Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Даниядаги парламент сайловларида социал-демократлар етакчилик қиляпти
Блокларнинг ҳеч бири парламентда кўпчилик ўринни қўлга киритиш учун етарли овоз тўплай олмади. Собиқ бош вазир Ларс Расмуссеннинг Мўътадил партиясининг позицияси ҳал қилувчи бўлади.
Данияда 1 ноябрь, сешанба куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловлари натижаларига кўра, икки блокдан ҳеч бири Фолкетинг (бир палатали парламент)да кўпчилик ўринни қўлга киритиш учун етарлича овоз тўплай олмаяпти. Дастлабки расмий натижаларга кўра, бош вазир Метте Фредериксеннинг Социал-демократик партияси сайловчиларнинг энг кўп – 27,5 фоиз овозини олди.
Шу билан бирга, парламентни шакллантириш учун зарур бўлган мутлақ кўпчилик ўринни ушбу сиёсий бирлашмага тегишли бўлган сўлларнинг «Қизил блоки» ҳам, либераллар, консерваторлар ва ўнг қанот популистларидан иборат «Мовий блок» ҳам қўлга киритмади. Шу тариқа, биринчи альянс парламентдаги 179 мандатдан 87 тасига, иккинчиси эса 72 мандатга ишониши мумкин. Кўпчилик ўрин учун 90 та мандат керак.
AFP агентлигининг таъкидлашича, ҳеч бир блокка қўшилмаган Дания собиқ бош вазири Ларс Расмуссеннинг Мўътадил партияси позицияси ҳал қилувчи бўлади. Дастлабки натижаларга кўра, у Фолкетингда 16 та ўринни олади.
Бир палатали парламентдаги ўринлар учун 14 та партиядан номзодлар кураш олиб борди. Дастлабки расмий натижаларга кўра, «Қизил блок» 48,1 фоиз овоз тўпламоқда. 7 партиядан иборат «Мовий блок» 41,6 фоиз овоз олади.
Данияда сайловолди кампанияси асосан ички масалаларга, хусусан, юқори инфляцияга ва энергия нархининг кескин ошиши атрофидаги вазиятга қарши курашга қаратилган эди. 2019 йилда озчилик ҳукуматини бошқарган социал-демократ Метте Фредериксен ҳозирда анъанавий сиёсий блоклардан устун бўлган ҳукуматга интилмоқда.
Украинадаги уруш, энергетика инқирози ва бошқа глобал муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, у кенг сиёсий доирадаги партиялар билан ҳамкорлик қилиш зарур деб ҳисоблайди. Олти партиядан иборат ва либерал-консерватив Венстре партияси етакчиси Якоб Эллеманн-Енсен бошчилигидаги ўнг марказчилар блоки бундай иттифоқда иштирок этишдан бош тортмоқда. Сайловларнинг дастлабки натижалари ҳисобга олинса, Метте Фредериксен Дания бош вазири бўлиб қола оладими, деган савол ҳамон очиқ қолмоқда.