Ўзбекистон | 08:25 / 08.11.2022
1743
2 дақиқада ўқилади

ФАО глобал ташаббуси доирасидаги илк лойиҳалар Ўзбекистонда амалга оширилади

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) қароргоҳида “Бир мамлакат – бир устувор маҳсулот” глобал ташаббуси доирасида бўлиб ўтган тадбирда 78 та давлат орасидан илк лойиҳалар Ўзбекистон, Бангладеш, Малави, Миср, Тринидад ва Тобагода амалга оширилиши эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Фото: Dunyo

Ушбу ташаббуснинг асосий мақсади қишлоқ хўжалигида деҳқон ва фермерлар даромадини ошириш, уларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришдан иборат.

“Бир мамлакат – бир устувор маҳсулот” ташаббусида иштирок этиш учун 78 та давлатдан аризалар келиб тушган бўлиб, улар 50 га яқин турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни илгари сурган. Хусусан, 24 хил мева, 15 хил дала маҳсулотлари, 5 хил ўрмон ёнғоқлари ва 6 хил чорвачилик маҳсулотлари танланган.

Европа ва Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон (гилос), Албания (каштан меваси), Арманистон (кўкатлар), Қирғизистон (ёнғоқ), Тожикистон (ўрик), Туркия (анжир), Молдова (узум), Сербия (малина) ва Грузия (узум) томонидан ҳудуднинг иқлим шароитига хос истиқболли маҳсулотлари бўйича аризалар тақдим этилган.

Ушбу глобал ташаббус доирасида мамлакатда гилос етиштириш, қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирини қўллаб-қувватлаш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини янада ошириш, “яшил” инновацияларни жорий этиш ва янги бозорларни ўзлаштириш асосий мақсад сифатида белгилангани таъкидланди.

Ўзбекистон дунёдаги гилос етиштирувчи етакчи давлатлар бешлигида экани ва ҳар йили ўртача 100 минг тоннага яқин ушбу турдаги мева турли давлатларга экспорт қилиниши тадбир иштирокчиларида қизиқиш уйғотди.

Мазкур лойиҳа 2023 йил январь ойидан бошлаб ФАО ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тегишли маҳаллий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилиши режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид