Жаҳон | 18:32 / 05.11.2022
15326
2 дақиқада ўқилади

Тўқаев ўз ваколатларини қисқартириш тўғрисидаги қонунни имзолади

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев шанба куни давлат раҳбари ваколатларини қисқартирувчи қонунларни имзолади.

Фото: akorda.kz

Тўқаев 2022 йил июн ойида Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича республика референдуми натижасида қабул қилинган бир қатор муҳим қонунларни оммавий имзолаш маросимида иштирок этди.

Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг фикрича, референдум натижалари ҳокимият тармоқлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш, фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирок этишига кенг йўл очиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини беради.

Қонунларда, хусусан, президентнинг маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва Судялар олий кенгашига нисбатан айрим ваколатларини қисқартириш, парламент сенатида «президентлик квотаси» деб аталадиган миқдорни қисқартириш, шунингдек, президент ваколатлари даврида муайян чекловларни жорий этиш кўзда тутилган.

Ҳужжатда президентнинг сиёсий партияларга аъзо бўлишини, унинг яқин қариндошлари сиёсий лавозимларда ва квазидавлат секторида раҳбарлик лавозимларида ишлашини тақиқловчи қоидалар бор.

Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, конституциявий ислоҳот мамлакат давлат тузилмаси асосларини мустаҳкамлайди, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга йўл очади, ўзаро ҳамжиҳатлик ва миллий мулоқотни мустаҳкамлайди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид