Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жаир Болсонару тарафдорлари Бразилияда йўлларни тўсиб қўйишди
Бразилияда президентлик сайловларида Луис Инасио Лула да Силвага мағлуб бўлган Жаир Болсонару тарафдорлари 200 дан ортиқ жойда йўлларни тўсиб қўйишди.
Бразилияда президентлик сайловлари натижаларига норозилик сифатида овоз беришда ютқазган Жаир Болсонару тарафдорлари 200 дан ортиқ жойда йўлларни тўсиб қўйишди. Бу ҳақда 31 октябр, душанба куни Бразилиянинг Folha de S. Paulo газетаси полицияга таяниб хабар берди.
Гап пойтахтдаги шаҳар автомагистрали ҳамда Рио-де-Жанейро ва Сан-Паулуни боғлайдиган йўл каби муҳим транспорт тармоқлари ҳақида кетяпти.
Автотранспорт тирбандлиги бир неча километрга чўзилиб, Барча авлиёлар куни олдидан ҳаракатни қийинлаштирди. Айрим намойишчилар юк машиналарига Бразилия байроқларини осиб қўйган бўлса, бошқалари сайланган президент Луиз Инасиу Лула да Силвани ҳақорат қилган.
Бразилия Олий сайлов суди (TSE, МСК вазифасини бажаради) полицияга тўсиб қўйилган йўлларни очишни буюрди.
Кўплаб юк машиналари ҳайдовчилари Болсонару тарафдорлари ҳисобланади. Dpa агентлиги аниқлик киритишича, улар Бразилиядаги нуфузли профессионал гуруҳдир, чунки юкларнинг катта қисми автомобиль орқали ташилади.
Бразилиянинг чап қанот Ишчилар партияси вакили, мамлакат собиқ президенти Луис Инасиу Лула да Силва 30 октябр куни бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида ғалаба қозонди. У 50,9 фоиз овоз олган. Унинг рақиби, ўнг қанот популист, амалдаги президент Жаир Болсонаруни сайловчиларнинг 49,1 фоизи қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг у экранлардан ғойиб бўлди ва баёнот бермади.
2 октябр куни бўлиб ўтган сайловларнинг биринчи босқичида 77 ёшли Лула да Силва сўровлар башорат қилганидан кичикроқ фарқ билан бўлса-да, Жаир Болсонарудан ўзиб кетди: чап қанот номзод учун 48,5 фоиз, амалдаги президент учун 43,2 фоиз овоз берилди.
Луис Инасиу Лула да Силва 2003-2010 йилларда Бразилия президенти бўлган ва жуда машҳур эди. Кейинчалик у коррупцияда айбланиб 12 йилга қамалган, бироқ Олий суд ҳукмни бекор қилиб, унга қайта сайланишга рухсат берган.
Сайловлар олдидан Болсонару бир неча бор сайлов тизимининг мустақиллигига шубҳа билдирган ва сайлов натижаларини тан олмаслигини айтганди, унинг тарафдорлари эса ҳатто кўчаларга чиқишга чақиришган.
Лотин Америкасининг энг йирик давлати Бразилияда 156 миллиондан ортиқ киши овоз бериш ҳуқуқига эга. Сайловда 118 миллионга яқин фуқаро қатнашди.
Мавзуга оид
09:45 / 17.06.2026
Бразилия собиқ президентининг ўғли қамоқ жазосига ҳукм қилинди
20:23 / 15.06.2026
Бразилиядаги аттракционда аёл 40 метр баландликдан хавфсизлик арқонисиз отиб юборилди
08:49 / 15.06.2026
Бразилияда икки вертолёт тўқнашди: машҳур хонанда Оливер Три ҳалок бўлди
23:05 / 14.06.2026