Жаҳон | 08:06 / 29.10.2022
9931
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Россиянинг 17 миллиард евролик активларини музлатиб қўйди

Уч ой давомида музлатилган активлар ҳажми деярли бир ярим баробар ошди. Уларнинг 2,2 миллиард евроси Германия ҳиссасига тўғри келади.

Фото: Getty Images

Евроиттифоқда РФга қарши санкцияларни амалга ошириш доирасида уруш бошланганидан бери Россиянинг 17 миллиард евродан ортиқ активлари музлатиб қўйилди, деб хабар берди Европа Иттифоқининг адлия бўйича комиссари Диде Рейндерс Funke медиагуруҳига берган интервьюсида.

«Ҳозиргача 90 кишининг активлари музлатилган, 7 аъзо давлатда 17 миллиард евродан ортиқ, шу жумладан Германияда 2,2 миллиард евро», — деди Рейндерс.

Июль ойида Европа комиссари ЕИ аъзоларининг қарийб 13,8 миллиард еврога тенг яхталар, кўчмас мулклар, ҳисобрақамлари ва Россиянинг бошқа активларини музлатиб қўйгани ҳақида хабар берган эди. Рейндерс улар қайси мамлакатлар эканини айтмади, фақат аксарияти - 12 миллиард евродан ортиқ маблағ - атиги беш аъзо давлатга тўғри келишига эътибор қаратди. Ҳозирда мамлакатлар сони еттитага етди, музлатилган активлар ҳажми эса деярли икки баравар ошди.

Умуман олганда, Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери ЕИ РФга қарши саккизта санкциялар пакетини киритди ва ҳозир «яна нима қилиш мумкинлигини ўрганмоқда», деди Рейндерс.

Украина сиёсатчилари музлатилган активлар урушдан кейин мамлакатни қайта тиклаш учун ишлатилишини бир неча бор талаб қилган. Рейндерс буни истисно этмади. «Агар Европа Иттифоқи жиноий пулларни мусодара қилса, у ҳолда Украина учун товон жамғармасига юборилиши мумкин. Бироқ, бу маблағ қайта қуришни молиялаштириш учун етарли эмас», - дея тушунтирди у Ғарб санкциялари доирасида Россия Марказий банкининг валюта захираларидан 300 миллиард евро музлатилганини эслатиб.

«Менинг фикримча, бу 300 миллиард евро ҳеч бўлмаганда Россия Украинани қайта тиклашда ихтиёрий иштирок этмагунча кафолат сифатида сақланиши мумкин», — деди Рейндерс.

Мавзуга оид