07:43 / 04.11.2022
10481

Россия ва Украина 107 га 107 формуласи бўйича асирлар алмашди

3 ноябрь куни Россия ва Украина ўртасида навбатдаги ҳарбий асирлар алмашинуви бўлиб ўтди. 

Фото: Reuters

Алмашиш натижасида 107 нафар ҳарбий хизматчи Россияга қайтарилди, улар даволаниш учун Москвага юборилади, дея хабар берди Россия Мудофаа вазирлиги. 

Украина президенти девонининг раҳбари Андрей Ермак 107 га 107 формуласига мувофиқ асирлар алмашиш амалга оширилгани фактини тасдиқлади. 

Унинг сўзларига кўра, Украинага олти нафар офицер ва 101 нафар оддий аскар ва сержант, жумладан, Мариуполдаги «Азовстал» заводининг 74 нафар ҳимоячиси қайтган. 

Асирликдан озод этилган украиналикларнинг учрашувидан олинган суратлар ва видеоларни Олий раданинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дмитрий Лубинец ҳам чоп этган.

Бундан олдин, 17 октябр куни Украина ва Россия ўртасида янги кенг кўламли асирлар алмашинуви бўлиб ўтди, натижада 108 нафар аёл Украинага қайтганди.

Озод этилган аёллар орасида Россиянинг феврал ойи охиридаги босқинидан олдинроқ «халқ республикалари» деб аталувчи ҳудудларда асирликка тушган аёллар ҳам бор.

Озод этилганларнинг энг каттаси 62 ёшда, энг кичиги - 21 ёш. 37 нафар аёл «Азовстал»дан эвакуация қилинганлар, 11 офицер, 85 - нафар оддий аскар ва сержантлар. Унга кўра, ватанга қайтган қизлардан 35 нафари Украина қуролли кучларида, 32 нафари Ҳарбий-денгиз флотида, 12 нафари ҳудудий мудофаа кучларида, саккиз нафари Украина Миллий гвардиясида, беш нафари давлат махсус транспорт хизматида, тўрт нафари давлат чегара хизматида ишлаган ва 12 нафари эса тинч аҳоли вакилларидир.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top