Ўзбекистон | 18:54 / 28.10.2022
33349
2 дақиқада ўқилади

2022 йилда Ўзбекистонга келган россияликлар сони ҳақида маълумот берилди

Январ-сентябр ойларида Ўзбекистонга келган Россия фуқаролари сони 318 мингдан ошган. Россиядан туризм мақсадида келганлар 400 мингга яқинлашган.

Фото: РИА Новости

Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январ-сентябр ойларида Россиянинг 318 156 нафар фуқароси Ўзбекистонга келган.

Уларнинг 210 минг 902 нафарини эркаклар, 107 минг 254 нафарини аёллар ташкил қилади.

Шунингдек, 109 минг 417 нафарини 18 ёшдан 30 ёш оралиғигача бўлганлар, 117 минг 625 нафарини 30 ёшдан 55 ёшгача бўлганлар, 73 минг 858 нафари 55 ёшдан юқори бўлганлар ташкил этади.

Қайд қилинишича, дастлабки олти ойда 129 минг нафар Россия фуқароси келган бўлса, июл-сентябр ойларида оқим кескин равишда ошиб, 189 мингдан сал кўпроқ одам келган.

Давлат статистика қўмитаси 2022 йилнинг дастлабки 9 ойида Россиядан туризм мақсадида Ўзбекистонга келганлар сонини маълум қилди – 395,1 минг киши (шу жумладан, сентябр ойида 78,2 минг киши). Бу кўрсаткич 2021 йилнинг январ-сентябр ойларига нисбатан 2,1 баробар ошган.

2022 йилда Ўзбекистонга туризм мақсадида келган Россия фуқаролари сони (қавс ичида эркаклар ва аёллар):

  • Январ – 16604 (10381, 6223)
  • Феврал – 14173 (9170, 5003)
  • Март – 24625 (14589, 10036)
  • Апрел – 29284 (16407, 12877)
  • Май – 47493 (26249, 21244)
  • Июн – 53421 (28169, 25252)
  • Июл – 61608 (31903, 29705)
  • Август – 69648 (35607, 34041)
  • Сентябр – 78254 (48213, 30041)

21 сентябрда Россияда сафарбарлик бошланганидан сўнг, кўплаб россияликлар мамлакатни тарк этиб, биринчи навбатда, визасиз кириш мумкин бўлган қўшни давлатларга кетишни бошлади. Биринчи ҳафталарда Россия билан Грузия, Қозоғистон, Финляндия ўртасидаги қуруқлик чегараларида узун навбатлар пайдо бўлди. Шунингдек, Россиядан учиб кетиш учун авиачипталар нархи сезиларли даражада ошган эди.

Мавзуга оид