18:33 / 25.10.2022
18766

Тошкентда “Ўзбекистон: Марказий Осиё бўйлаб замонлар оша саёҳат” филми намойиши бўлиб ўтди

Ҳужжатли филм франциялик киноижодкорлар томонидан, Маданият ва санъат жамғармаси ташаббуси билан суратга олинган. Марказий Осиё тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи филм маҳаллий ва хорижий телеканалларда, шунингдек Лувр музейидаги Ўзбекистон кўргазмасида намойиш этилади.

23 октябр куни Тошкентда “Ўзбекистон: Марказий Осиё бўйлаб замонлар оша саёҳат” номли янги ҳужжатли филм премьераси бўлиб ўтди.

Филм Франциянинг “Le Poisson Volant” кинокомпанияси, ARTE маданият телеканали ва Лувр музейи билан ҳамкорликда яратилган. Лойиҳа ташаббускори – Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.

Сценарий муаллифи – франциялик Ив Нилли, режиссёр ҳам француз ижодкори – Живко Даракчиев. Ҳужжатли филмда милоддан аввалги 4-асрда яшаган Искандар Зулқарнайндан бошлаб, милодий 15-асрда ҳукмдор бўлган Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбеккача бўлган даврдаги Марказий Осиё тарихи ҳақида ҳикоя қилинади.

Томошабин филмни кўрар экан, замонлар оша саёҳат қилиб, Марказий Осиё ҳудудида яшаган халқлар, уларнинг маданияти, дини ва турмуш тарзи ҳақида билиб олиши мумкин.

Саида Мирзиёева, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раисининг ўринбосари.
Фото: Telegram / Saida Mirziyoyeva

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёеванинг сўзларига кўра, филм кейин ой Лувр музейида намойиши бошланадиган “Ўзбекистон воҳаларининг хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” номли кўргазмада намойиш қилинади.

“Мақсадимиз – Ўзбекистоннинг бебаҳо маданий-тарихий меросини жаҳон маданият майдонида кенг ёйиш ва маданиятлараро алмашинувни ривожлантиришдан иборат. Живко Даракчиевнинг ажойиб режиссёрлик иши ва бутун тасвирий гуруҳ маҳорати туфайли филм воқеалари бизни ҳаяжонга солади, савдо йўллари ва маданий алмашинув маконлари бўйлаб ғаройиб саёҳатга етаклайди. Филм томошабинга кўп асрлар давомида бетакрор санъат намуналари ва муҳим меъморий иншоотларни яратиб келаётган минтақанинг улуғвор маданияти жамланган масканга саёҳат қилдириб, кўплаб муҳим маълумотлардан бохабар қилади”, – деди Саида Мирзиёева.

Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушезнинг айтишича, янги ҳужжатли филм премьераси шу йил 23 ноябрдан Франциянинг Париж шаҳрида бошланадиган Ўзбекистон кўргазмасининг дебочаси ҳисобланади.

Орелия Бушез, Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси.
Фото: Telegram / Saida Mirziyoyeva

“Мазкур ҳужжатли филм Франциянинг Лувр музейи ва Араб дунёси институтида бўладиган кўргазмаларнинг очилишидан бир ой олдин ташкил этилди. Бу икки кўргазмани ўтказиш ғояси 2018 йилда жаноб Шавкат Мирзиёевнинг Францияга бориб, Макрон жаноблари билан учрашганида берилган эди.

Мақсад – Ўзбекистон-Франция ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш. Шу билан 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Лувр музейи мутахассислари, реставраторлари 4 йил мобайнида мазкур лойиҳа устида ишлашди.

Давлатларимиз орасида ҳамкорлик янада ривожланиб бормоқда. Бугун намойиш этилган филм эса мана шу ҳамкорликнинг яққол исботи десак бўлади”, – деди элчи хоним.

Жамғарма матбуот котиби Элмурод Нажимовнинг сўзларига кўра, ҳужжатли филмни ишлаш ва кўргазмага тайёргарлик жараёнида бежизга француз мутахассислар билан ишланмаяпти.

