Ўзбекистон | 17:45 / 10.12.2025
2818
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева қўбиз ва ўтовнинг ЮНЕСКО маданий мерос рўйхатига киритилганини олқишлади

Ушбу халқаро миқёсдаги эътироф анъаналаримизнинг нақадар теранлиги, маънавий меросимизнинг қудрати ва авлодлар ўртасидаги узвий боғлиқликни тасдиқлайди, деб ёзди у.

Фото: Telegram/Saida Mirziyoyeva

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қорақалпоғистоннинг иккита маданий қадрияти – қўбиз ва ўтовнинг ЮНЕСКО Номоддий маданий мерос рўйхатига киритилганини олқишлади.

«Бугун биз учун муҳим ва том маънода тарихий кун. Ҳиндистоннинг Ню-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтаётган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг 20-сессиясида Қорақалпоғистоннинг иккита бетакрор маданий қадрияти – қўбиз ва ўтов ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий мерос рўйхатига расман киритилганини ифтихор билан маълум қиламан.

Ушбу халқаро миқёсдаги эътироф анъаналаримизнинг нақадар теранлиги, маънавий меросимизнинг қудрати ва авлодлар ўртасидаги узвий боғлиқликни тасдиқлайди.

Бой меросимизни асраб-авайлаш ва тарғиб этишга ҳисса қўшган барча моҳир усталар, тадқиқотчилар, анъаналаримиз ҳимоячилари ҳамда ихлосмандларга миннатдорчилик билдираман. Бу маданиятимизга дахлдор барчанинг ғалабасидир! Биз эса ўзлигимизни бемисл қилувчи қадриятларимизни кўз қорачиғидек сақлаган ҳолда олға қадам ташлашда давом этамиз», деб ёзди Саида Мирзиёева.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид