12:17 / 31.10.2022
12064

Россия Украинанинг кўплаб ҳудудларига ракета зарбалари берди

31 октябр куни эрталаб Россия Украина ҳудудига кўп сонли ракеталар билан зарбалар берди. Бутун мамлакат бўйлаб ҳаво тревогаси эълон қилинди. 

Фото: Picture Alliance

Черниҳов вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Вячеслав Чаус зарбалар ҳақида, хусусан, ўзининг Telegram-каналида ёзган. Миколайив вилояти раҳбари Виталий Кимнинг сўзларига кўра, ракеталарнинг бир қисми Миколайивдан шимол ва шимоли-ғарбга ўтган. 

Маҳаллий ҳукуматлар шунингдек, Киев, Винница, Харкив, Полтава вилоятлари ҳамда Кривой Роҳда Россиянинг ўққа тутиши ҳақида хабар бермоқда. Ровное шаҳри мэри Александр Третякнинг Telegram-каналидаги маълумотларига кўра, кўплаб ҳудудларда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаяпти. 

Бир сутка ичида Россия қўшинлари 4 та ракета, 5 та авиация зарбаси берди, бир нечта ракета тизимларидан 90 дан ортиқ ҳужумларни амалга оширди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штабининг Facebook ижтимоий тармоғидаги эрталабки хулосасида айтилади. 

«20 дан ортиқ аҳоли пункти душманнинг зарбаларига учради. Улар орасида Харкив вилоятидаги Купянск, Донецк вилоятидаги Северск, Херсон вилоятидаги Новая Каменка, Миколайив вилоятидаги Березнеговатое ва Очаков шаҳарлари бор», — дейилади хабарда. 

Харкивда 31 октябр куни эрталаб руслар муҳим инфратузилма объектига зарба беришди, деди шаҳар мэри Игор Терехов. «Харковга иккита зарба етиб келди. Душман шаҳардаги муҳим инфратузилма объектига зарба берди», деб ёзди у Telegram’да. 

Черкасск вилоятида муҳим инфратузилма объектига зарба берилган, натижада минтақанинг бир қисми электр энергиясиз қолган, деди Черкасск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Игор Табурец Telegram’да. Фавқулодда хизматлар воқеа жойида ишлаяпти, деди у. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top