08:08 / 01.11.2022
6327

Шольц «ифлос бомба» ҳақида: Киевга қарши айбловлар асоссиз

Шольц Зеленский билан суҳбатда Россиянинг Украина гўёки «ифлос бомба» ишлатишга тайёрланаётгани ҳақидаги айбловларини асоссиз деб ҳисоблади. Германия канцлери, АЭХА текшируви бу борадаги барча шубҳаларни йўқ қилади, деб таъкидлади.

Фото: Reuters/Michele Tantussi

Германия канцлери Олаф Шольц Россиянинг Украина «ифлос бомба» деб аталмиш қурилмадан фойдаланишга тайёрланаётгани ҳақидаги даъволарини асоссиз, дея кескин рад этди. Бу ҳақда Шольц Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон орқали мулоқоти чоғида маълум қилди. Суҳбатдан кейин оммавий ахборот воситаларига баёнот 31 октябр, душанба куни Германия ҳукумати вакили Штеффен Хебестрит томонидан тарқатилди.

«Канцлер Украина президентининг Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) томонидан Украина томони ташаббуси билан ўтказган мустақил текшируви бу борадаги барча шубҳаларни бартараф этиши ҳақидаги фикрига қўшилди», — дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, Германия ҳукумати раҳбари Россия қўшинлари томонидан Украинадаги фуқаролик инфратузилмасини нишонга олиш давом этаётганини қоралади.

Сиёсатчилар дунёда озиқ-овқат билан боғлиқ вазиятни оғирлаштирмаслик учун БМТ шафелигидаги «ғалла битими»нинг амалга оширилиши ва узайтирилишини хавф остига қўймасликка чақирди, дейилади баёнотда.

Германия канцлери Германия «Украинани сиёсий, молиявий ва гуманитар жиҳатдан, шунингдек, унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш масаласида, шу жумладан қурол-яроғ етказиб бериш орқали ёрдам беришдан воз кечмаслигини» таъкидлади.

Суҳбат чоғида томонлар Украинадаги ҳарбий, сиёсий ва гуманитар вазият, шунингдек, Киевга келгусида ёрдам кўрсатиш имкониятлари, хусусан, уни тиклаш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Россиянинг Киев «ифлос бомба»дан фойдаланишга тайёрланаётгани ҳақидаги айбловларидан сўнг, 31 октябр куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик инспекторлари Украина ҳукумати илтимосига кўра, Украинадаги иккита ядровий иншоотни текширишни бошлади. Агентлик бош директори Рафаэл Гроссининг сўзларига кўра, текширув бўйича дастлабки ҳисобот шу ҳафта охиригача эълон қилинади.

Аввалроқ, 25 октябр куни Германия канцлери Берлиндаги халқаро анжуманда Украинани қайта тиклаш бўйича янги Маршалл режасини ишлаб чиқишга чақирган эди. «Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш мажбурияти бизнинг давримизнинг энг изчил геосиёсий қарорларидан биридир», деб таъкидлади Шольц.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top