Жаҳон | 20:13 / 25.10.2022
22273
6 дақиқада ўқилади

Россия Украина «ифлос бомба» қўллаши ҳақида «огоҳлантириш»да давом этмоқда

Ғарбдагилар буни реакция қандай бўлишини текшириш ёки можаронинг янги кескинлашуви учун баҳона сифатида баҳолашмоқда.

Россия Украина «ифлос бомба» (радиологик қурол) қўллашга тайёрланаётганини таъкидлашда давом этмоқда. Барчаси 23 октябр куни бошланганди. Ўша куни Москва вақти билан соат эрталабки саккизда РИА Новости давлат агентлиги сайтида «турли мамлакатлардаги ишончли манбалар»га таянган ҳолда Украина ўз ҳудудида «ифлос бомба» ишлатмоқчилиги ва бунда Россияни айблаши айтилган мақола нашр қилинди. Шу куни РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу Франция, Буюк Британия, Туркия ва АҚШдаги ҳамкасбларига қўнғироқ қилиб, уларни бу ҳақда огоҳлантирди.

Валерий Герасимов ва Сергей Шойгу
ALEXEI NIKOLSKY/TASS

Сергей Шойгу ортидан РФ қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов ҳам Ғарб давлатларидаги ҳамкасбларига телефон қилган. 24 октябр куни у Шойгу каби Буюк Британия ва АҚШдаги юқори лавозимли ҳарбий қўмондонлар билан гаплашиб, гўёки Украинада «ифлос бомба» тайёрланаётгани ҳақида гапирган. Шу куни Россия мудофаа вазирлиги расман Украинада радиоактив материаллар ва бундай қуролларни яратиш учун «илмий база» борлиги ҳақида эълон қилди. Ҳарбий идоранинг таъкидлашича, унинг қўлланиши Россиянинг кам қувватли ядро қуроллари ишга туширилишига олиб келади.

Россия Қуролли кучлари радиациявий, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кирилловнинг маълум қилишича, «Россия кучлари ва воситалари радиоактив ифлосланиш шароитида вазифаларни бажаришга шай ҳолатга келтирилган». Унинг сўзларига кўра, Украинанинг икки ташкилоти «ифлос бомба» тайёрлаш бўйича аниқ топшириқлар олган ва ишлар «якуний босқич»да турибди. Кириллов бундай қурол қўлланиши бир неча минг квадрат метр майдон радиоактив ифлосланишига олиб келишини айтган.

Россия армияси раҳбариятидан ташқари, мамлакат ташқи ишлар вазирлигидагилар ҳам «ифлос бомба» ҳақида гапиришган. 24 октябр кун ТИВ спикери Мария Захарова ушбу режалаштирилган провокациядан мақсад —«Россияга қарши кучли кампания» ўтказиб, ҳамкорларнинг Москвага ишончига путур етказиш ва РФни халқаро майдонда яккалаб қўйиш эканини айтган. Вазирлик раҳбари Сергей Лавров эса «ифлос бомба» масаласи БМТ Хавфсизлик кенгашида кўриб чиқилишини айтган.

  • Россия аввал ҳам, урушнинг дастлабки даврида Украинани ядро қуроли яратишга уринишда айблаганди. Бунга баҳона сифатида Украина президенти Володимир Зеленскийнинг урушдан олдинроқ берган баёноти келтирилганди. Зеленский 1994 йилда Украина «хавфсизлик мақсадида ядро қуролидан воз кечгани» ва энди «на қуролга ва на хавфсизликка эгалиги»ни айтганди. Киев «ифлос бомба» яратиши режалари борлигини рад этган.

РФ ҳукумати расмийлари далил келтиришмаяпти. Украина томони «ифлос бомба» яратилиши ҳақидаги гапларни қатъиян инкор этган. Президент Володимир Зеленский ва ТИВ раҳбари Дмитро Кулеба Россия ўзи қилишни режалаштирган ишларда ўзгаларни айблаб келишини эслатган. Киев Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ/АЭХА) экспертларидан Россия радиологик қуроллар ишлаб чиқариш билан шуғулланишини даъво қилаётган Желтие Води ва Киевдаги объектларга ташриф буюриб, текширув ўтказишини сўраган. Агентлик раҳбари Рафаэл Гросси инспекторлар яқин кунлар ичида Украинадаги икки объектни текширишини айтган. Гросси бу объектлардан бири бир ой олдин ҳам текширилгани ва ўшанда ҳеч қандай тақиқланган нарса топилмаганини қўшимча қилган.

АЭХА инспекторларини сентябр ойида Запорижжя АЭСга олиб келган БМТ автомобиллари
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA

Ғарбдагилар Россиянинг айбловларига ишонишмаяпти. АҚШ, Буюк Британия ва Франция ташқи ишлар вазирлари буни эскалация учун баҳона деб, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг — «абсурд» деб атади. АҚШ Давлат департаменти ва Оқ уй айни вақтда Россия ядровий қуролдан фойдаланишга тайёрланаётганининг белгилари кўринмаётганини маълум қилган. Аммо The New York Times (NYT) манбаларига кўра, АҚШ барибир Россия украинларнинг «ифлос бомбаси» ҳақидаги баёнотлар билан ўзининг «машъум» режаларини ниқоблашга ҳаракат қилиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

Москванинг мақсади Ғарбнинг реакциясини текшириш бўлиши мумкин  бу ҳақда Financial Times нашрининг икки манбаси айтган. Россия томонидан ядро қўлланиши эҳтимоли уруш бошиданоқ муҳокама этиб келинади, аммо экспертлар Россия президенти Владимир Путин биринчи навбатда сафарбарлик ва Украина энергетика объектларига зарба бериш методларини қўллашини тахмин қилишганди. Айни вақтга келиб бу икки метод ҳам қўлланган ва Путин уларнинг самарасини баҳолаши учун бир неча ой кетади, деб ёзади NYT. Кейинчалик нима бўлиши номаълум, лекин аввал хабар қилинганидек, Россия ядро қуроли қўллаган тақдирда АҚШ катта эҳтимол билан симметрик жавоб қайтармади — оддий қуроллар билан Украина ҳудудидаги Россия қўшинларига зарба берилади.

Мавзуга оид