Ўзбекистон | 10:11 / 01.11.2022
3431
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ижтимоий уй-жой қурилиши бўйича Туркия тажрибаси қўлланади

Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Туркияга ташрифи доирасида бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев хорижлик ҳамкасблари билан қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказди.

Фото: Kun.uz

Туркия савдо вазири Меҳмет Муш билан учрашувда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўсиш динамикаси алоҳида таъкидланди. Томонлар савдо тузилмасини диверсификация қилиш доирасида ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олди.

Транспорт ва логистика соҳасидаги муносабатлар юзасидан фикр алмашилди. Туркия юклар транзити бўйича халқаро шартномаларга қўшилиш истиқболлари кўриб чиқилди, савдо йўлакларини диверсификация қилиш, транзит жараёнларини оптималлаштириш ва соддалаштириш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга келишилди.

Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Ваҳит Киришжи билан музокаралар чоғида қишлоқларни ривожлантириш, чорвачилик, паррандачилик, деҳқончилик, сут ва гўшт етиштириш соҳаларида лойиҳалар ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда амалга оширилишига грантлар ажратиш бўйича Туркия тажрибасини Ўзбекистонда қўллашга эътибор қаратилди.

Атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгаришлари вазири Мурат Курум билан учрашувда ижтимоий уй-жой қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича Туркия тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш, аҳоли саломатлиги пунктлари ва Оролбўйи ҳудудида бандликни оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид