Жаҳон | 17:18 / 28.10.2022
8063
2 дақиқада ўқилади

АҚШ энг кучли ядро бомбаси - B83-1’ни қуроллари рўйхатидан чиқаряпти

Фото: Reuters

АҚШ Мудофаа вазирлиги B83-1 бомбаси қуроллар рўйхатидан чиқарилишига уни ишлатиш чекланганлиги ва техник хизмат кўрсатиш харажатлари юқори эканлиги билан изоҳ берди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги мамлакат ядро арсеналидаги сўнгги мегатонналик қурол бўлган B83-1 термоядровий бомбасини қуроллари рўйхатидан чиқаришга қарор қилди. Бу ҳақда 27 октябр, пайшанба куни эълон қилинган миллий хавфсизлик стратегиясида маълумот берилди. 

Пентагоннинг тушунтиришича, тахминан 1,2 мегатонна тротил қувватига эга B83-1’дан фойдаланиш имконияти вақт ўтиши билан камайиб бормоқда ва унга техник хизмат кўрсатиш тобора кўпроқ маблағ талаб қиляпти. B83-1 бомбаси 1983 йилдан бери қуроллар рўйхатида турибди ҳамда Калифорния университетининг Ливермор лабораториясида ишлаб чиқилган. Умуман олганда, Қўшма Штатлар ушбу бомбаларнинг 650 тасини ишлаб чиқаришга муваффақ бўлди. Вашингтоннинг янги миллий стратегияси мақсадларидан бири ядро қуролининг мамлакат мудофаасидаги ролини камайтиришдир.

Ҳозирда Пентагон Хитойни «АҚШ миллий хавфсизлигига энг жиддий таҳдид» ва «стратегик рақобатчи» сифатида кўрмоқда, Россияга эса «ўткир таҳдид» сифатида қаралмоқда. «Хитойдан фарқли ўлароқ, Россия узоқ муддатда АҚШга тизимли равишда эътироз билдира олмайди. Лекин Россия агрессияси бизнинг манфаатларимиз ва қадриятларимизга тўғридан тўғри ҳамда кескин таҳдиддир», - деди АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин. Қўшма Штатлар белгиланган муддатдан бир неча ой олдин НАТОнинг Европадаги базаларига янгиланган B61-12 термоядро бомбаларини юборади. Альянс Россиядан ядровий зарба бериш таҳдиди остида машғулотлар ўтказмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид