Тошкентда 1,5 млрд сўмга мактаб ўқитувчилари учун бир хил форма сотиб олинмоқда
Тошкент шаҳар ҳокимлиги мактаб ўқитувчиларини бир хил кийинтириш ташаббусини давом эттиряпти. Баҳорда 3 минг нафар ўқитувчига форма тарқатилган бўлса, кузга келиб яна 1,2 минг ўқитувчи учун 1,5 млрд сўмлик кийимлар харид қилиняпти. Бир комплектнинг нархи 1 млн 250 минг сўмгача деб белгиланган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги мактаб ўқитувчилари учун 1 200 комплект форма сотиб олишга буюртма берди. Бу борада ҳокимнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маданий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари Дурдона Раҳимова шу йил 17 октябрда имзолаган тасдиқлов ҳужжати имзолаган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳужжат суратидан кўринишича, бу комплектлар кўйлак, юбка, галстук, жакет ва кофтадан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бир донаси 1 млн 250 минг сўмга баҳоланган.
Дурдона Раҳимованинг Gazeta.uz'га маълум қилишича, бу ташаббус ҳокимликнинг ўзидан чиққан, уни амалга оширишдан аввал бирор давлат тажрибаси ўрганилмаган ва бундай мақсад ҳам йўқ.
“Ҳамма касб эгаларининг ўз шарафли формаси бор, кўрган одам уларнинг қай соҳада ишлашини бир қарашда билади. Формани йўлга қўйишдан мақсад жамоат жойларида ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, ёш авлодда уларга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантиришдан иборат. Мактаб директорлари барибир педагогларга форма кийдиртиради, ҳар бир ўқитувчи 2 млн сўмгача бўлган нархларда форма сотиб олади. Ҳозир қай бир мактабга борманг, ўқитувчилар устида турли рангдаги костюмлар, кофталарни кўрасиз. Биз эса ҳамма педагоглар бир хил формада бўлишини истаб, шу ташаббус билан чиқдик”, – деган у.
Раҳимовага кўра, формани йўлга қўйишдан олдин мактаб директорлари ва ўқитувчиларнинг фикри ўрганилган, таклифлари эшитилган.
“Бу форма мажбурий эмас. Буни ўқитувчиларга ёрдам сифатида кўриш мумкин. Улар орасидаги эътиборга муҳтожларига, қисман бўлса-да, кўмаклашмоқчимиз. Мисол учун, бирор ўқитувчи бир ёки икки нафар фарзандини шартнома асосида олий ўқув юртида ўқитаётган бўлса, ўзи учун форма харид қилишда қийналади. Шу нуқтайи назардан ҳам шундай педагогларга ёрдам бериш мақсад қилинган”, – деди ҳоким ўринбосари.
Унинг айтишича, бу амалиёт янги эмас – 2022-йил баҳорида ҳам 3 минг нафар ўқитувчига форма харид қилиниб, тарқатилган.
“Ўша формаларни ҳам шаҳар ҳокимлиги харид қилиб, бепул тарқатган. Педагоглар ҳозиргача хурсанд бўлиб, киймоқда. Бошқа ўқитувчиларга ҳам босқичма-босқич олиб беряпмиз. Шу жараённинг давоми сифатида 1 200 нафар ўқитувчига форма сотиб олиш кўзда тутилган. Битта педагог формасининг нархи 1,25 млн сўм дейилган, аммо бу энг юқори нарх. Ўқитувчилар бозордан юбка, кофта ва бошқаларни оламан деса, анча қимматга тушади. Биз эса уларга маҳаллий бюджетнинг ортиб қолган қисмидан ажратилган маблағга форма харид қилиб, бепул тарқатяпмиз”, – дея Дурдона Раҳимованинг сўзларини келтирмоқда Gazeta.uz.
Шу йил ёз ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўқитувчилар учун мактаб формасига бюджетдан жами 15,7 млрд сўм ажратгани маълум бўлган эди. Дастлаб, 26 июл куни ҳокимнинг 761-14-0-Қ/22 сонли қарори билан республика бюджетининг 2022 йил иккинчи чорак даромадлари режаси орттириб бажарилган қўшимча манбасининг Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ажратилган қисми ҳисобидан умумтаълим мактаблари ўқитувчилари формалари учун 3 млрд сўм миқдорида маблағлар тақсимланиши эълон қилинганди.
Кейинроқ шаҳар ҳокимининг 27 июлдаги 767-14-0-Қ/22 сонли қарорига асосан, маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 15 минг нафар ўқитувчи учун мактаб формаларига 12,7 млрд сўм миқдорида пул ажратилганди.
27 июл куни халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ягона мактаб формаси мавзусидаги брифингда, ўқитувчилар учун ягона форма жорий этилаётгани ҳақидаги хабарларни “фейк” деганди. Вазирлик матбуот хизмати ўқитувчилар учун мамлакат миқёсида белгиланган ва тасдиқланган ягона мактаб формаси мавжуд эмаслигини маълум қилган.
Маълумот учун, Давлат статистика қўмитасининг шу йил январ-март ойлари учун эълон қилинган ахборотига кўра, Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 3 млн 426 минг 800 сўмни ташкил этади. Бу рақамлар соҳалар кесимида олинса, таълим йўналишида ишловчиларнинг ўртача маоши 2 млн 517 минг сўмни кўрсатмоқда.
Мавзуга оид
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
17:26 / 08.11.2024