“2017 йилда жамғармамиз ташкил этилиб, 2018 йилдан фаолиятини тўлиқ бошлаб олган. Ўшанда жамғармамиз ходимлари бир қанча чет давлатлари: Буюк Британия, Франция, Япония, Россия каби мамлакатларга сафар ҳам қилишган эди.

Ноябр ойининг сўнгида ўтадиган катта кўргазмаларимизни Лондондаги Британия музейида, Япония ёки Хитой музейларида ўтказиш таклифи бор эди.

Лувр музейи ташриф буюрувчилар сони бўйича дунёда биринчи ўринни, экспонатларга бойлиги жиҳатидан эса Эрмитаждан кейин иккинчи ўринни эгаллаган, шунинг учун ҳам айнан Лувр музейи раҳбарияти билан меморандум имзолашга келишиб олдик. Кейинроқ меморандум имзоланиб, бу кўргазма учун умумий ҳисобда 4 йил тайёргарлик кўрдик. Кўргазмага тайёргарлик давомида бир қанча лойиҳаларни амалга оширдик. Улар қаторида тақдимоти бўлиб ўтаётган “Ўзбекистон: Марказий Осиё бўйлаб замонлар оша” ҳужжатли филмини ҳам мисол қилиш мумкин”, – деди у.

Элмурод Нажимов – Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот котиби

Унинг қайд этишича, ҳужжатли филм франциялик ижодкорлар, ARTE телеканали, Лувр музейи ходимлари ҳамда маҳаллий мутахассислар билан бирга 6 ой давомида суратга олинган.

Ҳужжатли филм режиссёри Живко Даракчиев филмни яратишда тарихий воқеаларни бир-бирига улаш энг масъулиятли ишлардан бўлганини айтади.

Живко Даракчиев, “Ўзбекистон: Марказий Осиё бўйлаб замонлар оша саёҳат” филми режиссёри

“Бир кун продюссерим Софи Гоупил келиб: “Бир лойиҳа бор, қатнашиб кўрасанми?” деб қолди. Кейин розилик билдириб, 10 кун давомида филм воқеалари қандай кўринишда кетади, шуларни аниқлаштириб олиш учун изландим. Шундан сўнг 6 ой ўтгач, билдикки, бу ҳужжатли филмни суратга олиш учун биз танланган эканмиз.

Ҳаётим давомида қисқа вақт ичида тайёрлаган филмим шу бўлади. Бу филм устида ишлашдан олдин ҳамма нарсани нолдан бошлашга тўғри келди, чунки Марказий Осиё давлатлари ҳақида фақат умумий маълумотларни билар эдим, бу эса камлик қиларди. Шунинг учун ҳам нима ўрганган бўлсам, мен учун ҳаммаси янгилик бўлди.

Жараёндаги энг масъулиятли ишлардан бири бу – тарихий воқеаларни бир-бирига изчил улаб кетиш бўлди, боиси, бунда режиссёрдан фақат тарих китобларини ўқиш эмас, балки воқеаларни росманасига жонлантириш талаб этиларди. Тўғрисини айтсам, мен учун энг қийини изланиш бўлди. Шунга қарамай, суратга олиш жараёни жуда яхши ўтди, бизга ёрдам берган ҳамкор ташкилотлардан миннатдормиз. Сўнгида айтишим мумкинки, натижа мени қониқтирди”, – дейди режиссёр.

Филмни томоша қилиш давомида эътиборимизни тортгани унинг рус, инглиз ва қўшимча равишда француз тилида намойиш этилгани бўлди.

“Премьерада иштирок этганларнинг аксарияти – чет эллик дипломатик корпус вакиллари. Шунинг учун ҳам филм премьераси рус, инглиз, қўшимча равишда француз тилларида намойиш этилди. Бундан кўзланган мақсад – ўзбек маданияти ва санъатини чет элда тарғиб қилишдир”, – деди жамғарма матбуот котиби Элмурод Нажимов.

Қўшимча қилинишича, ҳужжатли филм яқин орада Ўзбекистондаги телеканалларда ўзбек тилида ҳам намойиш этилади. Бундан ташқари, кейинчалик хориж телеканаллари, хусусан Франциянинг энг оммабоп телеканалларида кўрсатилиши режалаштирилган.

Top