллойд Остин ҳамда Бен Уоллес билан муҳокама қилар экан. 

Фото: Getty Images

Россия Федерацияси ўз баёнотларини эскалация учун баҳона сифатида ишлата олмайди, дея алоҳида таъкидлаб ўтди НАТО бош котиби. 

Альянс Украинани қўллаб-қувватлашда собит, дея қўшимча қилди Столтенберг.

Бундан олдин Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Киевга нисбатан Украинада «бомба»ни портлатиш режаларида айблаганини «хавфли ёлғон» деб атаганди.

«Россиянинг Украина гўёки бомбадан фойдаланишни режалаштираётгани ҳақидаги ёлғонлари бемаънилик билан бир қаторда, хавфли ҳамдир. Биринчидан, Украина ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома иштирокчиси ҳисобланади ва унга содиқдир: бизда «бомбалар» йўқ. Иккинчидан, руслар кўпинча ўзлари режалаштирган нарсада бошқаларни айблайдилар», деб ёзади Кулеба.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги АЭХАни Россия «бомба» – фаразий радиологик қурол тайёрлаётганини даъво қилаётган Желтие Води ва Киевдаги объектларга ташриф буюришга чақирди. 

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) Россия «бомба қўллаш орқали эҳтимолий провокациялар уюштириш»да айблаган Украинага экспертларини юборади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид