Жаҳон | 22:39 / 03.11.2022
12730
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Путин иштирок этган тақдирда G20 саммитига бормаслигини эслатди 

Украина президенти G20 саммитида иштирок этишга тайёр, бироқ, фақат Россия президенти бормаган тақдирда. 

Фото: president.gov.ua

Украина президенти Владимир Зеленский 15-16 ноябр кунлари бўлиб ўтадиган G20 саммитига тайёргарлик ҳақида маълум қилди. Бироқ, унинг сўзларига кўра, агар у ерда Россия президенти Владимир Путин бўлса, саммитга бормайди. 

«Шахсан ўзимнинг ва Украинанинг позицияси шундан иборатки, агар Россия Федерацияси раҳбари иштирок этса, Украина қатнашмайди», деди Зеленский. 

Россия, Украинадан фарқли ўлароқ, G20 аъзоси ҳисобланади. Аввалроқ, Украина раҳбари Индонезия президенти Жоко Видодо билан саммитга тайёргарлик масалаларини муҳокама қилган эди. Владимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, у индонезиялик ҳамкасбидан йиғилишга таклифнома олган. 

Шунингдек, Жоко Видодо Путинни ҳам саммитга таклиф қилди. Бироқ 31 октябр куни Россия президенти йиғилишда иштирок этиш борасида ҳали бир қарорга келмаганини маълум қилди. 27 октябр куни у G20 йиғилишида Россия иштирок этишини, бироқ ўзи бормаслиги мумкинлигини айтди. 

2 ноябр куни Индонезия раҳбари уч давлат вакиллари  G20 саммитида иштирок этишини тасдиқламаганини маълум қилди. Жоко Видодо улар қайси давлат эканини айтмади. 

G20 — иқтисодий ривожланган ва ривожланаётган йирик мамлакатларни, жумладан АҚШ, Австралия, Буюк Британия, Германия, Канада, Хитой, Россияни бирлаштирган ташкилотдир. Украина G20 ташкилотига аъзо эмас. 30 октябр куни Зеленский Москванинг дон битимидаги иштирокини тўхтатгани учун Россия Федерациясини ташкилотдан чиқаришни таклиф қилган эди. 

Мавзуга оид